Абдулла Қодирийнинг қайтиши

Нега, биз шундаймиз, нега бир-биримизни сотиб кун кўришни афзал биламиз? Наҳотки, ҳали-ҳануз бу жирканч иллат қонимизга сингиб кетган бўлса? Қачон қутуламиз бу шармандали иллатдан?! Қачон?! деган оғир саволлар томошабиннинг тилида айланаверади.

Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” қиссасини гоҳ изтироб, гоҳ дард, гоҳ завқ билиб ўқиб чиққач, фикр-мулоҳазаларимни жамлаб, муаллифни янги асари билан чин дилдан табриклайман, деб яхши ниятлар қилиб турган бир паллада ушбу асар асосида тайёрланган янги спектаклга таклиф этилдим.

Томоша Ўзбекистон Давлат драма театрида бўлиб ўтди. Тўғриси, яқин йилларда театрга бунчалар кўп томошабин йиғилганини кўрмаган эдим. Хайрият, зал тўлиб кетди…

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” қиссаси асосида “Жинлар базми” номи билан саҳналаштирилган ушбу спектаклни Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли режиссёр Олимжон Салимов ўзи инценировка қилиб, ўзи саҳнага қўйган. Сўзимизнинг аввалида айтиб қўяйлик, Олимжон Салимов ўз услуби, ўз саҳна талқинига содиқ қолиб, томошабинлар қалбида, хотирасида узоқ вақт сақланиб қоладиган ажойиб ва яхши спекталь яратибди.

Китоб воқеалари саҳна кўринишлари билан уйғунлашиб бирбирини тўлдириб боради. Китоб илк саҳифалари билан ўқувчини ўзига жалб этганидек, спектакль ҳам дастлабки саҳна кўринишлари билан томошабинни ўзига оҳанрабодек тортади, унинг қалбига “қармоқ” ташлайди. Вужуди билан саҳна воқеаларига боғланиб қолади.

Асосий мавзу — буюк адиб Абдулла Қодирийнинг 1926 йил март-июнь ойларида ҳаётида ва ижодида кечган аянчли ва даҳшатли воқеалар қамраб олинган. Саҳна воқеалари кўпроқ тарихий-ҳужжатларга асосланган. Тўқима образлар камроқ. “Муштум” журналининг 27-сонида Абдулла Қодирийнинг “Овсар” тахаллуси билан “Йиғинди гаплар” танқидий мақоласи эълон қилинади. Қилинади-ю, бомба портлагандай шўро ҳукуматининг пайтавсига қурт тушади. Мақола чоп этишга тайёрланаётган пайтдаёқ баҳс-мунозарага сабаб бўлади. Таҳририят ходимлари – Ошқин (артист И.Очилов), Шоюсуф (артист К.Раҳмонов), Восеъ (артист С.Лутфуллаев), Мирзарасул (артист С.Сатторов), муаллиф Абдулла Қодирий (артистлар Б.Усмонов, И.Бердиев) иштирокида қизғин муҳокама қилинади. Ушбу саҳнада ҳамфикр, ҳамкор, ҳамжиҳат ишлаётган ижодий жамоадаги дўстларнинг ниятлари бошқа-бош­қа эканлиги аён бўла бошлади. Абдулла Қодирийнинг халқ назарига тушиб бораётгани, ҳар куни одамлар таҳририятга уни сўраб, кўргани келишаётгани дўстларининг ғашига тега бошлайди. Хуллас, “Йиғинди гаплар” туфайли ораларидан гап қочади. Энди таҳририятда ҳам “йиғинди гаплар” қўзғалиб қолади.

Оқибат Абдулла Қодирий мақола чоп этилиши билан қамоққа олинади. Қамоқ ва сўроқ саҳналарида спектаклнинг жонли воқеалари акс этган. Абдулла Қодирийнинг оиласидаги оғир аҳвол, ададсиз сўроқлар жараёни, камерадаги азоблари, руҳий қийноқлари томошабинни эътиборсиз қолдирмайди. Саҳналаштирувчи режиссёрнинг маҳорати шундаки, томошабин ҳам Абдулла Қодирийга қўшилиб изтироб чекади, унинг дарди, фарёдларига қалбан шерик бўлади. Айрим саҳналарда кўзларига ёш келади.

Шўро даврининг зуғум машинасини юргизган ОГПУ ходимлари Бельский (артистлар Б.Мирмақсудов, С.Хуррамов), Агидулин (артистлар Р.Аҳмедов, Ш.Сўфиев) Миршаббоши (артист Р.Башкулов), Миршаб (артист К.Бекмуродов) ижролари ҳам томошабин хотирасида узоқ сақланиб қолади. Энг муҳими, улар қатағон даври руҳини, қўрқув ҳолатини, салтанат азобларини томошабинга етказа олган.

Қиссанинг ҳам, спектаклнинг ҳам ёрқин образларидан бири Бўғма (артист Н.Мирзааҳмедов) ўқувчининг ҳам, томошабиннинг ҳам эсида қолади. Бир қарашда у ёмон, иблис одам бўлиб кўринса-да, вужудида тўғрилик, ҳақиқат ва ҳалолликка яқин нимадир яшириниб ётганини кўрамиз. У қанча чапани, дангалчи бўлмасин, тўғрисўз, бор гапни шартта юзинг­га айтадиган чўрткесар: “Манга ўхшаш одамхўрдан кўра, санга ўхшаш каллали ёзувчидан кўпроқ қўрқади, маразлар… Ёз, ёзадиганингни! Ё остидан, ё устидан-де, ўладиган дунёда!” дейди у хайрлашиш жараёнида Абдулла Қодирийга.

Спектаклнинг энг ёрқин ва эсда қоладиган дардли саҳналаридан бири энг яқин дўстлари, сафдошлари, қаламдош биродарлари Абдулла Қодирийни ёмон отлиқ қилиб ОГПУ терговчиларига сотадилар. Улар ўзларини яқин дўст деб, юзига мақтайдилар, орқасидан сотадилар. Сотқинлик одамларимиз қонида авлоддан­-авлодга ўтиб келаётган энг ёмон иллат. Абдулла Қодирий ҳам юзлаб қатағон қилинган зиёлилар каби сот­қинлик қурбонига айланади.

“Жинлар базми” (“Ёлғиз”) спекталининг томошабинни ҳайрат ва ҳаяжонга, чуқур изтиробга соладиган ушбу саҳналарни режиссёр ва актёрлар ансамблининг ютуғи дейиш мумкин. Буюк адибнинг аянчли тақдирини саҳнада кўриб, юраклар йиғлайди. Қодирий фақат қаттол замоннинг, сиёсатнинг эмас, дўстларнинг ҳам хиёнати, чақуви, сотқинлиги туфайли қурбон бўлади. Дўстнинг хиёнати оғир жиноят.

Нега, биз шундаймиз, нега бир-биримизни сотиб кун кўришни афзал биламиз? Наҳотки, ҳали-ҳануз бу жирканч иллат қонимизга сингиб кетган бўлса? Қачон қутуламиз бу шармандали иллатдан?! Қачон?! деган оғир саволлар томошабиннинг тилида айланаверади. Уни қийноққа солаверади. Ва беихтиёр севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг ушбу мисралари ёдга келади:

Суриштирганмидинг Қодирийни ё,

Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Шунингдек, спектаклда Абдулла Қодирийнинг онаси Жосият ая (Ўзбекистон халқ артистлари Д.Исмоилова, А. Бегматова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист М.Тўхтаева), ўғли Ҳабибулло (И.Усмонов, М.Ҳикматжонов), қизи Назифа (Ҳ.Одирбоева, С.Ҳикматжонова), турмуш ўртоғи Раҳбарнисо (артистлар Н.Тошматова, М.Хуррамова), Юсуфбек ҳожи (Ўзбекистон халқ артисти Э.Носиров, артист Ғ.Жуманов), Калвак махсум (артистлар П.Норматов, Ш.Сўфиев), Ҳасанали (артист Д.Раҳимжонов), врач, соқчилар, судья, қизиқчилар гуруҳи ҳам ўзларига берилган ролларни маҳорат билан ижро этганлар. Саҳна безакларини рассом Сергей Чуфарнов ишлаган. Спектаклнинг жинлар базми саҳнасида шўро аскарлари, хизматкорлари чалиб чиққан оркестр мусиқа асбобларини Абдулла Қодирийни сотган дўстлари бўйинларига осиб олиб, чалиб чиқадилар. Томошабин уларнинг аҳволига ачинади. Улар эса бу шармандали ҳолни ўзлари учун шон-шараф деб биладилар. Қатағон машинасининг бекаму кўст ишлашига муносиб ҳисса қўшадилар. Ҳукуматни ялаб, бир-бирларига чоҳ қазиб, сотиб кун кўришни афзал биладилар. Улар иродасиз қўрқоқлар эди.

Улуғ адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигига бағишланган ушбу спектакль ўзбек  театрининг навбатдаги ютуқларидан бири десак арзийди. “Жинлар базми” монолог, деб аталса­­-да, аслида, тўлақонли спектакль бўлибди. Бу янги асар чиндан ҳам ўзбек театрининг сўнгги йиллардаги жиддий муваффақиятларидан бири сифатида баҳоланишга арзийди.

Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг саҳна орқали қайтиши фақат томошабинларнинг эмас, балки зиёлилар, ёзувчилар, театр арбоблари, қўйингки, халқимиз учун чинакам байрамдир. Ана шу маънавий-маърифий байрам ҳаммамизга муборак бўлсин! Энди Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди китоб шаклида, кино асарлар, сериаллар, картиналар кўринишида қайтади ва намоён бўлаверади. Унинг ижодий мероси бебаҳо ва улкан хазина.

Улуғ адибнинг бугун театр орқали қайтиши яна бир бор қуллуқ бўлсин!

Ашурали Жўраев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 6 =