Қачонгача маънавиятга бефарқ бўламиз?

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги кенг қамровли маърузаларида жумладан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари,  жамоатчилик назорати ҳақида сўзлаб  оммавий ахборот  воситаларини эса “жамият кўзгу”сига айлантириш юзасидан халқчил фикрларни айтиб ўтдилар.

Аммо минг таассуфки, бугунги кунда юртимиздаги айрим йирик ташкилот ва муассасаларда ҳали ҳамон ОАВ билан ишлаш, ҳамкорлик қилиш ўта қолоқлигича қолмоқда. Улардаги  ижро интизоми ва назорати борасида қилинаётган ишлар ҳозирги янги Ўзбекистон шароитида қониқарли эмаслигини “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жа­миятининг матбуот идораларига юбораётган  юзаки жавоб хатларидан ҳам англаш мумкин. “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва шунга ўхшаш ташкилотларда  матбуот, маънавият ва ижтимоий-сиёсий жараёнларга бефарқлик оқибатида ҳудудларимиздаги уларга тегишли объектлар ва улар билан ҳамкорлик қилувчи шохобчаларда ечимини кутиб ётган муаммолар қалашиб ётибди. Бу муаммоларнинг негизида керак бўлса, билимсизлик, китоб ўқимаслик ва ОАВларига, демакки, маънавиятга, маърифатга бе­фарқлик ҳам сабаб бўлса, не ажаб.

Юртимиздаги йирик идора бўлмиш “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров  имзоси билан №08-33-61 сонли 2019 йил 12 декабрда таҳририятимизга йўлланган хатда ҳам айнан  маънавиятга бефарқликни кўришимиз мумкин. Унда жумладан шундай де­йилади: “2020 йил учун обуна ишларини ташкил этишда “Ўзбекнефтгаз”АЖ томонидан бугунги кунда зарурият йўқлигини маълум қиламиз”. Қизиқ, шундай йирик ташкилотда “маънавиятга зарурият йўқ” экан,  демак соҳадаги муаммолар  ҳам келгусида яна айни пайтдагидек давом этаверар экан-да! Қачонгача маънавият ва маърифат масаласига бефарқ қараймиз, жаноб Ашуров…лар?

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари томонидан йўлланган жавоб хатида эса бутунлай бошқа — ёруғ манзара. Қўмита томонидан таҳририятга келган хатда 2020 йил учун обунани ташкиллаштириш, божхона фаолиятини матбуот  саҳифаларида кенг тарғиб қилиш  орқали оммага етказиш, ҳамкорлик ишларини янги бос­қичга кўтариш юзасидан баҳамжиҳатликда ишлашга тайёр эканликлари баён этилади.

Ҳа, ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Қайси ташкилот, қайси идора бўлмасин, ўша жойдаги раҳбарнинг неки бўлса, муносабатига боғлиқ, албатта. Баҳона топаман десанг, ҳамиша топса бўлади деганларидек,  айтайлик, иш олға кетмаса, у баҳона, газ етказиб берилмаса, бу баҳона, газ босими пасайиб кетса, совуқ баҳона… бўлаверади-да.

Шундай экан, “Ўзбекнефтгаз”дагилар газета ўқишга зарурият йўқ деб туришгач, биз нима ҳам дея олардик?!

Майли, “зарурият бўлмаса” начора? Яна “обуна мажбурийми?” дея ёқамиздан олишмасин. Асло, ундай эмас. Мажбурий эмас. Биз фақат шунчаки бир нарсага “Ўзбекнефт­газ”нинг юқорида тилга олинган жавоб хатидаги “обуна ишларини ташкил этишда зарурият йўқ” де­йилганига тушунмадик, холос.

Ҳикматулло Қодиров.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =