Тарихни сохталаштирган китоб ёки нуқсонларга бой рисола

Буюк қомусий олим, шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур замонидан бери Фарғона вилояти тушунчасига ҳозирги Фарғона водийси ҳудудларининг деярли ҳаммаси кирар эди. Шу маънода Бобур мирзо шоҳ ва шоир сифатида нафақат ҳозирги уч вилоят халқи – Наманган, Андижон ва Фарғона аҳолиси учун, балки бутун мамлакатимиз халқи учун ўз кишиси, миллий фахридир.

Бироқ ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан то 2010 йилгача Андижон ва Наманган шаҳрида босилган китоб­ларда, ҳатто айрим Тошкентдаги наш­риётларда ҳам (чунончи “Болалар энциклопедияси” 2007 й.) Бобур туғилган жой гоҳ Андижон, гоҳ Ахси дея икки хил ёзилиб келинди. Оддий илмий ҳақиқатлар шу даражада инобатга олинмадики, “Наманган” нашриётида босилган 100 бетликдан 500 бетликкача (Алихон Халилбеков “Наманган адабий гулшани” 2007) бўлган 10 га яқин китобларда “Бобур Ахсида туғилган, Ахсида тахтга чиққан” деган нотўғри фикрлар қайд этилди.

Ҳолбуки, бирор адабий ёки тарихий манбада Бобурнинг Ахсида туғилгани ҳақида маълумот йўқ. Аксинча, биргина “Бобурнома”да Бобурнинг Андижонда туғилгани ҳақида олти ўринда асос бор ва шоир “Девон”ининг:

Не ерда бўлсанг, эй гул,

андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингға тараҳҳум

айлагилким андижонийдур, –

байти Бобурнинг андижонлик эканлигини муҳрлаб қўйгандир.

Бу фактни бир қисм олимлар “янги талқин” деб хато ўйлайдилар. Бу байт Бобур “Танланган асарлари”нинг 1976, 1983 йилги нашрларидаёқ келтирилган эди.

У ёки бу шахсни миллатлар ва давлатлар “бизники” деб талашганлари, балки ўша улуғнинг бахтидир. Лекин барибир “ўзлаштириш” илмга хилоф бўлмаслиги керак-да.

Шундай шахслар, улуғларимиз борки, энг кучли заковатли олим ҳам у зотнинг қайси жой ва қайси халққа мансублигини аниқлашда қийналади. Чунончи, Бобурнинг холаваччаси, маш­ҳур “Тарихи Рашидий” асарининг муаллифи, Кашмир подшоҳи Муҳаммад Ҳайдар мирзо шундай муаммо мисоли бўла олади. У Ўратепада туғилган (ҳозирги Тожикистон), беш ёшида Ҳиротда (Афғонистон) илк ўқишни бошлаган, 7-8 ёшларида Бухорода (Ўзбекистон) опаси Ҳабиба Хониш (у Убайдуллахоннинг завжаси) қарамоғида, 9 ёшида Бадахшонда Қалъаи Зафарда, 10-12 ёшларида Кобулда (Афғонистон) Бобур тарбиясида, 13-14 ёшларида Андижонда (Ўзбекистон) Султон Саидхон тарбиясида бўлган. Шундан бошлаб 1533 йилгача у Ёркентда (Уйғуристон) Султон Саидхоннинг вазири ва лашкарбошиси сифатида яшаган. 1534-1540 йилларда Деҳли ва Аграда (Ҳиндистон) Комрон мирзо ва Ҳумоюн мирзо даргоҳларида яшаган. 1540-1551 йиллар Кашмирда подшолик қилган.

Энди мулоҳаза қилайлик: Муҳаммад Ҳайдар мирзо қайси халқ тарихчиси? Тожикистонликми, Ўзбе­кис­тонликми, Афғонистонликми, Уйғуристонликми ёки Ҳиндистонликми?

Олимнинг тарихий фахрий қисматига ҳайрон қолманг. Ҳозир “Муҳаммад Ҳайдар мирзо қозоқ тарихчилигининг “Геродоти”дир (Абсаттор Дербисали). Тороз шаҳрида Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳаёти ва ижодини ўрганиш маркази унинг номидаги университетда амал қилади. Қозоғистонда ҳозиргача Муҳаммад Ҳайдар мирзо ҳақида юзлаб китоб ва мақолалар ёзилган.

Кўряпмизки, “олган-олганники”, “от кимники, минганники” маталлари ҳаётда бот-бот содир бўлмоқда.

Бироқ бир шахсни — Бобур бобомизни бир тилда сўзлашувчи, бир давлатга мансуб икки вилоятнинг талашуви мақбулмикан? Айниқса, бу “талашув” илмий ҳақиқатга хилоф ҳам бўлса?.. Биз юқорида қайд этган эдик: Умаршайх ибн Абусаид мирзо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзоларнинг ўша даврдаги Фар­ғона вилояти давлатига ҳозирги уч вилоят ерлари ва аҳолиси мансуб эди. Демак, Бобур ҳар уч вилоят Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳукмдори бўлган экан. Ҳозирги уч вилоят ҳалқи учун ҳам Бобур ўз собиқ ҳукмдорлари бўлган. Ҳар уч вилоятга Бобур бирдай мансуб экан, тортишмоқ ва у туғилган жой баҳсини қилмоқнинг нима кераги бор?! Ҳозирги Фарғона вилояти аҳолиси ва зиёлилари Наманган вилояти зиёлилари каби Бобур туғилган жой муаммосига дахл этмайдилар-ку…

Наманган вилояти зиёлилари ва олимларига бошқа вилоятда яшовчи инсон (Сирдарё вилояти) сифатида айтгим келади.

— Эй, азиз наманганлик тарихчи ва адабиётчи олимлар! Бобур тахтга чиққанидан бошлаб ҳозиргача ҳозирги уч вилоят халқига мансуб, тегишли фахрий тимсолдир. Шундай экан, нега бирор асос тополмай туриб, “Бобур Ахсида туғилган”, деб даъво қиласиз? “Бобурнома”да Бобурнинг Андижонда туғилиб ўсгани ва андижонлик эканлиги ҳақида неча-неча асослар бор. Келинглар, ҳукмдор Бобур фикрига қарши гапирманг. Ҳеч бўлмаса, “Ахсида туғилган” деган “даъво”ингиз билан Бобурдай ростгўйни ёлғончи қилаётганингизни ўйлаб кўринг!

Бобур “Вақоеъ” (“Бобурнома”)да “Зоду буд Андижон” (“туғилиб ўсган ерим Андижон”) деб турса, шеърида ҳам ўзини “андижоний” (андижонлик) эканини қайд этса-ю, биз уни ҳеч бир тарихий ҳужжатсиз “Ахсида туғилган” деб китобларимизда ёзаверсак, илмга хилоф даъволаримизнинг неча пуллик қиммати бўлади?!

Унутмайлик, Бобур андижонликлар ва сизлар учун бирдай яқин ва азиз сиймо бўлиб ҳисобланади-ку, ўзингизники-ку, ахир!

Андижон ва Наманган олимлари ўртасидаги яна бир муаммо: Фарғона вилоятининг пойтахти масаласидадир: наманганлик айрим олимлар Бобур даврида пойтахт Ахси бўлган деб даъво қиладилар.

Жумладан, Юсуфхон Исмоилов ва Бахтиёр Рўзиновлар “Ахсикент — қадимги Фарғона пойтахти” (“Наманган” 2013) китобида ёзадилар: “Бобур 1483 йил, 14 февралда Ахсикентда туғилган, чунки отаси Ахсикентда яшаган, унинг пойтахти, қалъаси ёки аниқроқ айтилса, ҳарами, оиласи Ахсикентда бўлган (29-бет). Шу ростми?!

Энди Бобурдан сўрайлик: “Жанубий тарафидаги қасабалар: бири Андижондурким, васатти воқеъ бўлубтур, Фарғона вилоятининг пойтахтидур.” (“Бобурнома” 2002, 34-бет).

“Ўзбек Миллий энциклопедияси”да ҳам Ю.Исмоилов ва Б.Рўзиев фикр­ларининг тескариси ёзилган: “Умаршайх мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида эди” (2-жилд, 83-бет). Давлатимиз илмий ҳужжати ҳисобми ёки икки даъвогарларнинг асоссиз фикри тўғрими?

“Бобурномада”: “Кенгаш қилмоққа отам қабр-мақбарасининг жанубий айвонида йиғилдик” (мақбара билан Санг қишлоғининг (Поп ёнида) ораси икки шаръий, яъни беш километр), деб ёзилган (Б. 2008 й. 95-бет).

Демак, Мирзо Бобурнинг отаси Умаршайхнинг қабр-мақбараси янги Ахсида экани аниқ.

Асрлар давомида Сирдарёнинг ўнг қирғоғини сув ювиши ҳисобига қабр-мақбара ва бошқа харобаларни Сирдарё оқизиб кетган. Агар янги Ахси пойтахт бўлганда, у ерда адабий-маданий муҳит бўлиб, Мирзо Бобурнинг отаси Умаршайх мирзодек зиёли подшоҳнинг қабр-мақбараси қаровсизликдан йўқ бўлиб кетармиди? Умаршайх мирзо даврида яшаган подшоҳларнинг қабр-мақбаралари юзлаб йиллар давомида сақланиб-эъзозланиб келинмоқда-ку?

Энди яна бир муаллиф Тоҳиржон Қозоқов жаноблари “Ахси-Фарғона шаҳарларининг онаси” китобида (“Наврўз” нашриёти Тошкент 2018) Ахсикент (Эски Ахси) ва Ахси битта шаҳардир, деган янги муаммоли илмий даъво билан чиқади.

“Биз ўрганган маълумотларга кўра, Ахси, Ахсикат ва Ахсикент бу битта макон” (“Ахси-Фарғона шаҳарларининг онаси”, 11-бет)

Ушбу “янгича ёндашув” аталган даъво буюк қомусий олим Заҳириддин Бобур ва тўрақўрғонлик улуғ адиб Исҳоқхон Ибратнинг оқилона фикрларига зид бўлиб, рус ва ўзбек тарихчи ва археологларининг 150 йиллик текшириш ва илмий тадқиқотларини инкор этиш демакдир.

“Иншо ёзмаган” олимлар яратган китоб

Биз Тоҳиржон Қозоқов китобини ўқиб, унга масъул муҳаррирлик қилган тарих фанлари номзоди, доцент З.У.Ҳайдаров ва тақризчилар беш нафар тарих фанлари номзодлари А.Қаюмов, И.Жамолҳожи, А.Солмонов, Б.Турсунов, О.Маматовларни бу нашрга мутасадди бўлганликларини ўйлаб, хуллас етти олимни очиғи, “Бу кишилар мактабда иншо ёзишмаган эканми?” деб ўйлаб қолдик.

Негаки, иншода бир мавзу ёритилади, унда икки ёки уч мавзуга дахл этилса, ижобий баҳоланмайди.

Тоҳиржон Қозоқов китобининг номи, яъни мавзуси “Ахси — Фарғона шаҳарларининг онаси”.

Демак, у Ахсидан бошқа қайси шаҳарлар Ахсидан сўнг бунёд топган ва унга алоқадорлиги хусусида тарихий ва археологик нуқтаи назардан илмий тадқиқот олиб бориши лозим эди.

Биз бу китобни ўқиб, муаллифи Т.Қозоқов 17 та “асос” келтириб Ахси ва Ахсикент битта шаҳардир деган даъвосини тушунишга уриндиг-у, мундарижасидаги “Бу китоб­да “Хонзодабегим Умаршайх мирзо қизи” сарлав­ҳасига кўзимиз тушиб янада ҳайрон қолдик.

Шунинг учун бу китоб ижодкори ва қўллаб-қувватлаганларни биз “иншо ёзмаган бўлишса керак” деган хулосага келдик. Чунки китобнинг ярми асоссиз битилган тарих, иккинчи ярми бош­қа мавзудаги адабиётшунослик маҳсулидир.

Мавжуд кўприк ва кемачилар муаммоси

Муаллиф бу китобни ёзишда ўз “янги ғояси” — Эски Ахси ва Янги Ахсини (8-10 км масофада жойлашган) бир жой деб исботлашда жуда шошган кўринади. Унинг иккинчи “асоси” Эски Ахсидаги кўприк масаласидир. “Эски Ахси қўрғони этагида жойлашган ҳозирги кўприк XV асрда ҳам мавжуд бўлган” (24-бет) деган гапни ёзган Қозоқовнинг суянган асосини ўша гапининг давомидан ўқийлик. “1913 йилда И.А.Кастанье бу ерда кишиларни дарё­нинг у бетидан бу бетига ўтказиб турувчи махсус кемачилар бўлганлигини ёзган эди”.

Мантиқсизлик, фикрий ожизлик шу даражада ҳам бўладими! Кўприк бор жойда кемачиларга эҳтиёж бўладими?

Бизнингча, кўприк бўлмасагина, кемачи йўловчиларни бу соҳилдан у соҳилга кемада ўтказиб қўйишади…

Т.Қозоқовнинг учинчи “асоси” иккинчи асосидан ҳам ожизроқ. Мана иқтибос:

Бобур мирзо ўз асарида: “Андижон суйи Ўшдан келур, Ахси суйи Косондан келур,-дейди. Агар ер ости сув йўли назарда тутилса, бу Эски Ахси ҳудудидан топилган. Яъни, Косонсойдан ер ости сопол қувурлари орқали Ахсикентга сув олиб келингани барчага маълум. Агар-да, ер усти сувлари хусусида фикр юритиладиган бўлса ҳам, Косонсойдан ариқлар орқали сув тўғри Ахсикентга олиб келинганлигининг шоҳиди бўламиз” (24-бет).

Бобур Сой ҳақида гапиряпти. Тоҳиржон домла бўлса сопол қувуру сунъий ариқ ҳақида сўз юритмоқда. Ахир наманганлик Т.Қозоқов Косондан сув катта сой орқали Тўрақўрғондан Янги Ахсига оқишини нега кўрмайди-ю Эски Ахсига сопол қувуру қўлда очилган ариқ хусусида сўзлайди? Бу ўта олимона бачканалик эмасми?

Китоб муаллифининг бешинчи асоси ҳаммасидан қизиқ. Эмишки, Умаршайх мирзога янги пойтахт қуриш учун маблағи оз экан… Аввало, Т.Қозоқов “Нега Умаршайхга янги пойтахт қуриш керак экан?” деб ўйласа бўларди. Тарихчи Қозоқов яхши биладики: Умаршайх мирзо Фарғонага келганида, яқиндагина Эсан Буғахон Андижонни талон-торож қилиб, қисман аҳолини ўзи билан асир қилиб олиб кетган. Шаҳар бузуқ ҳолда ҳувиллаб ётарди. Шунинг учун Умаршайх мирзо янги Ахсини ўзига вақтинчалик пойтахт қилиб олган эди.

Андижон таъмирлангач, бир йилда у пойтахт Андижонга кетган ва Ахси ёзги қароргоҳгина бўлиб қолган эди. Тоҳиржонга “Бобурнома”даги қалтис матн хатоси жуда қўл келган. “Бобурнома”нинг эски нашр­ларида, жумладан у фойдаланган “Юлдузча” нашрида (1989) шундай матн бор. Умаршайх мирзо “Ҳар чанд­ким вориси ҳозир йўқ эрди, бор вужуди эҳтиёж сахлаб, бир-икки йилдин сўнгра Самарқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб, молларини солим топшурди” (14-бет, “Юлдузча”).

Матн Умаршайх мирзони қорамол савдогарлари молига эҳтиёжманд камбағал ҳукмдор сифатида тақдим этмоқда. Аслида эса элимизнинг таниқли олимларидан бири (охиратлари обод бўлсин) Саидбек Ҳасанов япониялик профессор Эйжи Мано тузган “Бобурнома” илмий матни ва хассос олим Порсо Шамсиевлар тузган “Бобурнома” асосида бу асарнинг энг ишончли нусхасини (2002 йил) яратди. Бу ишончли илмий нашр­да ўша матндаги “эҳтиёж” сўзи ўрнида “эҳтиёт” сўзи ёзилгандир (қаранг: “Бобурнома” 2002, 37-бет, 2 устун).

Муаллифнинг Умаршайх мирзо иқтисодий аҳволининг ночорлиги ҳақидаги фикри имловий хатога асослангани учун тўғри эмас. Ҳиндистонлик Абулфазл Алломий ҳам “Бобурнома”нинг шундай нуқсонли нусхасига суяниб хато қилган.

Т.Қозоқов 6-даъвосида ёзади: “Демак, Бобур мирзонинг замондоши, тарихчи олим, унинг холаваччаси, Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Умаршайх мирзо ҳукмронлик қилган пойтахт шаҳар сифатида Ахсикентни таърифламоқда”.

Энди “Тарихи Рашидий”дан пойтахт шаҳар ҳақидаги Муҳаммад Ҳайдар мирзо сўзларини келтирамиз:

“Қисқаси, ўша даврда пойтахти Андижон бўлган Фарғона вилоятида Султон Абусаид кўрагон ўғли Умаршайх мирзо вафотидан кейин Умаршайх мирзонинг ўғиллари Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳи Ғози билан ноиби Жаҳонгир мирзо ораларида, ёш бўлишларига қарамай амирларнинг келишмовчиликлари туфайли мудом душманлик ва тўқнашувлар бўлиб турган…” (“Шарқ” НМАК 2010, 228-бет)

Бу гаплар асарнинг Т.Қозоқов фойдаланган русча таржимасининг 190-бетида (1996 йилги нашр) ёзилган: “Короче говоря в упомянутый период в Ферганском вилаяте, столицей которого является Андижан, после смерти Мирза Умар Шайх”…

Тарихчи манбага бу даражада қарама-қарши бормаслиги, яъни ёлғонни ёзмаслиги керак эди…

Тўғри, Ҳайдар мирзо Ахсини Фар­ғона шаҳарларининг онаси, деб, Ахсикентни назарда тутганда, унинг қадимийлигига ишора қилган холос. Пойтахтлигига эмас.

Андижоннинг ўта қадимдан пойтахт шаҳар эканлиги ҳақидаги таниқли мутафаккир тўрақўрғонлик Исҳоқхон Ибратнинг “Фарғона тарихи” китобидан қуйидаги гапларни Т.Қозоқов, китобнинг масъул муҳаррири ва тақризчилари ўқимаслиги мумкин эмас.

Андижон тўрт минг йилдан муқаддам, яъни Ўғузхон вақтида шаҳар бўлса ҳам, аввалдан-аввал ободон шаҳар экан… Андижон Фарғона шаҳарлари ичида энг аввалги ва қадимийдур”. Афросиёб Турон подшоҳи бўлиб, Андижонни пойтахт қилган. “Тарихи фаришта” асарида ёзилибдурки, Умаршайх ўғли Бобурхон Андижонга ўн икки ёшида подшоҳ бўлди (“Фарғона тарихи” 325-бет).

…Бобур мирзо баиттифоқи умаро подшоҳ бўлди. Ул вақтда Ахси ҳукмдори (ҳокими) Узун Ҳасан эди (“Мерос” 1991, 324-бет).

Охирги икки гап ҳам Бобурнинг пойтахт Андижонда тахтга чиққани ва Ахси ҳокимлигига Узун Ҳасанни тайинланганини кўрсатмоқда.

Ахсикент-Эски Ахси ҳақида археолог И.Аҳроров “1960 йилда Ахсикент шаҳристонида ўтказилган археологик тадқиқотлар” (“Общественные науки в Узбекистане” журнали 1962, №8) мақоласида ва “Ўзбек Совет энциклопедияси” (1971, I жилд, 588-бет)да “Ахсикет-Фарғона водийсининг қадимги пойтахти, археологик текширишларга қараганда милоддан аввалги 3-2 асрда бунёдга келган… У Андижондан кейин иккинчи ўринда турган шаҳар” деб ёзган.

Исҳоқхон Ибрат Фарғона тарихи китобида ва “Туркистон вилояти газетасининг” 1913 йил 23 июн №48-сонида: “Ҳозирда Ахси икки ерда бўлуб, бирини Эски Ахси, бирини Янги Ахси дерлар”. Эски Ахсининг бузилган тарихи 1030 й милодийда бўлган экан. Андин буён мазкур Ахсини ҳеч подшоҳлардан ёки фуқаролардан обод қилгани йўқ (“Фар­ғона тарихи” 324-бет).

“Ана шундай вақтда Шоҳбекхон “агар ўз синглингиз Хонзодабегимни менга берсангиз, орамизда сулҳ тузилади ва иттифоқчилик алоқалари ўрнатилади”, деб айттириб юборади”. (54-бет)

Шайбонийхоннинг яна учта исми Шайбоқхон, Шоҳбахт ва Шоҳибек бизга маълум эди. Т.Қозоқов унга тўртинчи номни ҳам берибди: Шоҳбекхон. Биз Шоҳбек исмли кишини Зуннун Арғун фарзанди сифатида билардик.

Она тилимизда сингил оиладаги ўзидан кичик қизга нисбатан ишлатилади. Ўзидан катта бўлса, опа ёки эгачи деб айтилади. Буни ёш бола ҳам билади. Маълумки, Хонзодабегим Бобур Мирзодан беш ёш катта, яъни эгачисидир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда “Бобурнома”да ёзади: “Менинг эгачим Хонзодабегим ушбу чиққанда Шайбоқхоннинг илигига тушти”.

Т.Қозоқов Хонзодабегим ҳақидаги мақолани жуда меҳр ва масъулият билан ёзган кўринади. Бироқ бу муаллиф ҳам Иброҳим Ҳаққулнинг “Сулҳ қурбони Хонзодабегим” мақоласига жўровозлик қилгани чакки бўлган. Ҳатто Т.Қозоқов адиба Омина Тожибоеванинг “Шамолларга учган нидолар” (“Ўзбекистон” нмиу 2016й.) Хонзодабегим ҳақидаги тарихий романини, олима Буробия Ражабованинг Иброҳим Ҳаққул қарашларига тескари бўлган “Муштарак адабий ҳодисалар” асарларидан ҳам бехабар кўринади.

Бизнингча, бундай мураккаб тақдир масаласига бирёқлама эмас, аксинча, кўптомонлама ёндашмоқ керак. Ҳеч бўлмаса, яна икки нуқтаи назардан ҳодисага баҳо бериш лозим эди. Биринчидан, Бобур бу пайт­да фарзанд кўрган шоҳ бўлса, опаси Хонзодабегим 23 яшар “ўтириб қолган” қиз эди. У кимга бўлса ҳам тезроқ турмушга чиқиши керак эди. Шайбонийдай хон совчи қўймоқда.

Иккинчидан, Шайбонийхон хон эди. Хон тушунчаси XIII-XVI асрларда шаҳаншоҳ деган олий ҳукмронлик атамаси эди. Темурийлар амир (бек), Шайбоний хон эди. Хонга турмушга чиқиш кўплар учун олий ҳавас эканлигини унутмайлик. Гарчи биз Шайбонийнинг Самарқанд ва Ғузорлардаги қирғинбарот фаолиятидан воқиф ва у шахс маълум даражада бизга антипод, яъни ёқимсиз бўлса-да, унинг хавфи хатаридан, истиқболи буюк бўлажак қомусий олимни, шоирни Мирзо Бобурни эгачиси сақлаб қолган. Шу нуқтаи назардан ҳам Хонзодабегим қисматига алоҳида ёндашиш лозимдир.

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”да Ахси ва Қадимги Ахси алоҳида шаҳарлар сифатида аниқ кўрсатилган: “Ахси милоддан олдинги 3-2-асрларда вужудга келган. 9-10-асрларда йирик шаҳар — Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. “Амир Темур даврида Қадимги Ахсидан 7-8 км. Ғарбда янги Ахси шаҳар-қўрғонга асос солинган” (“Шарқ” 2014, 60-бет).

“Ўзбек миллий энциклопедияси”да (1-жилд) ҳам икки алоҳида-алоҳида шаҳарлар сифатида Ахсикент ва Ахси ҳақида яхши ва аниқ маълумотлар бор.

Таниқли тарихнавис археолог олим Ю.Г.Чуланов “Городище Ахсикет” (“Советская археология” №3 1963) мақоласининг сўнгида қуйидаги хулосаларни беради:

1) Ахсикент I нинг юқори қатлами IX-XII асрларга тааллуқли.

2) XV-XVIII асрдаги Ахси шаҳри билан Ахсикентни бир, деб ҳисоблаш нотўғри.

3) Ахси шаҳри (Ахсикент II)га темурийлар XV асрда асос солган бўлиб, XVII асргача мавжуд бўлган.

Мутахассис олим Г.Чулановни ва маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг фикрлари объектив ҳақиқатдир. Чунки Чуланов Қадимги Ахсикентни — Ахсикент I деб аниқ кўрсатмоқда.

Ахсикент II эса ҳозирги Ахсидир.

Бундай аниқ хулоса ва илмий ҳақиқатларни Т.Қозоқов рад этиб, Бобур ва Исҳоқхон Ибрат сўзларини инобатга олмай, Г.Чуланов шахсини бадном қилишга уриниши инсофдан эмасдир. Т.Қозоқовнинг “Ахси – Фарғона шаҳарларининг онаси” рисоласи “қомусий” бўлиб, унда тарих (археология), тилшунослик (топонимика) ва адабиётшунослик (Хонзодабегим ҳақидаги мақола) жойлашган.

Демак, муаллиф ана шу учта фанни бир-биридан фарқ этолмаган; рисола муқовасидаги масала (ном) ҳал қилинмай қолиб кетган. Китоб­даги ҳар уч фанга доир маълумотлар ҳам қиёмга етмаган ғўр кузатиш ва асоссиз, ғайри илмий талқинлардангини иборат бўлиб қолган.

* * *

 Дарвоқе, шу ўринда яна бир мулоҳаза: кейинги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан кўплаб хайрли ишлар қаторида, наш­риётлар фаолиятини тартибга солиш бўйича ҳам хайрли амаллар рўёбга чиқарилаётганидан хабардормиз. Олдинги йилларда, яъни бундан 5-10 йил аввал хусусий, керак бўлса нохусусий матбаа корхоналарида ҳам тўғри келган матоҳни китоб деб, рисола деб чоп этавериш авжига чиқиб кетган эди. Нашр этилаётган бундай “китоб”лар эса нима учун, ким учун, ўқиса бўладими, уни ўқиган киши барака топадими, бунинг ҳеч кимга гўёки қизиғи йўқ эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг дастлабки қарорларидан бири — китобхонлик, ноширлик фаолиятини тартибга солиш, соҳа самарадорлигини оширишга қаратилди. Аммо…

Ҳа, минг афсуски, соҳада ҳозиргача муаммолар, камчиликлар бисёрга ўхшайди. Вилоятлардаги айрим нашриётлар, хусусан, “Наманган” наш­риётида биз юқорида тилга олган китобларга ўхшаш “асар”­ларнинг нашр этиб берилаётгани ачинарли ҳолдир.

Вилоят, худудий жойларда десак, мамлакатимиз пойтахтида туриб фаолият юритаётган “Наврўз” нашриёти сингари корхоналарда ҳам хал­қимизни, энг ёмони ўсиб келаётган ёш авлодни чалғитадиган, ҳақиқатга, тарихий далилларга тўғри келмайдиган рисолаларнинг чоп этилаётганига нима дейиш мумкин?

Ахир, китобни нурга, офтобга менгзайдилар. Юқоридаги ноширлик корхоналари “пулини тўлаган” бўлса ҳам агарда муаллифларнинг олиб келган китоби чучмал, мужмал, қисқа қилиб айтганда хом-хатала бўлса, мавзусига қараб тегишли, дейлик, ўтмишимизга оид бўлса, тарих институтлари ёки ЎзФАнинг бўлимларидан ижобий тавсиф олингачгина, чоп этсалар, бу бизнинг­ча ҳеч қандай “цензура”га кирмайди. Аксинча, мақбул иш қилинган, ушбу мақоламизда тилга олинаётган эътирозларга ҳам ўрин қолмаган бўлмасмиди?!

Ваҳоб Раҳмонов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

2 thoughts on “Тарихни сохталаштирган китоб ёки нуқсонларга бой рисола

  1. Ваҳоб Раҳмон яна бир марта билим даражаси анча паст эканини исботлабди. Шу ўринда «Тарихи Рашидий» китобини рус (форсий эмас) тилидан таржима қилганини билар эдик. Аммо уни ҳам ўзи қилмаганини яхшилаб исботламоқда. Ахир «Тарихи Рашидий» асарида Шайбонийхонни «Шоҳибек Хон деб неча марта тилга олинган. Масалан, 2016 йилги нашрда 322-саҳифа.
    Яхшими ёмонми ўз диёрини улуғлаган олимлага қора чаплаш шартмиди? Ахси-Фарғона шаҳарлари онаси деб фахрланган олимнинг бунга ҳаққи бор. шаҳарнинг қачон пайдо бўлиши эмас, балки унинг тутган мавқеи аҳамият касб этган. Масалан, Марвни Хуросон шаҳарлари отаси деб аташади. Ваҳоланки Марвдан ёши улуғ шаҳарлар Хуросонда кўп.

    1. Ҳурматли Ботир Йўлдошев ! Илмий баҳс жараёнида ўзингиздан бошқаларни паст савияли деб баҳолашингиз этикага тўғри келмайди. 1. В.Раҳмонов «Тарихи Рашидий»ни форс тилидан ўзбек тилига ўгирган. Ишонмасангиз, Виллер Текстон нашри билан қиёслаб кўринг. 2. Мақолада Шоҳибек исми ҳақида сўз борган, Шоҳбек билан адаштирманг. 3. Зиёлиларнинг майдалашиши яхши эмас, биз тарихий сиймоларни вилоятларга ажратиб «сортировка» қилаётганимизда ўтмишдан йироқлашиб бораверамиз. Аксинча, умумтуркий меросни кенгроқ таҳлил қилиш керак эмасми ?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + nine =