Мен не дейман-у, қўбизим не дейди?
Тил – худди ҳаётнинг ўзидек ўзгарувчан, у замон ва маконга мослаша боради. Шевалар ҳам, қолаверса, унинг расмий, адабий, сўзлашув каби турлари ҳам бунинг яққол исботидир.
Қадимда туркий тил сифатида барча туркийзабон элу элатларга бирдек тушунарли бўлган алоқа воситаси кейинчалик миллий тиллар шаклида бир-биридан кескин фарқлана борди. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бир ғазалидаги «Баҳор айёмидур, дағи йигитликнинг овонидур…» сатрини ҳозирги ўзбек адабий тили доирасида мағзини чақиш, у қадар мушкул бўлмаса-да, лекин тушуниб олиш осон эмас. Ҳолбуки, айрим қардош туркийзабон миллатларда «дағи» («яна», «бунинг устига» каби маъноларда), «овон» («ҳавас», «майил» маъноларида) каби сўзлар қўлланилади.
Замон ва макон билан боғлиқ бундай ўзгаришлар адабий тилимизнинг яқин ўтмишида ҳам яққол кўринади. Айтайлик, Абдулла Қодирий билан Ойбек асарлари ёки Чўлпон билан Абдулла Орипов асарлари тилларида катта фарқ кузатилади. Бу замон ва макон билан боғлиқ ҳаётий жараёнлардир.
Тил ўзгарувчан экан, демак, уни қолипга солиб турадиган меъёр, бу имло қоидаларидир.
Ҳозир амалда бўлган адабий тилимиз, адашмасам, 1995 йил 24 августда қабул қилинган «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари»га асосланади. Ушбу имло қоидаларида ҳарфлар имлосидан тортиб, унлилар, ундошлар, асос ва қўшимчалар имлосию қўшиб ёзиш, ажратиб ёзиш, чизиқча билан ёзиш, бош ҳарф имлоси, шунингдек, кўчириб ёзиш қоидаларигача кўрсатилган.
«Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари» Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги 339-сонли қарорига илова сифатида газеталарда ҳам эълон қилинган («Маърифат» газетаси, 1995 йил 6 сентябрь сони).
Аммо бу қоидалардан кимлардир бехабарга ўхшайди. Бундай бехабарлар орасида, ҳатто, айрим адабиётшунос, тилшунос олимлар ҳам борлиги кишини таажжубга солади. Янада ажабланарлиси, бу тоифа олимлар ўша қоидалардан кўз юмган (балки, рад этган) ҳолда ўзларича «янги қоидалар» яратишга уринадилар ва ўзгаларни айнан улар даъво қилаётган имлода ёзиш ва ўқишга ундайдилар. Жумладан, филология фанлари номзоди Султонмурод Олим худди шундай йўл тутади. Унинг «Тошкент ҳақиқати» газетасининг 2019 йил 17 июндаги 55-сонида эълон қилинган «Туманларимиз номлари қандай ёзилиши керак?» (даъвони қаранг!) сарлавҳали мақоласи бунга яққол мисолдир.
«…мустақиллик йилларида жой номларига муносабат халқимиз ва давлатимиз учун ўта муҳим миллий масалага айланди. Деярли барча жой номлари қайта кўриб чиқилди, кўплари тарихийликка асосланган ҳолда ва миллий тайнатимиздан келиб чиқиб, қайта номланди. Бироқ бу борада ҳали тўла ҳал этилмаган муаммоларимиз талайгина», дея куйинчаклик билдирган олим бирданига «…Аммо бошқа муаммоларга дуч келдик: Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ туманлари номлари ўзбек тилидаги матнларда турлича ёзилаяпти», дея муаммо кўтаради ва дабдурустдан «Бироқ агар қўшма сўз жой номига айланган бўлса, уни қўшиб ёзишдан бошқа йўл йўқ…» дея қатъий ҳукм (ҳа, хулоса эмас, ҳукм) чиқаради. Бунинг исботи тариқасида эса Сирдарё, Қашқадарё, Каттақўрғон, Яккасарой, Қўрғонтепа каби жой номларини келтиради.
“Ана энди табиий равишда савол келиб чиқади, — дея ёзади муаллиф ўз иддаосини ривожлантириб. — Нима учун бир вилоятда «Бекобод», «Оққўрғон», «Паркент», «Пискент», «Янгийўл», «Ғазалкент» сўзларини қўшиб ёзамиз-у, «Чирчиқ» сўзи иштирокидаги уч туман номини ажратиб ёзишимиз керак? Икки хилликка мажбур қиладиган қандай жиддий асос бор? Ҳеч қандай асос йўқ эканми, демак, масала ҳал: буларни ҳам «Юқоричирчиқ», «Ўртачирчиқ», «Қуйичирчиқ» шаклида қўшиб ёзиш зарур, вассалом».
Мана, олим («учённый», демоқчимиз) чиқарган қатъий фикр!
Эслайсизми, шундай гап бўларди: «Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ!»
Олимимиз ҳам қатъий ҳукм чиқараяптиларки, гўё ҳеч кимнинг шикоят ёки эътироз билдиришга ҳаққи йўқдек. У ҳолда «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари» нима бўлади? Ушбу қоидаларнинг 47-бандини ўқиймиз:
«Иккинчи қисми турдош от билан ёки «obod» сўзи билан ифодаланган жой номлари қўшиб ёзилади: Yangiyo‘l, To‘rtko‘l, Mirzacho‘l, Sirdaryo, Kosonsoy, Yangiobod, Xalqobod каби. Лекин иккинчи қисми атоқли от бўлган жой номлари ажратиб ёзилади: O‘rta Osiyo, Ko‘hna Urganch, O‘rta Chirchiq каби».
Демак, иккинчи қисми атоқли от бўлган жой номлари ажратиб ва икки қисми (атоқли от бўлгани учун бош ҳарф билан) ажратиб ёзилади.
Бу қоида-ку, баъзиларни истисно қилганда, кундек равшан. Бунинг устига имло қоидалари ижодкорлари келиб-келиб айнан «Ўрта Чирчиқ» сўзини мисол қилиб оладиларми-а?! Бу Султонмурод Олимга қаттиқ тегмайдими, ахир? У кишининг «…қўшиб ёзиш зарур, вассалом», дея чиқарган «ҳукм»лари нима бўлади?!
Йўқ, у киши ён бермайдилар:
“Аммо масалада яна бир нозик жиҳат бор. Агар бирор жойга киши номи қўйилган ва у икки сўздан ташкил топган бўлса, буларни ажратиб ёзишдан бошқа йўл қолмайди, — дея мулоҳаза юритар экан муаллиф, — «юқори», «ўрта» ва «қуйи» сўзлари ҳам, «Чирчиқ» сўзи ҳам киши номи эмас (?!). Шунинг учун тил қоидалари бу уч жой номини қўшиб ёзишни ҳар томонлама тақозо этади”, деб ёзадилар қатъий ва энди ўзлари ўйлаб топган тил қоидаси асосида: “Энг оқилона йўл – шу. Келинг, шу оқилона йўлни танлайлик”, дея давом этадилар ва қизиғи: мақолани эълон қилган «Тошкент ҳақиқати» газетаси бу даъватга жавобан, айтилган гапни қонун деб, шу соннинг ўзидаёқ «Юқоричирчиқ тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси…», «Қуйичирчиқ туманида ҳам…» дея ёзади.
Ваҳоланки, мамлакатимиз ҳукуматининг бош газетаси «Халқ сўзи»да ҳаммаси рисоладагидек ёзилмоқда. Масалан, «Қуйи Чирчиқ — пойтахт вилоятининг чекка туманларидан бири. Ўз номига монанд равишда у Чирчиқ дарёсининг қуйи қисмида, Сирдарё соҳилида жойлашган», деб ёзилади «Халқ сўзи» газетасининг 2019 йил 30 май сони 1-саҳифасида берилган «Янгиланишлар одамларнинг турмуши, фикри, дунёқарашини ўзгартирмоқда» сарлавҳали мақолада.
Агар олимимиз даъвосича, фақатгина киши номлари бош ҳарфлар билан ёзиладиган бўлса, бошқа атоқли отлар нима бўлади: киши номи билан аталмаганлиги учун «тошкент», «самарқанд», «нукус», «москва», «лондон», «марказийосиё», «лотинамерикаси» шу тахлит кичик ҳарфда; «Навоий», «Санкт-Петербург», «Вашингтон» эса бундай тартибда бош ҳарфлар билан ёзиладими?!
“Бизда қўшма сўзларни тўғри ёзиш учун нақд илмий даражага эга тилшунос бўлиш керак, — деб ёзади яна бир тилшунос, адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош «Тафаккур» журналининг 2018 йилдаги 1-сонидаги «Ўзлик қўрғони» («O‘zlik qo‘rg‘oni») мақоласида. — Шундаям қайси тил имло қоидасига (?!) таяниш зарурлигини билса! Нега бундай? Нега «Янгийўл», «Янгиер», «Қорасув», «Қорақамиш» сўзлари қўшиб ёзилган ҳолда, «Қизил Юлдуз», «Оқ тоғ», «Қора тоғ», «Улуғ тоғ», «Ўрта Чирчиқ», «Қуйи Чирчиқ», «оқ қанд», «темир йўл», «тош йўл» сўзлари алоҳида ёзилиши керак? Ҳар қандай қўшма сўз битта сўз ҳисобланиб, бир урғу билан айтилар экан, унинг қайси сўз туркумидан ясалганига қарамай, бир сўз сифатида, яъни қўшиб ёзилса, осмон узилиб ерга тушадими? Нега энди одам ёзаётган ҳар бир сўзи қайси туркумга мансублиги хусусида бош қотириши керак?”
Ажабо, муаллиф «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари»дан бехабарми ёки уни писанд қилмаяптими? Ёки имло қоидалари ўзгариб, биз ҳеч нарсадан бехабар қолиб кетдикмикин?
Бу олимларимиз «Марказий Осиё», «Яқин Шарқ», «Кўҳна Урганч», «Кичик Осиё», «Катта Канён», «Паст Дарғом», «Дашти Қипчоқ», «Ўрхун Энасой» атамалари нима учун доимо ажратиб ва бош ҳарф билан ёзилиши ҳақида сира ўйлаб кўрганмикинлар? Чунки бу қўшма сўзларнинг иккинчи қисми худди «Юқори Чирчиқ», «Қуйи Чирчиқ», «Ўрта Чирчиқ» каби атоқли отлардир. Олимларимиз эса булар ҳадеб, киши номи эмас-ку, деб иддао қилаверадилар.
Яна бир ўринда муаллиф: «…миллий тилни қолипга солиш эмас, уни табиий ривожлантириш йўлини излаш керак», деб ёзади.
Лекин тилда қолип — қоида бўлмаса, уни, Қозоқбой Йўлдош ёзганидек, ҳар ким ўзича «ривожлантираверса», охири нима бўлади? Бу кетишда бошқа миллат вакиллари билан эмас, ҳатто ўзаро суҳбатларимизда ҳам таржимон керак бўлиб қолмайдими? Аслида, ҳозир ҳам ўзаро мулоқотларда шевага хос сўзлар бўлса, қийналиб қоламиз-ку! Адабий тил мушкулимизни осон, тилимизни равон қилиб турибди-ку!
Қозоқбой Йўлдош яна: нарса-ҳодисаларни моҳиятидан келиб чиқиб, ўзбекча айтавериш керак, дегандек даъват қилади.
У каби бизга «самолёт»ни «учоқ», дейишга даъват қилганлар энди «поезд», «радио», «метро», «велосипед», «инновация», «машина», «мотор», «инвестиция», «коммуникация», «компьютер» каби кўпдан-кўп замонавий атамаларни ўзбекча аташни таклиф этаяптиларми?
Юқорида келтирилган соф ўзбекча қўшма сўзларни қоидаси билан ёзишни катта муаммога айлантираётган олим «…четдан келган нарса-ҳодисани ўзбекча номлаш мумкин ва керак», деб тинмай таъкидлайди.
Ҳаётда ва фанда ҳам нимани ким топган ёки ихтиро қилган, яратган бўлса, аксарият нарса-ҳодисаларга ўшалар ном берадилар.
Футболни инглизлар ўйлаб топишган ва унга инглизча ном беришган, шахматни ихтиро қилганлар уни ўз тилларида шундай аташган.
Ўзбек миллий кураши ўзбекларники бўлгани учун «ҳалол», «ёнбош», «чала» деган ўзбекча атама ишлатилади ва инглиз ҳам, олмону япон ҳам шундай атамани ишлатади. Мана, тил қоидалари меъёрлари!
Ахир, ҳалигача ўзимиз ҳам ўзлаштириб ололмаётган ҳазилакам захирамиз, сўз хазинамиз борми? Ахир, Ҳазрат Навоий, Бобур Мирзо ашъор битган тилни тўлиқ биламиз, деб мақтана олмаймиз-ку! Уларни чуқур ўрганиб, тилимизни янада бойитиш ўрнига олимларимиз янгича ясама сўзлар ясашни тарғиб этмоқдалар. Аввало, борини, борининг имлосини яхшилаб ўрганиб олайлик!
Хусусан, 2019 йил 4 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, бу борадаги ишларни янги поғонага кўтарилганлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Олимларимиз тилимизда ўз имло ва қоидасига эга бўлган сўзларни бошқачасига айлантириб, йўқ жойдан муаммо ясашлари, одамларни чалкаштиришлари эмас, аксинча, «адмирал», «медицина», «учоқ» каби халқаро атамалар даражасига етган ота-боболаримиз тилини чуқурроқ ва кенгроқ, оммавий тарзда тарғиб этсалар, айни муддао бўларди. Тилнинг ривожи, бойлиги шунга ҳам боғлиқ.
Ажабланарли жойи шундаки, муаллиф Султонмурод Олим бундан чамаси ўн йиллар илгари ҳам шу мавзуни кўтарган ва ўша йили унинг «Туманлар номини тўғри ёзайлик» номли мақоласи эълон қилинган эди («Тошкент ҳақиқати» газетаси, 2008 йил 25 октябрь сони). Шунда ҳам унга ушбу сатрлар муаллифи худди ҳозиргидек, раддия ёзган ва ўз фикрларини айтган, мулоҳазаларини «Ўзбек тилининг имло қоидалари» билан асослаган эди.
Буни қарангки, Султонмурод Олим негадир орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтиб, яна ўша эски гапларни кўтарибди. Ўша мақола, ўша иддао. Қизиғи, муаллиф ўшанда ўзига қарши келтирилган бирорта фикрга муносабат билдирмайди ва айни пайтда «Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари» ҳақида ҳам лом-мим демайди. Буни қандай ва нима деб тушуниш керак?
Қадимда бир бахши арз-ҳолини ўлан қилиб куйласа, қўбизи қурғур «тинғир-тинғир»дан нарига ўтмас эмиш. Бундан бахши «Мен не дейман-у, қўбизим не дейди?!» дея зорланган экан.
«Биз тил қоидалари, атоқли от, дея ҳар қанча таъкидласак-да, олим «юқори», «ўрта» ва «қуйи» сўзлари ҳам, «Чирчиқ» сўзи ҳам киши номи эмас (?!)» деб ўзиникини маъқуллаб ётибди.
Фикримча, жамиятни қонунлар бошқаргани каби тил меъёрлари ҳам қоидаларга бўйсунади. У кимларнингдир таклифи, даъвати ва талаби билан ўзгариб қолмайди.
Маъмуржон Бозоралиев,
журналист.
Ўрта Чирчиқ тумани.