Орзулари бир олам болалар қувончи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Совғалар карвони” хайрия акцияси фарғоналик ўқувчиларга қувончли онларни бахш этди. Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган кунларда ўтказилган тадбир меҳр ва эътиборнинг шодиёнаси бўлди.

Фарғона вилояти кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 130 ва унинг Қўқон шаҳар филиалида 68 ўқувчи таҳсил олмоқда. Кўришда нуқсони бўлган бу ўғил-қизлар учун барча шароит яратилган бўлиб, таълим-тарбия сифатини ошириш доимий эътиборда. Улар орасида истеъдодли ёшлар жуда кўп. Турли танловлар ва спорт мусобақаларида доимо фаол иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

Мактаб-интернатнинг 10-синф ўқувчиси Аҳадхон Кимсанбоев ана шундай иқтидорли ёшлардан бири. У болалигидан шахматга қизиқиб, унинг сир-асрорларини астойдил ўрганди. Тинимсиз меҳнати туфайли бугун турли мусобақаларда қатнашиб, ғолиблар сафидан муносиб ўрин эгалламоқда. Аҳадхон шахмат бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони ҳамда Халқаро шахмат академияси шуғулланувчисидир.

— Инсон олдига битта мақсадни қўйиб, чин юракдан ҳаракат қилса, албатта эришади, — дейди А.Кимсанбоев. — Буни ўзимнинг ҳаётимда ҳам кўриб турибман. Мағлубиятларга ҳеч қачон таслим бўлмасликка ҳаракат қиламан. Шахматни ўргатган устозларимдан миннатдорман. Янги йил байрами арафасидаги бу совғалар эса бизлар учун катта туҳфа бўлди. Бундай эътибор бизни янги марралар сари руҳлантиради.

Мактаб-интернат ўқувчилари учун байрам тадбири ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Адми­нис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агент­лиги директори К.Алламжонов, директор ўринбосари С.Мирзиёева иштирок этди.

Мазкур мактаб-интернат ўқувчиларига агентликнинг “Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Совғалар карвони” хайрия акциясининг турли ширинликлардан иборат Янги йил совғалари ва Брайль алифбосида чоп этилган 38 турдаги китоблар, аудиокитоблар, замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари, спорт анжомлари, мусиқа асбоблари тантанали топширилди.

Ўқувчилар учун байрам дастурхони ва таниқли санъаткорлар иштирокида байрам дастури ташкил этилди. Мактаб-интернат ўқувчилари томонидан айтилган шеърлар, ижро этилган қўшиқлар байрам тадбирига янада шукуҳ улашди. Орзулар, келгусидаги режалари билан ўртоқлашилди. Бу учрашув ўқувчиларга янада куч-қувват, ғайрат, шижоат ҳамда байрам кайфиятини бахш этди.

Маъсуджон Сулаймонов.

ЎзА фотоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =