Суғурта компанияси қачон бой бўлади? Қачонки одамларни норизо қилибми?..

Фуқаролар билан ўтказилган суҳбатлар жараёнида аксарият ҳайдовчилар томонидан суғурта компанияларига ишончсизлик, суғурта полисларини йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари (ЙПХ ходимлари)га ҳужжатни тақдим этиш учунгина мажбурий олаётганларини таъкидлашган.

Бугун мамлакатимизда қайсики соҳада ислоҳот ўтказилаётган бўлса, барчасида халқимизга енгиллик ва қулайлик яратиш мақсади кўзланяпти. Аммо…

Яхши биласиз, автотранспорт воситасини бош­қариш учун камида учта асосий ҳужжат: автотранспорт воситасининг техник паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва суғурта полиси талаб этилади. Маълумки, мамлакатимизда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш икки шаклда — чекланган ва чекланмаган суғурта полиси тарзида амалга оширилади.

Чекланган тарзда фойдаланиш суғурта полиси фақат унда аниқ кўрсатиб ўтилган шахсларга ишонч­нома орқали ёки автотранспорт эгасининг иштирокида автомобиль воситасини бошқариш ҳуқуқини беради. Чекланмаган тарзда фойдаланиш суғурта полиси эса, ишончномага эга ёки автотранспорт эгасининг иштирокида исталган шахсга бошқариш ҳуқуқини беради.

Ўтказилган таҳлиллар ва аҳоли билан бўлган суҳбатлар мазкур амалиёт моҳиятан нотўғри йўлга қўйилганини кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларига нисбатан бир қадар адолатсиз амалиёт деса, тўғри бўлади.

Дейлик, автотранспорт воситасини чеккароқ ҳудудда бошқариш пайтида ҳайдовчининг соғлиғи ёмонлашиб қолди ва уни зудлик билан яқин орадаги тиббиёт муассасасига олиб бориш зарурати туғилди. Амалдаги тартиб бўйича ҳайдовчининг ёнида ўтирган фуқаронинг ўзи билан ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса ҳам ушбу автотранспорт воситасини бошқаришга ҳуқуқи йўқ ҳисобланади. Ваҳоланки, бу ҳолатда мулк эгаси розилик бериб турибди, унинг профессионал қобилиятга эга эканини тасдиқловчи ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бор, бунинг устига, кечиктириб бўлмас ҳолат. Аммо…

Рақамларга мурожаат қилсак. Биринчидан, статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда бугунги кунда суғурта полисларининг аксарият қисми, деярли 90 фоизи жисмоний шахсларга тўғри келади.

Иккинчидан, чекланган ва чекланмаган тарзда фойдаланиш бўйича суғурта товонлари (тўловлари) миқдори ўртасида кескин фарқ мавжуд. Хусусан, транспорт воситасидан чекланмаган тарзда фойдаланиш бўйича суғурта товонининг миқдори чекланганидан 3-4 баравар ортиқдир.

Учинчидан, суғурта товони миқдоридаги бундай кескин тафовут, ўз навбатида, фуқаролар томонидан нархи пастроқ, аммо чекланган тарзда фойдаланиш бўйича суғурта полисларини олишга мажбур қилмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар томонидан 98,3 фоиз (!), юридик шахслар томонидан эса 72,8 фоиз ҳолатда чекланган тарздаги суғурта шартномалари тузилгани буни яққол кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, бугунги кунда суғурта компания­лари томонидан мижозларга суғурта полислари бўйича тўловларни амалга ошириб бериш фаолияти ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Жумладан, йўл транспорт ҳодисаси бўйича тўланиши лозим бўлган маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилмаслиги боис, фуқароларни ортиқча сансалорликка дучор қилиш натижасида аҳоли томонидан суғурта компанияларига бўлган ишонч йўқолаяпти.

Фуқаролар билан ўтказилган суҳбатлар жараёнида аксарият ҳайдовчилар томонидан суғурта компанияларига ишончсизлик, суғурта полисларини йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари (ЙПХ ходимлари)га ҳужжатни тақдим этиш учунгина мажбурий олаётганларини таъкидлашган.

Бинобарин, мазкур муаммоларнинг ечими ягона бўлиб, суғурта полисларини фақат бир турда, яъни фақат чекланмаган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини берувчи суғурта полисларини жорий қилиш ва суғурта товони миқдорини мўътадиллаштиришни талаб этади.

Юқоридаги статистик маълумотга таянган ҳолда хулоса қилиш мумкинки, суғурта бадалининг қулай миқдорга пасайтирилиши суғурта компанияларига асло зиён етказмайди, айни пайтда уларга қўшимча маблағлар келиб тушишини таъминлаш баробарида, фуқаролар ҳуқуқини кенгайтиради. Энг асосийси, мамлакатимизда бир турдаги чекланмаган тарзда фойдаланиш ҳуқуқини берувчи суғурта полисларига эга ҳайдовчилар сони ошиб, уларга адолатли ва кафолатланган суғурта тизимининг жорий этилишига имкон яратади.

Соҳадаги мутасаддилар такомил излаб, ўзаро манфаатли тизим яратиб, аҳолига қулай механизмларни киритиш тадоригини кўриши мақсадга мувофиқдир.

Умиджон Сулаймонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =