Бетимсол бахт кўлами

Онажон – Ватан, ҳур Ўзбекистон, кейинги даврда йилларга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, ортидан эса “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” номлари берилиб, шу асно юкдор Давлат дастурлари қабул қилинди. Беш йилнинг ривожу файзу барокотини режа қилган Ҳаракатлар стратегияси ҳаракатга тушиб, уларнинг бераётган неъматлари ҳар қадамда намоён бўлаётир. Шу асно навқирон вилоятимизда ҳам бу файзли эврилишлар изчиллигини ҳар кенту туманда кузатиш мумкин.

Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани мисолида сўз юритадиган бўлсак, бу ҳудуд — азал-азалдан пири комил деҳқонлар, тадбиркорлар, ҳунармандлар, ишбилармонлар, миришкорлар юрти. Ушбу ҳудуд аҳлининг юқоридагидай фазилатларини Истиқлол даври чандон юзага чиқарди. Аслини олганда, кейинги 4-5 йил ичида бу юксалиш кескин бурилишлар тарзида намоён бўлмоқда. Қатор-қатор супермаркетлар, тўйхоналар, сервис ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, савдо нуқталари, бутунлай замонавий қиёфа касб этган бозорлари, ишлаб чиқаришнинг минг бир турини ташкил этиб, шунга мувофиқ чет эл инвестициясини олиб кириб, юртнинг файзу баракасини зиёда этаётган ишбилармонлари билан эътироф қилишга арзийдиган гўшага айланаяпти. Ун заводи дейсизми, ёғ заводини хоҳлайсизми, чинни ёки адрас ишлаб чиқарувчи тадбиркору ҳунармандлар қизиқтирадими, барини бизнинг ҳудуддан топиш мумкин.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари доирасида бугун ҳар гўша, ҳар қайси ҳудудда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга ошмоқда. Биргина Кармана туманида, хусусан, Шибзон, Олчин, Урганжи қишлоқларида ибратли ишлар амалга оширилди. 8,3 километр­даги электр тармоғи янгиланди (вилоят миқёсида бу рақам 474 километр), 14,5 километр йўлга асфальт ётқизилди (вилоят миқёсида 779 километр), 22 километрга тоза ичимлик суви (вилоят миқёсида 267 километр), 7,5 километрга табиий газ уланди. 3та МТМ, 2 та мактаб, ҚВП ва МФЙ бинолари капитал таъмирланди.

Не бахтки, айни шу туман марказини “Обод марказ” дастури доирасида ободонлаштириш ишлари ҳам бугун давом этяпти. “Янги Кармана” лойиҳаси бўйича Алишер Навоий,  Мирсаид Баҳром номли ҳамда “Деҳқон” каби маҳаллаларида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Жараён бутун марказни қамраб олиши кўзда тутилган. Шу асно ҳудудда 8 та кўп қаватли турар-жой биноси, қатор савдо ва кўнгилочар масканлар мажмуаси, биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари бўлган 10 та 7 қаватли турар-жой биноси, 1 та меҳмонхона қурилиши амалга оширилади. 2023 йилгача 57 километрли канализация тармоғи ўтказилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, бу ҳам дас­тур доирасидаги ишлардандир.

Хуллас, бугун бағрингда яшовчи ҳар қайси Ҳазрати Инсоннинг сенга ва вилоятимиздаги ҳар бир гўшага қараганда, тилу дилида шундай жумлалар жаранглаб садо беради:

Онажон-Ватан, ҳур Ўзбекистон, маҳобатли тоғларинг, шаффоф-зилол булоқларинг, жазирама чўл-саҳроларинг, ҳамма-ҳаммаси билан барчамизга суюксан! Ҳар гиёҳ-япроғинг, ҳар зарра тупроғинг ардоғи юрагимизда, руҳимиз-жонимизда яна. Бағрингда отган тонг, ўтган кун бахтнинг ифорини таратади.

Яқиндагина озод-ҳурлигингнинг 28 йиллиги нишонланган улуғ тўй кунларида бағрингдаги не-не кўркам бунёдкорликларнинг гувоҳи бўлдик. Айтайлик, Навбаҳор туманида муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5  муҳим ташаббус доирасида қиймати 5 миллиард сўмлик “Ташаббуслар хиёбони”, Навоий шаҳрида ҳам 6 миллиард сўмлик “Ёшлар хиёбони”, “Маърифат боғи”, “Ташаббуслар сайилгоҳи” бунёд бўлдики, улар вилоятимиз ёшларига чинакамига байрам туҳфаси бўлди. Вилоят миқёсида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари доирасида эса 25 та қишлоқда 352,2 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари давом этаяпти. Унинг бир қирраси сифатида барча ҳудудларда 1032 та, хусусий тадбиркорлар томонидан эса 1123 хонадонли кўпқаватли уй-жойлар қурилаётгани ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир. Навоий ва Зарафшон шаҳарларининг 5 та маҳалласида 45 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш ва ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Хатирчи туманининг Тамабаҳрин, Боғишамол, Лангар маҳалла фуқаролар йиғинларида эса йигирмалаб арзон ва бежирим турар-жой бинолари, баробарига 50-60 ўринли МТМлар қад ростлаб, мактабу қишлоқ оилавий поликлиникалари гўзал бир тарзда таъмирдан чиқарилди.

Хуллас, бу ҳаракатларнинг барчаси юртимиз чиройига чирой, аҳолининг файзу барокотига янада зиёда файзу футуҳ қўшаяпти. Халқимизга берилган ана шу неъматларнинг, аниқроғи, Бахтнинг кўлами бетимсолдир.

Салима Умарова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − five =