ОТА — оила қўрғони

Халқимизда азал-азалдан оилада отанинг мавқеи юқори туради. Оила бошлиғининг кўчадан ҳовлига салобат билан кириб келиши, жиддий ва синовчан нигоҳлари ҳаммада алланечук ҳадик, ҳушёрлик уйғотади. Бирор ишни қилишдан олдин ҳамиша «отам бунга нима деркин», деган андиша бўлади. Кўпинча қилиб қўйган ножўя ҳаракатимиздан эмас, балки кўпроқ отамизнинг берадиган танбеҳидан чўчиймиз. Онамизнинг «Отангга айтиб бераман», каби пўписасининг ўзиданоқ эсимиз кириб қолади…

Аммо сўнгги пайтларда миллий ўзлигимизга путур етказаётган «оммавий маданият»нинг кўринишлари бу мустаҳкам қўрғонга ҳам ўз таъсирини кўрсатаётир. Ҳозир айрим йигит ва қизлар «Шахсий фикрим» дея тилига келган сўзни отадан аввал гапиришлари, ота танбеҳини назарга илмаётгани кишини ўйга толдиради. Авваллари қизларимиз отасига салом бераётганида ҳам қизарарди. Бугун эса она қолиб, ота билан ҳам бемалол сирлашадиган, калта ва тор кийимларда падари олдида хотиржам юрадиган қизларни ҳам учратмоқдамиз. Таажжубланасан, киши…

Балки кимдир кийинишнинг одоб-ахлоққа, ота ва қиз муносабатларига ҳеч қандай дахли йўқ, деб ҳисоблар. Бироқ эрта-индин бир оиланинг бекаси бўладиган қизларнинг ота олдида ўзини ҳаддан зиёд «эркин» тутиши қайси одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келади? Ёки айрим қизларнинг отасига «Папашка», «Пахан» каби сўзлар билан мурожаат қилишлари одамнинг энсасини қотиради. Наҳотки, қизларимиз (айримлари) замонавийлик деб ўз ота-онасига шундай муомала қилса?!

Йўқ, менимча бу ўзлигимизга ёт, миллий қадриятларимизни, маънавиятимизни емирувчи курмакнинг ўзи. Агарда биз бу иллатни ўз вақтида пайқаб, чора кўрмасак, у эртага катта муаммоларга айланиши мумкин. Зеро, катта-катта муаммолар замирида кичик, эътиборсиз бўлиб кўринган жиҳатлар ётиши барчамизга аён. Қўрғон мустаҳкам бўлмас экан, оила аталмиш қалъада гулу рай­ҳонлар эмас, бутун борлиқни эгаллаб нафасни сиқадиган алаф ва зарпечаклар униши ҳеч гап эмас. Шундай экан, турмуш ташвишлари-ю арзимас сабаблар туфайли қўрғонлар емирилиб кетмаслиги керак.

Ислом Асилбеков,

Ўзбекистон Журналистика ва

оммавий коммуникациялар университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + two =