Эртамизга дахлдор қадам
Бугун юртимиз, халқимиз катта бир сиёсий воқелик арафасида турибди. Жорий йилнинг 22 декабрь куни йилимизнинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири — Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.
Конституциямизда, “мамлакат фуқаролари давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”, дейилади. Биз сайловда ўзимизга маъқул бўлган номзод ёки бирор-бир партия илгари сураётган дастур учун овоз бериш, уларни қўллаб-қувватлаш ваколатига эгамиз.
Сир эмас, бугунги кунда кўча-кўйда, одамлар орасида, ижтимоий тармоқларда, қолаверса, матбуот ва телевидениеда партияларнинг сайловолди чиқишлари, дебатлар, уларда партия лидерларининг илгари сураётган дастурларининг қанчалар долзарблиги, кўтарилаётган муаммоларнинг қанчалар жиддийлиги каби мунозараларнинг гувоҳи бўлаяпмиз.
Аввало, шуни таъкидлаш керак, бугун халқимиз ҳар доимгидан уйғоқ, ҳар доимгидан талабчан. Чунки, улар бугун ўз олдиларига катта мақсадлар қўйиб, маррани баланд олган. Бугун улар ҳар қайси партия халқимизнинг туб манфаатлари, унинг эзгу орзу-интилишларини ифода этадиган муҳим масалаларни илгари суришлари тарафдоридир.
Муҳими, юртдошларимиз фақат ўз шахсий муаммолари билан яшаётгани йўқ, балки ўз маҳалласи, тумани, вилоятидаги ҳар бир муаммога эътиборли, ҳар бир олиб борилаётган ислоҳотлар ўзларининг эртанги кунига дахлдор деб қараш туйғуси уйғонган. Халқимиз Ватаннинг эртаси учун, унинг келажаги учун масъуллик шижоати билан яшамоқда. Аслида, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, бу — бугунги ҳаёт, бугунги замон талаби.
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бир гуруҳ вакиллари Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида бўлдик. Айтиш керакки, бугунги Сирдарё, кечаги Сирдарёдан тубдан фарқ қилади. Авваллари биз кўрганимиз, пастқам уйлар ўрнига янги бинолар, кўркам иншоотларнинг бўй чўзгани, йўлларнинг равонлашгани-ю одамлар руҳиятидаги кўтаринкилик бизни қувонтирди.
Сайхунобод туман марказида янги қуриб битирилган “Ёшлар хиёбони” ҳудудга ўзгача бир кўрк бағишлаб турибди. Ушбу хиёбоннинг очилиш тадбирида қатнашган, вилоят ҳокими Ғафуржон Мирзаев таъкидлаганидек: “Сирдарёнинг кенг далалари, мусаффо чўл воҳаси каби кўнгли очиқ, меҳнатдан қўли қадоқ бўлган оддий ва содда одамлари ҳамиша ҳурмат ва этиборга лойиқ. Бугунги кунда бу ҳудудда олиб борилаётган ўзгаришлар, янгиланишлар бунга ёрқин далолатдир”.
“Ёшлар хиёбони” Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусга мос ва монанд беш айвондан иборат бўлиб, унинг биринчи айвонида маданият ва санъат йўналишида ёш санъаткорлар томонидан мусиқий чиқишлар номойиш этилди. Янги кутубхонада китобсевар ёшлар билан вилоят ҳокими китобхонлик ҳақида суҳбат ўтказади. Хиёбоннинг иккинчи — “Ижодкорлар” айвонида Сайхунобод туманидаги “Шеърият шайдолари” ўқув тўгарагининг ўқувчилари ва устоз ижодкорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ерда ёш ижодкорлар вилоят ҳокимига, Президент номига ёзилган ташаккурномани топширдилар. Кейинги “Оилавий китобхон” айвонида китобхон бувилар ва набиралар кўриниши намойиш этилади. Тўртинчи айвонида ёш рассомларнинг истеъдодлари билан танишдик. Тадбир сўнгида, Хотира хиёбонида эса нуроний отахонлар билан бирга Мотамсаро она хайкали пойига гуллар қўйилди. Юртимиз мадҳияси ижро этилиб, Ватан байроғи баланд кўтарилди. Бу тадбир йиғилганлар, сайхунободликлар қалбига фахр ва ифтихор туйғуларини солган бўлса, ажаб эмас.
Кейинги манзилимиз ушбу туманнинг 16-“Шодлик” сайлов округи, 151-сайлов учаскасида бўлиб ўтди. Бу ерда бугунги кунда катта сиёсий жараён олдидан ташкил этилган сайловолди фаолияти билан танишдик. Ушбу сайлов участкасида 1529 сайловчилар рўйхатдан ўтказилган бўлиб, муддатидан олдин овоз берувчилар учун жараёнлар бошлаб юборилганининг гувоҳи бўлдик.
Айтмоқчи бўлганимиз, бугун юртимизнинг ҳар бир чекка туманида, ҳар бир ҳудудида мана шундай янгиланишлар, ўзгаришлар, олиб борилаётган кенг ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Бугун юртимизда янги давр бошланди, унда ҳар биримиз ўз соҳамизда мана шу юрт эртаси учун бир ғишт қўйишга интилмоғимиз зарур. Бунда яқинлашаётган сайлов жараёнида фаол иштирок этишимиз долзарб ва муҳим вазифамиз бўлиб, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга ҳар биримиз масъулмиз. Бугун дунё, жаҳон ҳамжамияти юртимизга катта қизиқиш билан қараяпти. Энди ана шу юксак эътиборга ҳар томонлама муносиб бўлиб, қатъият билан олға интилиб, кўзлаган улуғ мақсадларимиз сари биргаликда одимламоғимиз лозим.
Зилола Хўжаниёзова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.