Озод ва эркин ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қут­луғ айём билан муборакбод этиб, Асосий Қонунимизда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги устувор йўналишлар ҳақида маъруза қилди.

Ўзбекистон янги тараққиёт йўлидан олға илдамламоқда. Барча соҳада жадал суръатда олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, халқимиз фаровонлигини юксалтиришни мақсад қилган. Ўзига хос йил сарҳисобига айланган Конс­титуция байрамида якунланаётган йилда бажарилган ишлар кўз олдимиздан ўта­ди, нималарга эриша олдигу, қайси вазифаларни уддалашда сусткашликка йўл қўйилди, деган савол кўндаланг бўлади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида шу масалага эътибор қаратди. Мамлакатимизда қонунийликни таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида, кундалик ҳаё­тимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш, халқимизни рози қилиш борасидаги вазифаларга тўхталди.

Президентимиз ўз маърузасида қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишлаб чиқаётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шартлигини алоҳида таъкидлади. Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан самарали восита йўқ экани, қонунийликни қарор топтириш, қонун бузилишига қарши курашиш борасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари “уйғонгани” қайд этилди.

Бош қомусимизда белгиланган инсонпарвар тамойиллар тўла амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг жиноят содир этганларни афв этиш бўйича 8 та фармони қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Ўтган уч йилда 9 минг 692 нафар, жумладан, бу йил 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

ЎзА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =