Коррупцияга қарши курашни кучайтириш, тадбиркорликка оид қонун ва тартибларни янада эркинлаштириш тарафдоримиз!

Кучли ва адолатли ­жамият сари

Миллатнинг гуллаб-яшнашига фақат кучли ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этилган шароит­дагина эришиш мумкин. Бунда барча қарорларни қабул қилишда фуқаролар ва уларнинг бирлашмалари фикрлари инобатга олинади.

Айни пайтда партия ижтимоий шериклик ва жамоат назорати инс­титутларининг изчил кучайтирилиши, бошқарув функцияларининг аксариятини халқ­нинг ўзига, жамоат бирлашмаларига, ўзини ўзи бошқариш органларига, фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларига берилиши тарафдоридир. Партия соҳага оид миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг чуқур таҳлили ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида қу­йи­дагиларни таклиф этади:

— нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодексни қабул қилиш ҳамда халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб қўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш;

— мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишини, жамият инс­титут­ларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ва сиё­сий-ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ҳамда келгуси беш йилликда мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш концепциясини қабул қилиш.

Партия жамиятда адолат тантанаси тамойили амалга оширилишини таъминловчи фуқаролик инс­титутларининг кенг тармоғи шакллантирилиши тарафдоридир. Биз давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўта муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш чораларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу йўналишдаги устувор вазифамиз — фуқаролик жамияти инс­титутларининг ҳаётий муҳим муаммоларни ҳал қилиш, мулкдорлар синфи манфаатларини ҳимоялаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш.

Ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини ҳар томонлама яхшилаш — тўғридан-тўғри демократия­ни амалга оширишнинг асосий йўлидир. Биз жамоат бош­қарувида маҳалла фаолияти аҳамияти ва самарадорлигини ошириш, уни халққа амалий ёрдам кўрсатувчи мустақил, кучли ва таъсирчан фуқаролик институтига айлантирамиз.

ЎЗБЕКИСТОН: Инсон манфаатлари таъминланган ҳуқуқий давлат

Устувор вазифаларимиздан бири — дунёдаги “қонун устуворлиги индекси” юқори даражада бўлган 30 та давлат қаторига Ўзбекистоннинг киришини таъминлаш ва аҳолининг адолатли судловга ишончини ошириш. Инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлов ҳолатини тубдан яхшилаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш.

Биз судга бўлган ишонч ва ҳурматни юксалтирамиз. Биз учун суд фаолияти ва мустақиллигининг энг муҳим мезони — фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоялангани, адолатли судлов таъминлангани, якуний ва барқарор суд қарорларининг қабул қилинганидир.

Биз судлар фаолияти очиқлиги ва ошкоралигининг кучайтирилиши, “электрон ва рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши, судлар томонидан ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботларнинг халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилиши, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кўчма суд йиғилишлари ўтказилишини — адолатли суднинг гарови, деб биламиз.

Партия суд тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, адолатли судловдан фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган қуйидаги таклифларни илгари суради:

— хусусий мулк дахлсизлигини, тадбиркорлик ва тадбиркорларни ишончли ҳимоялашни таъминлашда судларнинг ролини кучайтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкларини бузиш, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкалари ва хусусий мулк объектларини олиб қўйиш ҳамда тадбиркорлик субъектларига берилган лицензияларни бекор қилиш бўйича қарорларнинг фақат суд томонидан қабул қилиниши, тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида кўрган зарарлари борасидаги даъволари муддатларини бекор қилиш ва муддатсиз эканини кафолатлаш, шу мақсадда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

“Хабеас корпус” институтининг қўлланилиши соҳасини янада кенгайтириш, суд мустақиллигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ваколатларини қайта кўриб чиқиб, оптималлаштириш. Прокуратура органларининг суд ҳужжатлари бўйича протест келтириш ваколатларини бекор қилиб, уларни тегишли қарорлар бўйича шикоят қилиш ҳуқуқига алмаштириш, прокуратура ваколатларидан унга хос бўлмаган вазифаларни чиқариб ташлаш, тегишли ваколатларни ижро ҳокимиятига бериш. Прокурорларнинг мақоми, уларнинг мус­тақиллигини таъминлаш масалалари, танлаш ва хизмат поғоналаридан ўстиришнинг холис мезонлари қонунда аниқ белгиланган бўлиши, ҳокимиятлар бўлинишининг Конституциявий тамойилидан келиб чиқиб Мажбурий ижро бюросини Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига ўтказиш зарур;

— вилоятлар миқёсидаги судларни оптималлаштириш, бирлаштириш, ягона суд раиси бўйсинувига ўтказиш. Хусусан, маъмурий судлар томонидан оммавий, моддий ҳуқуққа оид ишлар ҳам амалда кўриб чиқилаётганини инобатга олиб, уларнинг мақомини қайта кўриб чиқиш;

— суд буйруғи институтини такомиллаштириш, унинг айрим турлари ўрнига судгача ҳал этиш механизмларини жорий этиш ҳамда боқиманда қарздорликни суд ор­қали ундириш масаласи ва механизмларини қайта кўриб чиқиш;

— халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги борасидаги конституциявий тамойилни ҳаётга изчил татбиқ этиш, судлар фао­лиятида халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидаги тамойиллар ва нормаларнинг кенг­роқ қўлланишига эришиш;

— суд тергови институтини такомиллаштириш, Судьялар олий кенгаши ваколатлари ва мақомини қайта кўриб чиқиш, унинг қарор ва хулосаларига нисбатан номзодларнинг шикоят қилиш ҳуқуқини назарда тутиш.

Мақсадимиз — суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя­лаш. Тергов ва суднинг барча бос­қичларида, жиноий, фуқаролик, маъмурий ва хўжалик ишларини кўриб чиқишда адвокатнинг ролини ошириш асосий вазифаларимиздан саналади.

Адвокатура ва юридик хизматлар кўрсатиш инс­титутларини ривожлантириш мақсадида партия қуйидагиларни таклиф этади:

— Адвокатлар палатасининг мус­тақиллигини амалда таъминлаш, унинг ҳузурида Адвокатлар академиясини ташкил этиш, адвокат мақомини олиш учун қўйилган стажировка муддати ҳақидаги талабни бекор қилиш, адлия тизимининг адвокатура соҳасига аралашувига чек қўйиш;

— адвокатура институти мустақиллиги, адвокатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқиш ва тегишли баҳо бериш масалаларида парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш. Шу мақсадда Олий Мажлис қуйи палатасида адвокатура институтини мустаҳкамлаш комиссиясини ташкил этиш;

— нодавлат нотариат институти фао­лиятини қайта тиклаш, кенг йўлга қўйиш, нотариал ҳаракатларнинг масофадан туриб, интерактив — электрон хизмат кўринишидаги фаолият соҳасини кенгайтириш, нотариусларнинг нодавлат бирлашма шаклидаги ҳамжамиятини тузиш ҳамда Нотариат тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш;

— юридик хизмат кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш, “Шарт­номавий ҳуқуқий база ва юридик хизмат тўғрисида”, “Текин юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунларни ҳамда яхлит ҳуқуқий ҳимоя концепциясини ишлаб чиқиш, аҳоли онгида адвокатура ва нотариат институтларининг хизмат кўрсатувчи субъектлар экани тўғрисидаги қарашни шакллантириш, ушбу соҳада хусусий сектор ролини оширишга эришамиз.

Коррупция — давлат инқирозига йўл очади

Мақсадимиз — коррупция устидан ғалаба қозониш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва бу борада “ноль тоқатлилик”ка эришган давлатлар қаторига киришига эришиш. Бу борада биз қуйидагиларни таклиф этамиз:

— сиёсий арбоблар ва давлат хизматчиларининг маблағлари ва мол-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқлаштириш ва декларация қилишнинг янги тизимини жорий қилиш;

— давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини кучайтириш мақсадида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни ва электрон харидлар тизимини такомиллаштириш;

— жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, қонунчиликдаги жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш;

— раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, парламентга ҳисобдор, Прокуратура, ИИВ, ДХХдан мустақил фаолият юритадиган алоҳида давлат органлари — Коррупцияга қарши кураш ва Тергов департаментларини ташкил этиш;

— парламент палаталаридаги коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарининг ваколат ва функцияларини кучайтирамиз.

Либерал қонунлар ҳуқуқий маданият ­белгиси

Биз маъмурий, жиноят, жиноят-процессуал ва хўжалик қонунчилигини янада эркинлаштириш, айрим жиноий ҳаракатларни криминаллаштиришдан холи қилиш, тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигини либераллаштириш, жиноий жазолар ва улар ижросини инсонпарварлаштириш тарафдоримиз.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш, ювеналь юстицияни ривожлантириш, мулкчилик тўғрисидаги қонунчиликни тубдан такомиллаштириш, дунёда тан олинган юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакл­лари, хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқий мақомлари, аутсорсинг механизмини жорий этиш каби илғор тажрибаларни қонунчилигимизга имплиментация қилишни таклиф этамиз.

Фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари ва онгини юксалтириш, жамиятда қонунни ҳурмат қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, ушбу йўналишда давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти инс­титутлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлиги ташкил этилишини муҳим, деб биламиз. Шахсий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “қонунда тақиқланмаган барча нарса мумкин” тамойилини ҳаётга татбиқ этишни таклиф этамиз.

Нуриддин Муродов,

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси котибият мудири.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 12 =