«Ko‘ngil ko‘zi» — қалбларга йўл очади
Президентимизнинг 2019 йил 2 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ko‘ngil ko‘zi» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ижроси доирасида жорий йилнинг 3 октябрь куни Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар интернат-мактабида компьютер маркази хонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўқувчиларни ўқув-ўзлаштиришдаги ютуқлари билан табриклар экан, жумладан, шундай деди:
— Лойиҳа доирасида сизларнинг ижтимоий йўналишда билим олиб келажакда жамиятда муносиб ўрин эгаллашингиз, ўз лойиҳаларингизни ҳаётга татбиқ этишингиз, билим марраларини эгаллашда ортга чекинмасдан, фақат олға интилишингизга етарли шароит яратиш мақсадида махсус компьютер маркази хонасини ташкил этдик. Марказ хонасига ўрнатилган энг замонавий технологик компьютер жиҳозлари ва 20 ўринли назарий билим олишга мўлжалланган мебель жамламаси энди хизматингизда бўлади. Мен ишонаман, келажакда бу интернат-мактабдан етук билимга эга ёшлар етишиб чиқади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ўқувчи-ёшларнинг етарли билим олиб, келажакда мамлакатимиз корига ярайдиган етук кадр бўлиб вояга етишишида зарур шарт-шароит яратиш учун давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 ташаббус ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Ўқувчи-ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиши, йигит-қизлар маънавиятини юксалтириш учун китобхонликни кенг тарғиб қилишни тизимли ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур интернат-мактабда дунё стандартлари асосида ташкиллаштирилган таълим тизими жорий этилган. Ўқувчиларнинг гуруҳларга бўлиниб дарсларда қатнашаётганига эътибор қаратдик, синфхоналар, билим олиш учун имконияти чекланмаган ўқувчиларники каби жиҳозланган, дарслар ҳам таълим тизими дастури асосида олиб борилади. Деярли фарқ сезилмайди. Аммо ҳар томонлама соғлом ўқувчилар таълим олаётган айрим ўқув даргоҳларида ўрни келса, биронта фан олимпиадаси ғолибини ёки бошқа соҳада юксак эътирофга сазовор бўлган ўқувчини учратавермаймиз…
Буни қарангки, кўзи ожиз болалар таълим оладиган интернат-мактаб ўқувчиларидан Мирсаид Мухторов Болгарияда ўтказилган халқаро мусиқа фестивалида пианинода жаҳон композиторлари яратган мусиқаларни моҳирона ижро этиб, I даражали диплом билан тақдирланибди. Дониёр Солиев эса ўтган параолимпиа ўйинларида югуриш мусобақасининг ғолиби бўлди.
— 2018-2019 ўқув йилини муваффақиятли тугатган 16 нафар ўқувчимиздан 7 таси жорий йил олий ўқув даргоҳларининг талабаси бўлишди.
Шундан, Ёвқош Абдуваитов математика фанидан, Аббос Умрзоқов эса она тили ва адабиётидан ўтказилган Республика фан олимпиадасида биринчи ўринни олиб, Ёвқош Ўзбекистон Миллий университетига, Аббос Тошкент давлат педагогика университетига имтиёзли қабул қилинди. Мамлакат миқёсида олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинган мактаблар ўқувчилари 30-40 фоизни ташкил этса, бизда бу кўрсаткич 50 фоизга етди, — дейди интернат-мактаб директори Рустам Сафаров.
Бу ерда таълим олаётган ўқувчиларнинг ўзларида қизиқиш кучли экани, айниқса, таълим, спорт, мусиқа йўналишидаги тўгаракларга иштиёқи баландлиги, ўзига муносиб касбни иложи борича мукаммал эгаллашга интилишидан ҳам сезилди.
— Компьютер маркази хонаси ташкил этилиши ўқувчиларда ўзгача завқ уйғотди, — дейди математика-информатика фани ўқитувчиси Оқмурод Ўтамуродов. — Агентлик томонидан тақдим этилган компьютерлар кўриш қобилияти чекланган ҳамда кўзи ожиз ўқувчилар учун максимал даражада мослаштирилган. Шу жумладан, махсус овозли интерфейслар асосидаги дастурлар ўрнатилган. Хотираси 700 гегабайт, тезкорлиги 8 мегабайт, 23 дюм экран дисплейга эга бўлиб, компьютерни бошқариш учун “NVDA — 2019-1” овозли дастур киритилган. Махсус ишланган клавиатураси экрандаги матн блоклари, ёрлиқлар ва меню элементларининг номларини айтиш хусусиятига эга. Ўқувчилар бир-бирларига халақит бермасликлари учун барча компьютер жамламасига қулоқчин ўрнатилган.
Интернат-мактаб билан танишиш жараёнида яна шу нарса маълум бўлдики, ушбу компьютерларга Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланаётган, шунингдек, Агентлик ташаббуси асосида йўлга қўйилган “Болалик кунларимда” лойиҳаси доирасидаги аудиоэртаклар ҳам жойлаштирилган бўлиб, ўқувчилар бўш вақтларида ўзбек халқ эртаклари орасидан ўзлари истаганини эшитиш имкони мавжуд. Шунингдек, бадиий ва илмий адабиётлар билан ҳам таъминлангандир.
Тадбирда Агентлик раҳбарияти, Халқ таълими вазирлиги вакиллари, ихтисослашган мактаб-интернати ўқитувчи-мураббийлари ҳамда ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Юсуф Худойқулов,
“Hurriyat” мухбири.