Тили “қайтган” эмиш… ёки “ҳуштакни ким чалади?”

Яқинда татаристонлик бир гуруҳ санъаткорлар ижодий сафар билан Навоий вилоятида бўлишди. Меҳмонлар ўхшаш урф-одатларимиз, қадриятларимиз ҳақида гапирар экан, ўзбек тилига ҳурматлари чексиз эканини билдиришди. Ҳатто уларга бўлган рус тилидаги мурожаатларга жавобан, “Тилларимиз ўхшаш, қолаверса, ўзбек тили бошқача жаранглайди. Сиз билан ўз тилларимизда гаплашишни истаймиз”, дейишди. Бундай муносабат ўзини ўзбекман, деб биладиган миллатдошларимизнинг юрагини тўлқинлантириб юборди.

Ҳақиқатда ўзбек тилининг имкониятлари кенглиги, оҳангининг беназирлиги бундан неча-неча юз йиллар олдин ҳам турли манбаларда қайд этилган. Юсуф хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит-турк” асарида, Аҳмад Югнакий ва Аҳмад Яссавийлар қадимги ёзма адабиёт намуналари билан тил тараққиётида ўчмас из қолдирган. Буюк мутафаккир Алишер Навоий эса “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”)да туркий тилнинг нақадар гўзаллиги, мусиқийлигини таъкидлаб ўтган.

Қатағон йиллари қурбонлари Маҳмудхўжа Беҳбудий,  Чўлпон, Фитрат, Қодирий каби алломаларимиз ҳам ёзган асарлари орқали она тилимизнинг мавқеини ошириш учун курашган.

Бироқ сўнгги вақтларда айрим миллатдошларимизнинг тилимизга лоқайдлик билан муносабатда бўлиши ва бунга “замонавийлик” белгиси сифатида қаралаётгани ажабланарли ҳолдир.

Айниқса, ўзбек оиласида туғилиб, тарбия топган айрим ёшларнинг оддий сўзлашувда русчани қўллаши, эплолмаган жумлаларни ўзбекча қилиб тўлдириши ғашингизни келтиради.

Яқинда танишларимдан бирини учратиб, унинг тили, гапириш оҳангининг ғалати бўлиб қолганидан таажжубландим. “Мен уйга бормади”, “Сен қачон келади”, каби “гаплари”ни эшитиб, очиғи, кулгим келди. Яна гап орасида “всё”, “какой разница”, “хорошо” жумлаларини такрорлайверишидан, унинг бу иши тил ўрганишга бўлган ҳаракат эмас, шунчаки олифталик эканини намоён қилиб турарди. Ундан нега бунақа “ўзгариб” қолганини сўрадим. Айтишича, ишхонасидагиларнинг ҳаммаси рус бўлгани учун, ҳар куни шу тилда мулоқот қилишга мажбур бўлиб, тили “қайтиб” қолганмиш.

Тил — инсоннинг ўзлиги, маънавий хазинаси. Агар кимдир бошқа давлатда тақдир тақозосига кўра туғилиб ўсган, ўша ёқда вояга етган, суяги чет элларда қотиб шундай аҳволга тушса, эҳтимол тушуниш мумкиндир. Аммо туғилиб ўсган ерида ўзлигини йўқотаётган, маънавий бойлигидан айрилаётган кишининг бу каби важларини оқласа бўладими? Бизнингча, асло! Шунга ўхшаш яна бир воқеа ёдимга тушди. Ҳамкасбларимдан бири республика нашрларини варақлаб туриб, “Мана бу “кукилка” ахборот бўлибди”, деб қолди. Ахборотга берилган таърифни қаранг!

Оммавий ахборот воситалари вакиллари айнан она тилимизнинг юзини, ютуғини кўрсатиб берадиган, қусурларининг бартараф этилиши ҳамда чин маънода миллатнинг маънавий мулкига айланиши учун жон куйдирадиган соҳа ходимлари эмасми? Тўғри, баъзида ёзилган материалларда жиддий бўлмаган хатолар ўтиб туради. Аммо атайлаб тилни бузиб гапириш ва буни “мода”га айлантириш журналист­нинг энг катта камчилигидир. Яширишга ҳожат йўқ. Тилимизга беҳурматликни айрим хусусий теле-радио каналлар керак бўлса, ҳар куни, ҳар соатда “намойиш” этишдан асло уялаётганлари йўқ.

Нима ҳам дердик? Айнан қайси ТВ ва улардаги қайси кўрсатув, эшиттиришлар ҳақида гапираяпсиз, дейсизми?

Уларни номма-ном санашимизга ҳожат бормикан?

Нега шундай, нега назорат йўқ?

Тилимиз бу — бизнинг бойлигимиз, маданиятимиз белгиси-ку!

Ҳамма бало шундаки, турли бақир-чақир шева ва ажнабий сўзларни қалаштириб ташлашни оддий ҳол, керак бўлса “маданият”, “замонавийлик” деб биладиган қатор кўрсатув “ижодкорлари”га бирор киши: “Э, бу қанақаси, бас энди”, демаяпти.

Рассом хандаси. Ш.Музаффар чизган карикатура.

Шундай бўлгач, яна кимдан ўпкалаймиз?

“Ўзимиз” она тилига шундай бепарво муносабатда бўлсак, бошқа соҳа эгаларига, айниқса, ёшларга бу борада нимани тар­ғ­иб қиламиз?

Нашрлардан бирида филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиевнинг қу­йидаги гапларини ўқиб қолдим: “Тиллараро нотенглик тилларнинг моддий фойда бериш даражаси билан белгиланади. Қайсидир тил муҳимроқ, обрўлироқ, қулайроқ бўл­са, унга муайян бир жамият ёки дунё миқёсида кўпроқ эътибор қаратилади. Табиийки, одамлар ўзи ва фарзанд­лари учун ижтимоий устуворлик берадиган тилни танлашади. Масалан, бизнинг шароитда рус тилига, инглиз тилига берилаётган эътибор — бунинг бир кўриниши. Одатда, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган бу “катта” тиллар — мансаб пиллапояларидан юксалишнинг муваффақиятли гарови. Ёш авлод ўз келажагини ўзбек тилида эмас, инглиз, рус, корейс, япон ва хитой тилларида кўради. Шунинг учун уларни севади, уларга интилади…

Аслида, бу ҳолат ҳаммамизнинг оғриқли нуқтамизга айланиши керак. Яъни, баъзида болалар боғчасига ёки мактабга фарзандини бермоқчи бўлган ота-оналарнинг айнан рус гуруҳлари учун навбат кутаётгани, шу йўл билан уларни “замонавий” қилишга уринаётганларининг гувоҳи бўламиз. Ачинарлиси, уларнинг аксари бу тилларни умуман билмай туриб ёш болани мажбурлашга уринишади. Бу ҳам етмагандек, катталар орасида “Сизнинг болангиз ҳали ҳам ўзбек муассасасидами, меники русчада ўқияпти” каби қарашларнинг юзага келаётгани ҳақиқатан хавотирли ҳолдир. Боласининг тил ўрганиши учун шароит яратиш яхши, лекин бу она тилини менсимаслик эвазига бўлмаслиги керак.

Бугун айрим расмий идораларда ҳам давлат тили ўзбек тили бўлишига қарамай, ҳужжатлар русчада тайёрланяпти. Биргина мисол, энг йирик корхоналаримиздан бири — “Qizil­qum­sement” акция­дорлик жамияти ҳақида мақола тайёрлаш учун маълумот сўраганимизда, улар буни русчада тақдим этиб, бу каби ҳужжатлар фақат шу тилдагина тайёрланишини билдиришди. Тўғри, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда иш республиканинг давлат тилида, зарур ҳолларда бош­қа тилларда юритилиши белгиланган. Шу маънода бу ҳеч қандай қонун бузилишига кирмаса-да, давлат тилининг устунлигига эришишни ҳар биримиз юксак вазифамизга айлантиришимиз лозим эмасми?

Фарзандларимизнинг ўзбекча — русчани қориштириб гапиришидан ғурурланишдан кўра, аввало она тилида чиройли сўзлашини тарғиб қилайлик! Зеро, тажрибали сўз усталарининг таъбири билан айтганда, ҳозирча тил қоидаларини бузганга “ҳеч ким ҳуштак чалмайди”. Шунинг учун ҳам ўзимизда тил қоидаларига амал қилиш маданиятини юксалтирайлик, келажак авлодга ўргатайлик. Токи, биздан кейин улар “қоидабузар”га айланмасин.

Зебо Қутлиева

Навоий вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 4 =