Амалдорлар қилмишига жазо борми?

Хат таҳрирсиз босилмоқда

Шу юрт фуқароларидан бири сифатида мен ҳам кейинги йиллардаги ўзгаришлардан мамнунман. Кўп соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бера бошлади. Оддий халқнинг кўкрагига шамол тегадиган кунлар келди деб севиндик. Аммо ўзига қулай бўлган эски тартибни ўзгартирмай, одамларни сарсон-саргардон қиладиган «тўралар» ҳамон борлиги мени ранжитади. Бунга мисол кўп. Турли оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар, атрофимиздаги одамларнинг гап-сўзлари шундай хулоса қилишга ундайди. Биргина ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ёшим бир жойга борганда шу қадар оворагарчилик, беписандликка йўлиқаман деб ўйламаган эдим…

Чилонзор туманида яшайман, иккинчи гуруҳ ногирониман. Мазкур туман Бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармаси бошлиғи Отабек Сафаровнинг 2014 йил 14 октябрдаги 123/3-сонли қарори билан менинг ойлик пенсия пулимни 50 фоизга қисқартириб, 187500 сўмга тушириб қўйди. Натижада 2015 йил давомида мендан 2500 000 сўм ушлаб қолинди. Бу эса қонунларимизга хилоф, конституцион ҳақ-ҳуқуқларимни очиқ-ойдин поймол қилиш эди. Чунончи, Бош Қомусимизнинг 39-моддасида: “Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”лиги қайд этилган.

Оқибатда бу ишни суд орқали ҳал қилишга тўғри келди. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида менинг пенсиямдан ушлаб қолинишига сабаб бўлган важни қуйидагича кўрсатишди: “З.Салоҳиддиновнинг боласи йўқлигини кўрсатиб ёзган аризаси сабабли, унга нафақа тўлаб келинган. Аммо кейинчалик аризачининг фарзанди борлиги текширув жараёнида аниқланган. Шу боис З.Салоҳиддиновга ёлғиз сифатида устама нотўғри белгиланганлиги маълум бўлган ва юзага келган 2550323.32 сўм ортиқча тўланган. Пенсиянинг 50 фоиздан ортиқча тўланган маблағ ундирилгунча ушлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилинди”. Аслида, бу бошдан охир ёлғон кўрсатма. Чунки менга тегишли 1340147-сонли пенсия ишида, тегишли вазирликка 1999 йилда ёзган аризамда 16 ёшли ўғлим борлиги ва у онаси билан алоҳида яшаши кўрсатилган. Бундан таш­қари, тегишли вазирликнинг 1999 йил 5 декабрдаги 2686-сонли хатига ва Шайхонтоҳур туман ижтимоий таъминот бўлимининг фармойишига биноан 2000 йилдан бошлаб нафақамга 875 сўм устама ҳақ тўлана бошланган. Жавобгарнинг ишончли вакили М. Йўлдошева буни ҳисобга олмасдан, ҳуқуқшунос бўлатуриб, суд жараёнида но­тўғри кўрсатма берди. Ҳеч бир нафақахўр ўзига ўзи устама белгиламайди-ку! Қонунга хилоф равишда чиқарилган Чилонзор туман пенсия жамғармаси бошлиғи О.Сафаровнинг 2014 йил 14 октябрдаги қарорини бекор қилиш ўрнига Учтепа туманлараро суди судьяси Д. Эргашев жабрланувчининг “Шикоят ариза”сини рад қилиш хусусида “Ҳал қилув қарори” чиқарган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармаси Ижро этувчи аппаратининг 2014 йил 27 сентябрда тузилган “Маълумот”ида қуйидагича тавсия берилган: “Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўтказган қисқа муддатли ўрганишда мавжуд ҳужжатларга асосан аниқланган ҳолатларни Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда тасарруфидаги туман бўлимларининг малакали ходимлари таркибидан тузилган ишчи гуруҳи жойига чиққан ҳолда бирламчи ҳужжатларга асосан қўшимча ўрганиш ташкил этиш, натижаси бўйича “Далолатнома” расмийлаштириш ҳамда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш тавсия этилади”. Афсуски, ушбу тавсия талаблари бажарилмади. Ушбу “Маълумот” билан танишиб, менга тегишли қисмидан нусха олишни сўраб О.Сафаровга мурожаат қилганимда, у рад этди. Бу ҳужжатларсиз мен судга шикоят ариза ёзолмай, 5 ой овораи сарсон бўлдим. Ҳолбуки, Конститу­циямизнинг 30-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим”лиги кўрсатилган. Бундан ташқари, 2014 йил 5 ноябрь куни мен О.Сафаровни Пенсия жамғармаси биносида тасодифан учратиб қолдим ва “қарор чиқаришга шошилибсиз, 187500 сўм билан бир ой яшаб бўладими?” дедим. У эса мени уч киши олдида ҳақоратлади. Мен ноҳақ бўлган тақдиримда ҳам (ваҳоланки, ҳақ эдим) отаси тенги одамга қўпол муомалада бўлиш мансабдор шахсга, қолаверса, ҳар қандай одам боласига хосми?

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Д.Эргашев эса О.Сафаровнинг ушбу камчиликларига эътибор қаратмади, унинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини очиб берувчи “Шикоят ариза”даги 7 та далилдан бирортаси суд томонидан ўрганилмади. Қисқаси, судья касб малакасининг етишмовчилиги ёки бизга номаълум бошқа сабаб билан чиқарилган 2015 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори нотўғри экани ўз исботини топди. Ушбу қарор Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Апелляция судлов ҳайъатининг 2015 йил 25 сентябрь кунги ажримига асосан бекор қилинди. Ушбу ажримда шундай дейилади: “Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан таш­қари Пенсия жамғармаси Чилонзор туман бўлими пенсия та­йинлаш бўйича комиссиясининг Салоҳиддинов Заҳириддин Салоҳиддиновичга 2002 йил 1 августдан 2014 йил 14 октябргача ёлғиз ногирон сифатида 2550323,32 сўм ортиқча тўланган маблағни пенсиянинг 50 фоиздан ушлаб қолиш ҳақида 2014 йил 14 октябрдаги 123/3 сонли қарори ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинсин”. “…Салоҳиддинов Заҳириддин Салоҳиддинович фойдасига етказилган маънавий зарар учун 150000 сўм ундирилсин”. Ҳа, тўраларча муносабатда бўлганларнинг чиқарган қарорлари ғайриқонуний деб топилгани мен излаган адолатни қисман кўрсатди. Аммо ўз ҳуқуқларимни тиклаш учун 5 йил овораи сарсон бўлиб, соғлигимга, оила бюджетига етказилган зарар 150000 сўм билан баҳолангани адолатдан эмас. Бу мени ёш боладек кўриб, қўлимга хўрозқанд тутқазгандай гап-ку?!

Ўрганишларим мобайнида шу маълум бўлдики, бу икки мансабдор шахс (О.Сафаров, Д.Эргашев) биргина пенсия масаласи юзасидан қатор қонунбузарликларга йўл қўйган. Бу ҳақда мен бир қанча юқори идораларга йўллаган хатларимда ҳам батафсил ёзганман.

Хўш, менга ва мен каби кўплаб пенсионер, ногиронларга етказилган бундай моддий ва маънавий зарарлар учун ким жавоб беради? Мен ўз ҳақ-ҳуқуқларимни таниганим боис сарсон бўлсам-да, курашдим. Бошқалар-чи, “Э, Худога топширдим” деб қўл силтаб кетувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқини ким тиклаб беради? Суд ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад инсон ва унинг фаровон турмуши эмасми, аслида? Амалдорларга ҳам қилмишига яраша жазо борми ўзи? Кимга кўп ҳуқуқ берилган бўлса, у ҳақ бўлиб қолаверадими? Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида бугунги саъй-ҳаракатларимизнинг бари халқимизнинг саодати учун, дея бежиз такрор-такрор айтмоқдами? Мен шикоят аризамни тегишли ташкилотларга, нашрларга бердим, аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Ушбу минбар орқали яна сўрамоқчиман: менга етказилган моддий ва маънавий зарарни ким тўлайди? О.Сафаров ва Д.Эргашевларни ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари учун ким ва қачон жавобгарликка тортади? Пенсионер ва ногиронлар улар хатосидан жабр чекиб кетаверадими?

Заҳириддин Салоҳиддинов,

иккинчи гуруҳ ногирони,

Тошкент шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =