Кимё кенгликларига талпинган юрак (Академик Тўлқин Миркомилов ёди)

Турфа соҳаларга қизиқиши билан Тўлқин Миркомилов ҳаётсевар кишилар сирасига кирарди. Олимнинг инсон камолоти адабиёт ва санъатга ошноликда деб билгани ва бунга қатъий амал қилгани эришган ютуқларига қанот бўлган, десак хато қилмаймиз.

Йигирманчи асрнинг забардаст ижодкорларидан бири Расул Ҳамзатов ўзининг машҳур «Доғистоним» асарида эл оғзига тушган ёзувчи, шоир, рассом, олим, давлат раҳбари ё саркарданинг нуфузи, рутбасини, шоирона эҳтирос билан, у қайси миллат, қайси мамлакатга мансуб бўлса, мажозий маънода, ўша миллат, ўша мамлакатнинг паспортига қиёслаган эди.

Жаҳон миқёсида тан олинган аллома аждодларимиз анъанасини муносиб давом эттириш муддаоси билан ўз умрини илму зиёга бағишлаган, фан, маданият ва маънавиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган ҳамда айни шу фазилати билан халқимиз ардоғига сазовор бўлган олим, Ўзбекистон Фанлар академия­сининг ҳақиқий аъзоси, техника фанлари доктори, профессор Тўлқин Миркомилов ҳақида фикр юритганда, беихтиёр Расул Ҳамзатовнинг юқоридаги қиёси ёдга тушади.

Олимнинг тақдири, фаолияти, сермазмун ҳаёт йўли ёшларимиз учун ўзига хос ибрат мактабидир. Ўз соҳасининг юксак билимдони бўлган аллома бадиий адабиёт ва санъатни ҳам теран ҳис этар, бу борада соҳанинг номдор вакиллари билан тенгма-тенг мулоқотга киришиб кетаверар эди. Таниқли адиб, қатор халқаро мукофотлар соҳиби Чингиз Айтматов билан олимнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов иштирокидаги дилкаш суҳбати пировардида Чингиз оға суҳбатдоши, гарчи кимёгар бўлса-да, нафис адабиёт ошуфтаси, чуқур тафаккур, теран фикр-мулоҳазали инсон эканлигига тан бериб, унга тасанно айтган экан. Бинобарин, Тўлқин Миркомилов икки йирик туркий адабиёт намояндаларини инжа маърифати, қомусий дунёқараши билан мафтун этиб, уларнинг самимий эътирофига сазовор бўлган. Элимиз, юртимиз, миллатимиз шуҳратини дунёга танита олган, бир умр билимга, илғор илмий тафаккурнинг олдинги марраларида бўлишга интилган.

Ёзувчи Луқмон Бўрихон Тўлқин Миркомилов ҳаёти ҳақида қарийб 160 саҳифадан зиёдроқ “Шамолдек шош­қин умр” деб номланган ажойиб ҳужжатли қисса ёзди.

Унда улуғ олим ҳаёти, унинг болалиги, ўсмирлик йиллари, талабалик чоғлари ва айтиш мумкинки, бутун умр пиллапоялари қаламга олинади. Жуда ўқишли, таъсирчан асар. Бемалол ушбу қисса асосида бадиий фильм яратса ҳам бўлади. Мана ундан бир парча:

Минг тўққиз юз олтмиш иккинчи йилнинг қайноқ ёзида Тошкент политехника институтининг кимё технологияси факультетини аъло баҳолар билан битирган икки дўст, Тўлқин Миркомилов ва Ғаффор Раҳмонбердиев Ўзбекистон фанлар академиясига қарашли Полимерлар инс­титутига йўлланма олишди. Бу ерда лаборант сифатида иш бошлашди.

Муҳаббат исмли сулувгина қиз ҳам шу ерда ишлар экан. Уни кўриб Тўлқиннинг кўзлари чақнаб кетди. Орадан кўп ўтмай икки дўст Ленинг­рад шаҳрига мақсадли аспирантурага ўқишга юборилди. Қарангки, Муҳаббатхон ҳам худди шундай муддао билан Москвада экан. Юлдузи Юлдузига тўғри келдими ё тақдири илоҳий измими, хуллас, Тўлқин ва Муҳаббатхон Нева кўприклари устида бир умр бирга бўлишга ахду паймон қилишди. Азим рус дарёси сокин, тинч, бир маромда оқиб ётарди. Кўприкдан ўтиб-қайтгувчилар сийрак. Бир-бирига термулганича мутаассирликда қолган икки ёшнинг ёнига соч-соқоллари ўсиқ, ширакайф бир қария яқинлашиб ўз-ўзича гап бошлади.

— Бу кўприк қирғоқларни бир-бирига туташтиради, қалбларни эмас! Яхшиси, бошқа ерда сирлашганларинг маъқул. Ирими шунақа…

Чол шундай ғудраганича нари кетди. Ишқнинг оний бахтидан сармаст икки ёш унинг ғалати гапларига кулибгина қўя қолишди. Олдда ҳали нелар кутиб турганини билишмас эди улар. Қиз билан учрашувдан қайтган Тўлқин аҳду паймон ҳақида, ғалати чолнинг ғалати сўзлари ҳақида Ғаффорга гапириб бераркан, завқ-шавқдан кўзлари порлаб турарди. Орадан кўп ўтмай, Тошкентга қайтишгач, Тўлқин ва Муҳаббат оила қуришди.

Тўлқин Миркомиловни Москва, Ленинград, Киев каби катта шаҳарлардаги йирик институтлар кўп бор ишга таклиф этишган. Аммо ёш олим бундай хайрихоҳликларни рад этган. Чунки у бутун борлиғи билан Ўзбекистонга боғланган эди. Ўзи униб-ўсган заминга кўпроқ нафи тегишини истарди. Жонажон юртининг салоҳиятини, имкониятларини ўша талабалик даврларидаёқ кўра билган, унинг шунчаки хом ашё етказиб берувчи аграр ҳудуд бўлиб қолишини истамас эди. Бу ердаги мавжуд шарт-шароитлар, имкониятлар дои­расида саноатни, ишлаб чиқаришни ривожлантириш тарафдори эди. Шунинг учун ҳам илк илмий ишини пахта толаси чиқитларидан целлюлоза олиш масалаларига қаратади.

Тўлқин Миркомилов кимё технологиясини, хусусан, Ўзбекистонимизда пахта толаси ва унинг линт, чигит туки, майда толалар сингари чиқиндиларини саноат асосида ким­ёвий қайта ишлашни ривожлантиришни, юртимизда экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни кўзлаб умр бўйи тинимсиз изланди…

Мана бу сўзлар эса Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг академик Тўлқин Миркомилов ҳаёти ҳақида “Комиллик пиллапоялари” хотира китобига ёзган сўзбошисидан олинди:

Одатда диёримизнинг дунё халқ­лари тамаддунига қўшган ҳиссаси Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби буюк сиймолар номи билан боғланади. Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Огаҳийлар жаҳон сўз санъати меросини ноёб инжулар билан бойитган шоирлар қаторида муносиб ўринга эга. Аммо ҳозирги даврда миллий ғуруримизни тиклашда ўз хизмати, иқтидори, ихтиро ва изланишлари билан ҳисса қўшаётган замондош олимлар ҳам борлиги кам тилга олинади. Гоҳ-гоҳида Ҳабиб Абдуллаев, Обид Содиқов, Собир Юнусов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов ва ХХ асрда яшаган бошқа айрим олимлар номлари эсга олиб ўтилади, холос. Аслида ўзбек хал­қи авваллари қай даражада оламга машҳур фарзандларни етказган бўлса, ҳозир ҳам бу жабҳадаги бурчини муайян даражада амалга ошириб келаётир деб дадил айтиш мумкин. Фақат глобаллашув жараёнида ўзбек олимлари кашфиётлари қадимги замонларда бўлганидек чарақлаб шуҳрат топмаётганини тан олишга мажбурмиз.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, студентлик пайтида терган пахтасининг момиғини ажратиб, чигитида қолган калта-култа, чиқинди тукларни халқ хўжалигида қўллаш ҳақида хаёл сурган йигитчанинг орзуси йиллар ўтиб зўр янгиликка асос бўлибди: пахта целлюлозаси кимёси ва технология­си илмида катта сифат ўзгаришини таъминлабди. Аввал Санькт-Петербург, Киев, Рига олимлари, кўп ўтмай Гавая Пасифик университети, Сан-Диего давлат университети (АҚШ), Гамбург — Гарбург техника университети (Германия), Пьер ва Мария Кюри номидаги Париж университети (Франция), Пекин технология университети (Хитой), Закаржик, Қоҳира ва Искандария технология университети (Миср Араб Республикаси), Афина таълим технология институти (Греция), Хасаева Киянг Хи Сеул университети (Жанубий Корея), Лазанна Киянг техника университети (Швейцария) каби Ер куррасидаги йирик олий илм даргоҳларининг етук мутахассислари Тошкентдаги Олча кўчалик зиёли Миромил аканинг ўғли Тўлқинжоннинг кимё соҳасидаги ихтиро ва изланишларига юқори баҳо бериб турсалар, ўзбек ғурурланмайди, дейсизми?! Унинг устига АҚШ Индустрия, таълим, маданият ва фан халқаро академияси унинг илмий салоҳиятини тан олиб, академикликка сайласа, “нур устига нур”, демаймизми, ахир. Маълум бўляптики, Тўлқин Миркомилов миллатимиз шуҳратини кенг миқёсда дунёга танитган эл фарзанди эди, шундай бўлиб қолади.

Бахтиёрлик осойишта қалбга эга бўлиш билан, қалб осойишталиги эса илм олиш билан вужудга келади. Ҳозир “бахт” деб ўйлаётган бойлик, мансаб, ҳатто оила қувончи — барчаси ўткинчи. Ёшлик кунларини илм олишга сарф этаётган кишининг бахтигина боқийдир. Илм олиш бахтига етган одамнинг ишлари уни икки дунё саодатига етаклайди. Академик Тўлқин Миркомиловнинг ҳаёт йўли фикримизга далил бўла олади.

Олимнинг илмий йўналиши, юқорида таъкидланганидек, кўпроқ маҳаллий ресурслардан оқилона фойдаланишга, экологик томондан замон талабларига мос янги технологияларни ишлаб чиқишга, пахта саноати маҳсулотлари чиқиндиларини сифатли қайта ишлаш, маҳаллий хомашёлардан унумли фойдаланишга қаратилганди. Устоз раҳбарлигида таркибида целлюлозаси бўлган хомашёларнинг тузилиши билан уларнинг физик-кимёвий хоссалари ўртасида ўзаро муштараклик ўрганилди. Сорбитлар, ионитлар ва физиологик фаол полимерлар олиш мақсадида целлюлозани кўп функ­ционал органик кислоталар билан модификациялаш усуллари кенг ўрганилди. Бу борада олинган натижалар, илмий ютуқлар асосида таркибида целлюлозаси бўлган саноат чиқиндиларидан юқори сифатли целлюлоза олиш технологияси яратилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ қилинди. Янги олигомер ва полимерларнинг ҳаётда, амалиётда қўлланиш соҳалари аниқланди. Кимёнинг мазкур йўналишида миллий илмий мактабга асос солинди.

Академик Тўлқин Миромиловичнинг серқирра фаолияти қиёсан ўрганилганда, катта ҳажм­даги илмий ва амалий ишлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Унинг қаламига мансуб 9 та дарс­лик, 6 та монография, 400 дан ортиқ илмий мақола, қатор рисолалар, турли ихтиролари учун олинган қирққа яқин патент ва гувоҳномалар бунга яққол далолатдир. Илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилиб, Тўлқин Миромилович Миркомилов 1995 йили Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академия­сининг академиги этиб сайланди.

Тўлқин Миркомилов 1992 йили Тошкент кимё технологияси институтига ректор этиб тайинланади. Кимё­гар устоз мазкур ўқув даргоҳи ўз номига муносиб бўлиши, ҳар томонлама юксалиши йўлида жонбозлик кўрсатди. Ўша пайт­да глобал муаммо бўлган экология масаласига алоҳида эътибор қаратиб, «Саноат экологияси» кафедраси ташкил этилишига эришди. Шу асосда бир қатор янги йўналишлар очилишига имкон яратди.

Ташаббускор, омилкор, айни пайт­да изланувчан, олий таълим соҳасига доир масала ва муаммоларни ҳал этишнинг янги, инновацион ечимини топа биладиган, юқори ташкилотчилик қобилиятига эга Тўлқин Миркомилов 1994 йили мамлакатимизнинг техника соҳасидаги етакчи олий таълим муассасаси — Тошкент давлат техника университетига ректор этиб тайинланди. Шу билан бирга, 1994-2001 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий ўқув юртлари ректорларининг жамоатчилик асосидаги кенгашига раислик қилди. Қалбида эзгулик барқ уриб турган инсон қаерда бўлмасин, қанақа мансабда ўтирмасин, ҳамиша одамларга яхшилик қилишни, ўзгалар юкини имкон қадар енгиллатишни ўйлайди.

Шу маънода, янги раҳбар олий ўқув юртлари нуфузини кўтариш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-маданий савияси ва моддий фаровонлигини оширишга, уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишга эътиборни кучайтирди, бош­қаларни ҳам шунга даъват этди. Тўлқин Миркомилов ўзи раҳбарлик қилган университет халқаро алоқаларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Жаҳоннинг бир қанча нуфузли илм масканлари, университет ва инс­титутлари билан илмий ҳамкорлик ришталарини пухталади. Жумладан, «Siemens» фирмаси ва Гамбург техника университети ташаббуси билан ташкил этилган халқаро видеоконференция ишида фаол иштирок этиб, фанларни масофадан туриб ўқитиш технологияси бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилишини таъминлади. «Cofutis» Франция — Ўзбекистон илмий марказида космогеология, экология, қишлоқ хўжалиги, геотектоника соҳаларида янги технологияларни синовдан ўтказиш ва тарғиб этиш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатди. 1996-1998 йилларда Россия, Греция, Жанубий Корея, Германия, Франция, Англия, Бельгия, Миср давлатларида хизмат сафарида бўлиб, илмий-техника анжуманлари ва конференцияларида фаол қатнашди. Хориж олий ўқув юртлари билан дўстлик ва ҳамкорлик ришталари, халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида изланди.

Турфа соҳаларга қизиқиши билан Тўлқин Миркомилов ҳаётсевар кишилар сирасига кирарди. Олимнинг инсон камолоти адабиёт ва санъатга ошноликда деб билгани ва бунга қатъий амал қилгани эришган ютуқларига қанот бўлган, десак хато қилмаймиз. Ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон халқ артисти Қудрат Хўжаев раҳбарлигида Политехника институтида ҳаваскорлик драма тўгараги ташкил этилганда, Тўлқин ака бу ташаббусни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганди. Кейинчалик жаҳоннинг манаман деган театрлари учун маҳорат мезони бўлиб келган «Отелло», шунингдек, Иззат Султон ва Уйғун қаламига мансуб «Алишер Навоий» спектакл­лари ана шу ҳаваскорлик тўгарагида саҳналаштирилиб, Ўзбекистон театр тарихига янги саҳифа бўлиб кирди. Тўлқин Миркомилов «Отелло»да Яго образини, «Алишер Навоий»да эса улуғ шоир образини профессионал актёрлардан қолишмайдиган даражада, юксак маҳорат билан ижро этиб, мухлису санъатсеварлар олқишига сазовор бўлди.

Ҳар иккала спектакль ҳам ҳозирги Ўзбек Миллий драма театри саҳнасида намойиш этилди ва кўплаб санъатимиз дарғаларининг назарига тушди. Ўзбекистон халқ артисти, Яго ролининг қойилмақом ижрочиси сифатида тан олинган буюк актёр Наби Раҳимов: «Тўлқин Миркомиловга тасанно. У саҳна санъатининг кимё соҳасида адашиб юрган ўғли экан», дея лутф этган эди ўзига хос мутойиба билан. Дарҳақиқат, Тўлқин ака қалбан, руҳан санъатга яқин инсон, соҳанинг профессионал вакиллари тили билан айтганда, катта иқтидор эгаси эди. Бунга “Бобур” видеофильмида Умаршайх Мирзо, “Алишер Навоий” видеофильмида Самарқанд ҳокими образларининг Тўлқин Миркомилов ижросидаги бетакрор тал­қинлари мисол бўла олади.

Ўзбекистон фан арбоби, техника фанлари доктори, профессор Эркин Қосимов ўз хотираларида шундай ёзади: 

Ўзбекнинг чин ўғлони, меҳрибон оға, садоқатли дўст Тўлқин Миркомилов чинакам ватанпарвар инсон эди.

Ҳақ чизиб қўйган йўналиш бўйлаб бориб, тақдир тақозоси ила кимёгар олим бўлди. Академиклик унвонига эришди. Республикамиздаги энг йирик олий ўқув юртларидан бири, Тошкент техника университети ректори лавозимида кўп йиллар самарали меҳнат қилди. Олий Мажлис депутати бўлди.

Сен билан замондош, номи, таржимаи ҳоли катта ҳарфлар билан ёзилишига, ўзгаларга намуна қилиб кўрсатишга арзийдиган шахслар қаторига, менинг назаримда, Тўлқин Миркомилов киради. Айниқса, унинг бир хислати менга кўп ёқарди.

Биз қаерда бўлмайлик, ўзбек деган фахрли номни кўкка кўтаришимиз, ўрнак бўлишимиз керак”, — деб тез-тез такрорларди у.

Ҳа, мақсад сари қатъият ва собитлик кўрсатган, ғайратли, шижоатли инсонгина танлаган йўлидаги ғов-тўсиқларни енгиб ўтиб, илм фидойиси, фан пешвоси бўлиб етишади. Шу маънода, қадимий ва навқирон, айни чоғда ўта мураккаб кимё фанида янги сўқмоқлар кашф этиш ва юриш осон эмас эди. Тўлқин Миркомилов ана шундай мураккаб соҳани танлаб, «Билим қайда бўлса, буюклик шунда бўлур» деган пур­ҳикмат сўзга амал қилди: булоқдек жўш урган фаолияти, илмий, илмий-педагогик, маданий ва маърифий йўналишдаги узлуксиз изланишлари, бетимсол илмий асарлари ва фундаментал тадқиқотлари билан буюк мутафаккир аждодларимизга муносиб издош бўла олди.

Сирожиддин Рауф,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =