Набирамни нега Хориж тилли мактабга бермадим?

Бир замон ўтди-да…

Негадир набираларимни бош­қа тилли мактабга бергим келмади. Балки уларга ўзим “Ўзбек халқ эртаклари” китобини ҳар кеч ётар олди ўқиб берганимми ёки халқимизнинг қадимдан яшаб келаётган урф-одатлари, қадриятлари руҳида тарбия қилганим бўлдими, хуллас, ота-онасининг оёқ тираб олганига қарамай, ўзимизнинг она тилида ўқитиладиган мактабга олиб бордим.

“Оббо, намунча она тилидаги, деб урғу беряпсиз”, деб айтадиганлар ҳам топилади. Улар боласини келажакда чет элда ўқишини, ишлашини хоҳлайдиганлар. Чунки бизда олий маълумотли дипломга эга кадрларнинг ҳаммаси ҳам ишли эмас, кўпи тижоратчи, бизнесмен, бозорчи бўлиб кетишаяпти. Буни мен ҳам тушунаман, аммо набирам, биринчи навбатда, ўз она тилини пухта ўргансин, сўнг, майли, истаган хорижий тилини ўрганса, қўллаб-қувватлайман.

Ахир, бирор юмуш билан хорижга борганда ўзбек маданиятини, маънавиятини кўрсата билмаса, набираларим миллатимиз, ватанимиз ғурурланадиган инсон бўла олишадими? Мени кўпроқ мана шу масала ўйлантиради.

Бунинг устига, уларга ўлкамиз табиати, хушманзара масканлари, гулу гиёҳлари, ўту дарахт­лари ҳақида ўзим тўлқинланиб ҳикоя қилганман. Уларнинг сўз бойлиги ёшига нисбатан анча баланд. Аллақачон мантиқий фикрлашга, ҳар бир нарсага муносабат билдиришга ўрганишган. Сўзларнинг рангини, кучини ҳис қилишади. Мени яна бир жиҳат ўйлантиради, советлар, яъни илмий атеизм авж олган даврда ана шундай кўр-кўрона эргашиш натижасида баъзи илм­ли, зиёли олимлар ўзгага тобе бўлиб қолганди. Бунинг таъсири ҳалигача сезилади. Айниқса, она тилимизга муносабат аксар зиёлиларда ҳамин­қадарлиги шундандир…

Демак, биз, аввало, ўзлигимизни, миллатимиз шаънини биринчи ўринга қўйишимиз улуғ аждодларимиз олдидаги ҳам қарзимиз, миллатимиз оналари олдидаги ҳам фарзимиздир.

Тилим-тилим бўлган тилим

Ҳали эсимда, ўтган асрнинг 70-йиллари эди, мен 7-, ё 8-синфда ўқирдим. Куз кунларининг бирида отам ишдан жуда хафа бўлиб қайт­дилар. (У киши колхозда агроном бўлиб ишласалар-да, чинакам адабиёт ихлосманди эди. Уйимизда каттагина кутубхонамиз бўлиб, отам биздан у ердаги китобларни ўқишни талаб қилардилар). Колхозга қайсидир илмий текшириш институтидан бир гуруҳ тадқиқотчилар ҳашарга келишганди. Улар орасида бир таниқли адибнинг ўғли ҳам бор экан. Отам унга отаси томонидан ёзилган, ўша йиллари жуда машҳур бўлган драмасини роса мақтабди. “Биласизми, мен шу драмани қайта-қайта ўқийман. Драма қаҳрамонларининг сўзлари ёд бўлиб кетган”, дебдилар ҳаяжон билан.

Шунда бўлажак олим йигит пинак бузмай:

— Ҳа, бу ҳақда менга кўп айтишган. Лекин мен рус мактабида ўқиганман, олий маълумотни ҳам русий забон талабалар орасида ўқиб олганман, тўғрисини айтсам, дадамнинг ижодини унчалик тушунмайман, — деган экан рус тилида…

Отам ўзича тушунтирибди: “Билиб қўйинг, агар сиз она тилингизни қадрламасангиз, отангиз меҳнатини ҳурмат қилмасангиз олим бўлишингиз мумкин, лекин одам бўлолмайсиз. Бу ҳаётда қадрингиз ҳам бўлмайди”.  Хафалиги тарқамаган отам мен ва укаларимга дона-дона қилиб: “Нега олим йигит мен русчада ўқидим, рус шоирларининг шеърларини яхши биламан, деб мақтанади-ю шу маҳоратини амалда исботламайди. Нега халқининг севимли ижодкори бўлган хатто отасининг шеърларини рус тилига ўгиришга, уни русчада қандай жаранглашини билишга ҳаракат қилмайди?! Чунки у ўз миллатини севмайди. Миллатга муҳаббат эса аввало она тилидан бошланади”, дедилар.

Атиест бўлишимга бир баҳя қолганди…

Тақдир тақозоси билан партия сафига ўтасан дейишди. Негадир зиёлиларнинг коммунистлар сафига ўтиши деҳқонлар, пахтакор, чорвадорларга нисбатан бирмунча қийин кечарди. Бош муҳарриримизнинг тавсияси билан мен ана шу “бахтга” сазовор бўлишимга бир баҳя қолганди. Қабул ҳайъатининг кўпчилиги ўзбеклар экан, лекин қабул рус тилида ўтди. Мен русчани унчалик билмасдим, ахир бутун ҳаётим ўзбек маҳалласида ўтган бўлса, сўзлашув ўзбекча бўлса, ўрганганинг ҳам эсдан чиқаркан, русча жумлаларни бузиб гапиришга эса уялдим, одоб билан айтганда, ҳар тугул рус миллатини, рус тилини ҳам ҳурмат қилиш керак. Мен саволларга ўзбек тилида жавоб бермоқчи эканимни айтдим. Аммо ҳайъат аъзолари рози бўлишмади. “Сиз зиёлисиз. Жамиятнинг авангард қатламига аъзо бўляпсиз. Нега энди ўзбекча жавоб бермоқчисиз? Агар рус тилини яхши билмасангиз, сизга муҳлат берамиз, ўрганиб келасиз”, дейишди.

Кейин англаб етдимки, Ўзбе­кистонда ўзбекча гапиришни қолоқлик деб биладиган “аван­гардлар” сафида бўлишим — гўё саратонда қалин қорни орзу қилишдек гап экан…

Гап келганда эслагим келди, қишлоғимиз Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган бўлиб, шоличиликка жуда қулай эди. Колхозимиз раиси Туроб ота қўшни “Политотдел” колхозининг (хўжаликнинг номини қаранг! М.Ҳ.) раиси билан келишиб, бир неч­та корейс деҳқонлари оиласини қишлоғимизга кўчириб келди. Уларнинг иккитаси дала шийпонига, қолганлари хонадонларга жойлаштирилди. Тўртта фарзанди бор корейс оиласи бизнинг уйга кўчиб келди. Оила бошлиғи Игор амаки ҳам, унинг хотини Лё хола ҳам жуда болажон, самимий одамлар экан. Ўзбек онам русчани, Лё хола ўзбекчани билмайди. Лекин амаллашиб имо-ишоралар билан гаплашишади. Онам унга нон ёпиш, манти пиширишни ҳам ўргатди. Буни қарангки, Лё хола (ойим уни Лолахон дердилар) бир йилга қолмай ўзбек тилини ўрганиб олди. Чунки унда ўзбек тилини ўрганишга иштиёқ баланд эди. Бу унга одамлар билан муо­мала қилиши, шу қишлоққа эл бўлиши учун жуда зарур эди.

Шу ўринда бир умр шу ерда яшаб, ишлаб, Ўзбекистоннинг сувини ичиб, бор ноз-неъматлари-ю марҳаматларидан баҳраманд бўлиб яшаган, яшаётган айрим ўзга миллат вакиллари ўзбекча сўзлашишни гўё ор деб билишадими? “Билмайман”, дейишдан эса асло уялишмайди.

Бунга ўзимиз ҳам қисман айб­дормиз. Бир гуруҳ одамнинг ичида бошқа миллат кишисини кўрсак ё мажлисларда улардан бири бўлса, билсак-билмасак, ўлиб-тирилиб унинг тилида гапиришга ҳаракат қиламиз. Биз бундай мутеликдан қачон қутуламиз?!

Ҳа, бизлар шунчалар бағрикенг одамлармиз-да.

Аммо… буни улар шундай тушунишармиди, бағрикенглик деб билишармиди. Йўқса, 50 йил шу заминда яшаб бор-йўғи “Ассалому алайкум”ни ўрганишмасмиди?!

Эл нетиб топгай мениким…

Ҳайрият, йигирманчи асрнинг сўнгги йилларида “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” байтининг мағзини чуқур анг­лаб етган миллатимиз зиёлилари уй­ғонди. Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши учун астойдил киришилди. Юрт бирлашиб пуф деса шамол туради, деганидай, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди.

Ҳа, мақом берилди, аммо… Ўзбекистон фуқароларининг ҳаммаси бирдай ўзбек тилини ўрганиб олди, десак яна хато қилган бўламиз. Бунинг учун биз кутгандан кўра кўп вақт керак  бўляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёев масаланинг туб моҳия­тини ҳисобга олган ҳолда 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдилар. Фармонга биноан давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дас­тури лойиҳасини ишлаб чиқишга кўрсатма бердилар.

Баъзи расмий идоралар хизмат хатларини энди фақат ўзбек тилида юборадиган бўлишади.

Тарихдан маълумки, нафақат тил билган эл билади, балки дунё шоҳсупасини забт этишда ҳам хорижий тилларни билиш муҳим аҳамиятга эга. Алишер Навоий ҳазратлари, Садриддин Айний, Чингиз Айтматов сингари адиблар икки тилда ижод қилиб, юксак натижаларга эришганини биламиз. Яна шуни ҳам айтиш керакки, уларнинг бунданда юксак ютуғи, аввало, ўз она тилини яхши билганида, миллий урф-одатлар, қадриятларни чексиз ҳурмат қилганида билинди.

* * *

Мени ҳайратлантиргани, кеча телевизорда инглиз тилига ихтисослашган боғча тарбияланувчиларини кўрсатишди. Энди тили чиқа бошлаган, ҳали она тили нима, чет тили нималигини англаб етмаган болакайлар инглизча сўз ва ибораларни, шеърларни инглизона хатти-ҳаракатлар билан айтишаяпти. Аммо мухбирнинг саволларига инглизчалаб бийрон-бийрон жавоб берган болалар ўзбекча иккитагина сўзни ҳам, баъзи бир эстрада юлдузларимизга ўхшаб, қийналиб талаффуз қилишди. Мухбирнинг: “Нега болангизни хорижий боғчага бердингиз?”, деган саволига ёшгина ота гўё фахр билан: “Болам келажакда бахтли яшашини, хорижда ўқиб-ишлашини истайман”, дейди.

Энди айтингчи, ҳам ўзга тилда гапириб, ҳам фикрлайдиган, бегона миллат табриясини олаётган болани тўлақонли ўзбек фарзанди, дея оласизми? Ахир, болалигидан унинг онгида ин­г­лиз таълим ва тарбияси берилади. Уйда ҳам тилни яхши ўрганади деб имкон қадар ҳамма билса-билмаса ажнабий тилда гапиришга ҳаракат қилади. Мактабда ҳам уни тушунадиган, у билан “чуғурлашадиганлар” ўзга “тилчилар”.

Балки сиз эшитгандирсиз, чет элга кетиб, у ердан “жаннат топган” бирор одам бормикин?! Ёки хорижнинг меҳри қалбига ўрнашиб, Ўзбекистонга қайтиб келмаётган ёшлар бугун камми?! Афсуски, улар миллатнинг қадрига ета олмаганлар, чунки гўдакликда қалбига миллат қадри сингдирилмаган. Аслида ҳам миллат қадри қалбга она тили орқали сингади-да…

* * *

Ростини айтсам, мен ҳам набираларимнинг хорижий тилларни ўрганиши тарафдориман. Бу бугунги давр, тараққиёт талаби. Бироқ, у аввал ўз она тилисини яхши ўзлаштирсин, сўнг миллат қадриятларини ўргансин, кейин ўзи хоҳлаган хорижий тилни билиб олса, бу миллатнинг ютуғи бўлади.

Ҳозирги кунда тил ўрганиш ўта қийин иш эмас, ҳар қадамда ўқув курслари, тил марказлари, эълонлар ҳам антиқа: “Уч ойда чет тилини она тилингиздан ҳам аъло ўргатамиз, бўлмаса пулингизни қайтариб берамиз!” Демак, ёшларнинг тил ўрганиши учун барча қулайликлар яратилган.

Бугун сиз ўз она тилингизда ўқиётган Достоевскийни ўзбекчада сўйлатган Иброҳим Ғафуров, Антон Чеховни кўзойнагини олиб ўзбекка айлантирган Абдулла Қаҳҳор, Толстойдек рус адабиёти кўзгусини ўзбек ойинасида ўзиданда тиниқроқ акс эттирган Холида Аҳроровалар ҳам ҳеч қандай хорижий мактабни тугатмаганди. Улар бу тилни, кейинчалик қизиқиш, адабиётга ҳурмат туфайли чуқур ўрганишганди.

Ҳа, хоҳиш бўлса ҳар қандай ёшда тил ўрганиш мумкин.

Муҳаббат Ҳамидова,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 3 =