Топганимиз фақат тўйга эмас, илмга ҳам буюрсин

Тўй (ёшларнинг никоҳ тўйи Ҳ.Ж.) умрда бир марта бўлади. Агарда инсоф чегарасидан чиқмаса, зарари йўқ. Қандай тўғри келса, шундай мол сарфламоқ жўмардлик бўлмагани каби, адолатсизлик билан мол тўкмоқдан сақланмоқ ҳам бахиллик эмас… Тўйларда ёлғиз шону шуҳрат учун сарф қилинадиган бойликни қиз билан йигитнинг истиқболларини таъминлаш учун ёки илму миллат фойдасига сарф қилинса, энг гўзал иш бўлур эди…

Маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг “Оила” номли асарида битилган ушбу фикрлар бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

Мантиқан олганда, биз танқид остига олаётган хунук одат, яъни тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликлар бирданига ёки ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Йиллар оша уни ўзимиз “сайқалладик”, меъёридан ошириб алалоқибат ўта хунук ҳолатга олиб келдик. Тўқима ва ясама урф-одатларни йўқ жойдан бор қилиб, энди ўзимиз боши берк кўчага кириб қолдик.

Ҳар гал тўй ҳақида гап кетганида, бир дугонамнинг тутган йўли хаёлимга келаверади. У ўқишни тугатаётган йили ўзи кўнгил қўйган йигитга турмушга чиқди. Тўйни эса ёшлар ота-оналари билан маслаҳатлашган ҳолда ниҳоятда ихчам, камхарж қилиб ўтказишди. Одамлар уларнинг бу қилиғини хазм қилишолмаган бўлса-да, ёшлар парво ҳам қилишмади. Тўйдан тежаб қолинган маблағни эса тил ўрганишга сарфлади ва икки ёш магистратурани чет элда ўқиш бахтига муяссар бўлди.

Бир оилани биламан. Ўртаҳол. Аммо катта ўғил тадбиркорлик соҳасида бироз ўзини ўнглаб, олгач, босар-тусарини билмай қолишди. “Отамнинг қўли калталик қилгани учун ўзимнинг тўйим унча яхши ўтмаган эди. Укамнинг тўйини бир данғиллатиб ўтказай”, деди. Ҳақиқатан, ўзи орзу қилгандек Тошкенту Хоразмдан санъаткорлар чақириб, дастурхонни керагидан ортиқ даражада мўл-кўл қилиб укасини уйлантирди. Эссиз, эссиз ўшандаги исрофгарчиликка, увол бўлган егуликларга ниҳоятда ичим ачиди. Оқибатда ука акага янада муте бўлиб қолди. Ака ҳар гапида тўйни писанда қилади. Энг ёмони, ўша йигитларнинг отаси уч йилдан буён хаста. “Ишбилармон” ўғил ўз ташвишлари-ю орзу-ҳавасларидан бўшаб, отани тузукроқ шифокорларга кўрсатишга вақт тополмайди.

Пул топиб, ақл топмаган, айрим маънавий савияси паст кимсалар инсоф мезонларини унутиб, ўз бойлигини кўрсатиб қўйиш учун кимўзарга тўйлар ўтказаяпти. Тўйдан-тўйгача турли-туман “маросим”лар ўйлаб топишаётганини сўз билан изоҳлаб бўлмайди. Бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларда ҳалол меҳнатга беписанд бўлишга, енгил-елпи ҳаёт кечиришга қизиқиши ортишига, манманликка берилишига сабаб бўлаяпти.

Тўй-томошалар баҳамжиҳатликда бамаслаҳат ўтказилганда бир умрга хотирада муҳрланади. Аллақандай санъаткорлар, ажабтовур либослар, ғарбона бачкана одатлар узоғи билан 2-3 кун шов-шувларга сабаб бўлади, холос. Кун са­йин ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган, юртимизнинг турли чеккаларида ҳам санъаткорлар устидан пулларни хазондек сочиб, оёқ остига гиламдек тўшаётган, санашга бармоқ ҳам етмайдиган қўша-қўша машиналарда тўй саёҳати қилаётган “бойвачча”ларнинг қилиғи ўзидан бошқага маъ­қул эмас. Аксинча, бу каби бачканаликлар одамларнинг ғашига тегаяпти, ҳаттоки нафратига сабаб бўлаяпти.

Жорий йил 14 сентябрда ўтказилган Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида айнан шу масалага алоҳида урғу берилди. Сенат раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, ўрганишлар таҳлили, шунингдек, аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элларга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилди. Низомга кўра, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш кўзда тутилди.

Эндиликда миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайдиган бўлди. Қонун-қоидаларга амал қилмайдиганларга эса тегишли чоралар кўрилади. Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда сўз юритамиз.

Ҳидоят Жўраева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 16 =