“Ўргимчак ини” ёки коррупциядан жамиятимиз қачон қутулади?
Дунёнинг ривожланган давлатлари чўнтагидан “тушиб қолган” коррупцияни ривожланиш сари илдам қадам ташлаётганимизда айрим амалдорлар топиб олишмадимикин…
Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур.
Шавкат Мирзиёев.
Коррупционер, менинг назаримда, пора олувчи эмас, балки пул топишнинг энг нозик йўлларини ўта сезгирлик билан ихтиро қилувчидир. Унинг ихтироси, наинки оддий одамларни, ҳатто профессионал экспертларни ҳам чалғитаяпти. Гарчи, уларнинг ҳаракати соғлом жамиятни издан чиқариш, амалдаги одилона сиёсатга путур етказиш, алалоқибат тизимнинг издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлса-да, айрим ҳолларда жазодан қутулиб қолишаяпти.
Таҳририятимизга ариза билан мурожаат қилган Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Қўштегирмон қишлоғида яшовчи Исоқжон Олимовга туман ҳокимининг 2011 йил 3 июндаги 227-сонли қарори билан эскирган электр асбобларини тузатиш устахонаси очишига ер ажратилиб, фаолиятига рухсат берилади. Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилгач, тадбиркор устачилик фаолиятини юрита бошлайди. 2017 йилга келиб атрофидаги ер майдонлари кимларгадир уй-жой қуриш учун берилганда, улар эски қатнов йўлини ёпишади, бошқа тарафдан янги йўл очишади, натижада тадбиркорнинг устахонасига кириб-чиқиш йўли бекилиб қолади.
Бир қараганда оддий ҳолатдек туйилади, аммо оила бюджетини таъминлаб турган тадбиркорнинг бозори синди, мана, икки йилдирки, ўз ҳақини ажратиб ололмай овора.
— Арз қилмаган жойим қолмади. Бош прокуратурага, Олий судга, вилоят ҳокимига ва бошқа кўп жойга ёрдам сўраб хат жўнатдим, бари туман ҳокимиятига қайтиб келди. Туман мутасаддилари эса менга ёзган жавоб хатида “бажарамиз”, дейишади, амалда бажаришмайди. Балки юқорига “бажарилди”, деб ҳисобот беришаётгандир… Ёшим етмишга қараб бораяпти, шу устахонани юритиб рўзғор тебратиб турувдик, бошқа касбимиз йўқ, сизлардан мадад кутиб келдик, — дея гап бошлади тадбиркор Исоқжон Олимов. — Мендан умидвормикин ё деб ўйлаб қоламан. Эски-туски электр буюмларни тузатаман, ўзингиз биласиз, янгисини сотиб ололмаганлар эскисини тузаттиргани олиб келишади. Уларнинг берган чой-чақа пулига рози бўлиб ишлайман. Нимамга умидвор бўлади, билмасам…
Халқимизда: “Еган оғиз уялар”, деган нақл бор. Туман ҳокимияти мутасаддилари нега бир нуроний одамнинг оғирини енгил қилмаяпти?..
Ахир, водийдан Тошкентга, айниқса, етмишни қоралаган одамга, ҳадеб келиб-кетишнинг ўзи бўлмайди. Вилоят ёки туман раҳбарияти савоб учун ҳам муаммони ҳал этса, асакаси кетармиди?.. Наҳотки, одамларда инсонийлик, меҳр-оқибат, динимизда айтилганидек, бир-бирига кўмак кўрсатиш туйғулари сўниб бораётган бўлса…
Президентимиз томонидан халқ манфаатини кўзлаб, уларга тегишли мулкни талон-тарож қилишнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонунда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашувига доир тушунчаларга таъриф берилди. Шунингдек, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, дейилди.
Ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари қонунда белгиланган тартибда ишни олиб бормагани, аҳолига қўпол муомалада бўлаётгани ҳам коррупциянинг бир кўриниши эмасми?..
Шу ўринда келинг, “коррупция” атамасига тўхталсак, бу сўз лотин тилидаги “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузиш, сотиб олиш” маъносини беради. Унинг грамматик бир илдизли бошқа маъноси “коррозия”, яъни “чириш” ёки “занглаш” деганидир. Демак, унинг ижтимоий кўриниши “ҳокимиятни бузиш, чиритиш учун сотиб олиш”, деган маънони англатади.
Халқаро миқёсда ўтказилган Европа Кенгаши гуруҳларининг 1-сессияси (1995 йил 22-24 февраль, Страсбург)даги йиғинда “Коррупция – пора олиш (ўзига оғдириш), давлат ёки хусусий соҳада фаолият юритадиган шахснинг ўз мансаб вазифасидан фойдаланиб, мажбуриятларини бажармаслик, ўзи ёки ўзга шахс манфаати учун ҳар қандай шаклдаги афзалликка эга бўлиш мақсадида ифодаланган хатти-ҳаракат”, дея баҳо берилганди.
Маълум бўладики, коррупция бутунжаҳон ҳамжамиятининг умумий муаммосига айланиб улгурган. Чунки “бузиш, сотиб олиш, занглатиш” ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Шу кунларда ҳар бир онгли инсонни бир савол ўйлантираяпти: “Тагли-тугли лавозимга раҳбар этиб тайинланган шахс, етарли шароитга эга бўлса, унга нима етишмайди? Ахир, ҳеч ким унинг зиммасига: “Бутун шаҳар аҳолиси сенинг елкангда, раҳбар бўлдингми, энди боқасан”, деб юк юкламаган-ку”… Аслида, юксак маънавиятли, мустаҳкам иродали инсон коррупцияга яқин юрмайди!
“Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор, бу — коррупция ва порахўрлик. Жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишдир”, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев.
Республикамизда коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланган бўлиб, амалиётга татбиқ этилди. Ташкил қилинган комиссия таркибига Бош прокурор бошлиқ, маҳаллалараро комиссияларга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар прокурорлари раҳбарлик қилмоқда.
Аммо нега натижалар ижобий эмас?
Коррупция ўргимчак инига ўхшайди, унинг учлари мустаҳкам устунга боғланган бўлса керакки, кейинги ўтган даврда ҳуқуқ тартибот органларида тез-тез кадр алмашиши ҳолатлари кўзга ташланаяпти. Бундай дейишимизга сабаб, ахир, эгали жойни эгасидан рухсатсиз ўзгага сотишни шунчаки хайрия деб бўлмаслигини мактаб ўқувчиси ҳам билади. Яна бир мисол, давлатимиз томонидан мўътабар ва мунис оналаримиз юксак эъзоз топаётгани ҳеч кимга сир эмас, аммо шу кунларда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ онахонларнинг: “Биз фақат Президентимизга арзимизни айтамиз. Ҳокимлар ваъда қилади, бажармайди. Уйимиз эски бўлса ҳам яшаб турувдик, бузишга бузди, шу кунгача зарар қопланмади. Уй-жойимиз ўрнига қурилган кўп қаватли уйдан беришди-ю, тағин алдашди, уй нархи бозор баҳосида, яна ўз ҳисобимиздан кредитга беришди. Бузилган уйимизнинг пулини эса тўлашмади”, сингари гаплари туширилган видео намойиш этилди. Бугунга келиб, бузиш-қуришлар сабаб одамлар яшаб турган уй-жойини ҳам ўзиники эканига шубҳалана бошлашди. Ҳа, тан олиш керак, биз улкан ҳайратлар ичида яшай бошладик…
Агар фақат Тошкент ва марказлашган шаҳарлардагина интернет бор десак янглишамиз, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам интернет кириб борганини унутмаслик керак. Аҳолининг барча қатлами содир бўлаётган воқеа ёки ҳодисалардан саноқли дақиқаларда хабардор бўлишмоқда. Шундай экан, бор нарсани бор деб айтиш, ҳар қандай муаммони ўз вақтида ҳал этиш ўринлидир.
Қолаверса, одамлар Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги бузиш-қуриш воқеаларини ҳали унутгани йўқ. Эндиликда Президентимизнинг қарори билан одамларни рози қилиш учун жойлардаги давлат миқёсидаги режаларни амалга оширишда йўл-қурилиш ишларига тўсиқ бўладиган маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини, одамлар яшаб келаётган уй-жойларни бузиш, фақат Бош вазирнинг рухсати билан амалга ошириладиган бўлди. Шунингдек, кўрилган зарарни зудлик билан қоплаш назарда тутилди.
Шунга қарамай, баъзи жойларда уй-жойи бузилган одамларнинг кўрган зарари ҳалигача қопланмагани, айрим мутасаддиларнинг амалдаги қонунчиликка риоя этмаётганини кўрсатади. Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш, турмуш фаровонлигига эришиш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини бериши керак.
Мамлакатимиз аҳолиси турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг турмуш барқарорлигини таъминлаш, энг муҳими, азалий давлатчилик асосларининг мустаҳкам устунларини ташқи ва ички хавфдан асраш учун ҳам коррупцияни тугатишда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида якдиллик билан ҳаракат қилиш лозимлигини давр тақозо этмоқда.
Юсуф Жўраев.