Бобом айтган ҳикоя

Туш кўрардим. Раҳматли бобом мени чақирарди. Мен бобом томонга елдек учиб боришни истардиму, лекин оёқларимни тез-тез қимирлатсам ҳам жойимдан силжимаётгандек туюларди.

“Абдулла, Абдулла болам. Тур, тур сени уйга олиб кетаман”. Кўзимни очсам онам ёнимда, мени чақираётган экан.

Дарвозанинг олдидаги ўриндиқда ўтирган бобо нурсиз кўзларини узоқларга тикиб, сокин далани томоша қилади. Озғин елкалари худди оппоқ кўйлагини кўтариб туриш вазифасини ўтаётгандай туйилади. Соч ва соқоли гўё тонги қировни эслатади.

Кеч тушяпти. Кун бўйи қуёш тафтидан қизиб кетган ернинг ҳовуридан ҳавода қандайдир ёқимсиз ҳид кезинади. “Ассалому алайкум, бобожон!” Ўй-хаёлга берилган бобо қўққисдан берилган саломдан чўчиб тушди.

— Ваалайкум ассалом, ўқишдан қайтдингми, болам — деди отахон паст овозда.

— Бува, ҳозир ёшларга имтиёзли кредитлар бериляпти. Мана, дўстларим фойдаланиб, ишсиз юрган ёшларни ишли қилди. Ўзим ҳам иш излаб юрган тенг­қурларимни кўрганимда: “Қани қўлимдан келса, уларга иш топиб берсам”, деб юрардим.

Бобонинг нурсиз кўзлари кечки шафағдай ялтиради. Бояги хаёлчан нигоҳ энди қизиқувчанлик билан неварага қадалди.

— Жиззахимизнинг тоғли ҳудудларидаги тошлардан унумли фойдаланишни ўйлаяпман. Мутахассислигим ҳам шу. Энди эл фаровонлиги йўлида ҳиссамни қўшсам дейман. Биласизми, тошларнинг хусусиятини ўргандим, ундан қурилишда ишлатиладиган ниҳоятда бақувват ип ва юз йилда ҳам зангламайдиган қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш мумкин. Масалан, темир буюмлар маълум муддат ўтгач занглайди. Чидамлилик хусусиятини йўқотади. Бизнинг маҳсулотимиз эса енгил ва зангламайдиган хилидан.

Хаёлларини жамлаб олган отахон гап бошлади:

— Отам айтарди: “Никалай пошшонинг замони эди. Гермон билан ўрис урушиб ётарди. 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркакларни фронтга олди. Бутун эл-улус қайғуда қолди. Аёллар ёш болаларини бошини силаб қон йиғлади. Эркаклар норози бўлди, халқ қўзғалди. Жиззахликлар орасида Абдураҳмон жевачи деган полвон халқ­ни тўплади. “Биз ўзга элларга бадарға қилинсак, бола-чақамизни ким боқади? Одамлар, биз ўз еримиздан бир қадам жилмаймиз! Норозилигимизни кўрсатайлик! Қўлларингга нима илинса, ол! Кўчага чиқ!” — дейди.

Ўшанда ўн ёшли бола эдим. Отам бозорга бораётганди. Ортидан эргашдим. Уришиб берди, сўнг: “Сенга бозордан нима олиб келай?” — деди. Мен: “Милтиқ олиб келинг, сизни урушга оладиганларни отаман”, дедим.

Отам ҳадиксираб ён-атрофга қаради, ҳеч зоғ кўринмади.

“Бу сен қиладиган иш эмас. Сен онанг, опа ва укаларингни ёнида бўл”, дедию елкамга қўлини қўйди, сўнг бозорга кетди.

Кечга яқин Анзират хола келди. Ваҳима топиб келди, нима эмиш қишлоқ оқсоқоли Худоёровнинг олдига бир гала ҳунармандлар билан бориб, “мардикор”лар рўйхатини талаб қилибди. Рўйхатни кўришса, камбағал оила вакилларидан тузилган экан. Улар қайтадан рўйхат тузишни талаб қилишса, Худоёров кўнмабди, уларни росса ҳақорат қилганмиш. Тўполон бўлибди.

Дарвозадан отам кўринди.

Кун ўтиб отамнинг отишмада ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни олдик”.

Отахон ҳикоясини якунлади ва анчагача жим қолди. Эркиннинг эти увишиб, ичида қандайдир ғалаён кўтарилди. Лекин бувасининг юзида ҳар доимгидек паришонхотирлик ҳукмрон эди. Эркин ўйларди: “Ҳа, тўғри бобом бу гаплардан таъсирланмайди, таъсирланиб бўлган. Энди нима фойда?!..

Бобо яна гапида давом этди: “Сентябрь келди. Мактабда 10 кун ҳам ўқимасимиздан, пахтага олиб чиқишди. Онам пахтага кузатгани чиқди. Катта синф болалари машина кузовига чиқиб жойлашишди. Мен ва мен тенгилар аввал бўхчамизни машинага ортдик, орқасидан ўзимиз машинага миндик. Бизга бир мактабнинг синфхонасидан жой беришди. Эрталаб директор келди.

— Ўртоқлар, — деди у, — вазият ёмон, терим суст кетяпти. Бу туришда “оқ олтин”­имиз ёғин-сочинга қолиб кетади. Иш кўрсатадиган вақтимиз келди”.

Катта синф болалари пичирлаб гапиришди: “Доим шундақа, устимизда ёмғир бу ёқда турсин, қор ёғса ҳам пахта тердиради”.

Этакни онам ўргатгандек тақишга қанча чиранмайин эплай олмадим. Ёнимдаги катта синф боласига илтимос қилдим. У: “Мен сенга энагаманми?” — деб устимдан кулди.

Бир вақт ортимдан шитирлаган овоз эшитилди. Хаёлимга наҳот илон бўлса, деган ўй келди. Шарта бурилиб қарадим. Мактабимиз директори қаршимда турарди. “Нима тераяпсан ўзи? Ярми қолиб кетаяпти-ку, хумпар!” Тушунтиргунимча директорнинг қўлидаги семиз блокнот бошимга келиб тушди. Мен пахта пояси устига йиқилдим. Пахта пояси синганини кўрган директоримизнинг фиғони фалакка чиқди.

“Тур!” — гавдамни кўтариб, энди тураётгандим тепамдаги юзлари жаҳли чиққанидан қип-қизил бўлиб кетган кимсани кўриб қандай яна қулаб тушганимни билмай қолдим.

Ариқнинг олдига зўрға етиб келдим. Онамнинг “ариқдан сув ичма, дориланган бўлади”, деган гаплари эсимдан чиқиб, ютоқиб-ютоқиб сув ичдим. Шу-шу касалландим. 2-3 кунлик тўшакдан сўнг, математика ўқитувчимиз онамга хабар берибди.

Туш кўрардим. Раҳматли бобом мени чақирарди. Мен бобом томонга елдек учиб боришни истардиму, лекин оёқларимни тез-тез қимирлатсам ҳам жойимдан силжимаётгандек туюларди.

“Абдулла, Абдулла болам. Тур, тур сени уйга олиб кетаман”. Кўзимни очсам онам ёнимда, мени чақираётган экан.

“Она! — дедим сапчиб туриб бағрига отилгим келди, бироқ ер мени қўйиб юбормасди.

Кейин билсам, онам шўрлик тўққизинчи фарзандини дунёга келтиргани учун берилган мукофот эвазига мени даволатибди. Ана ўша “Олтин медаль” эвазига омон қолибман… Ҳа, болам бизда бундай имкон бўлмади. Сенинг замонинг келди. Мус­тақил юртда эркин нафас олиб, олға интилиш керак!..

Эркин жим ўтирарди. Бу жимлик қалбида кучли олов ёқаётган эди. Ота-боболари бир аср давомида “иккинчи даражали” инсон каби яшаганини билгани замон, у кучли бўлишни истарди. Асосийси, Эркин ҳозир нималар қўлидан келишини чуқур ҳис қиларди.

Муқаддас Мамарасулова

Жиззах вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 8 =