Тошкент мегаполис шаҳарлар қаторига қачон киради?

Мамлакатимиз кун сайин улкан индустрия ўлкасига айланиб бормоқда. Шаҳарларимиз янгитдан чирой очиб, серҳашам бинолар, кўп қаватли иморатлар кўркам қиёфа касб этаётир…

БМТнинг сўнгги маълумотларига қараганда, Токиода 37 миллион, Деҳлида 29 миллион, Шанхайда 26 миллиондан кўпроқ, Мехико ва Сан-Паулуда 22 миллион аҳоли истиқомат қилади. Улар мегаполис шаҳарлар қаторида рўйхатга олинган. Энг қизиғи, бу шаҳарларнинг йўллари кенг ва равонлигидан енгил машинада бемалол шаҳар айланиш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, пойтахтимиз Тошкентда уч миллионга яқин аҳоли яшайди. Келиб-кетувчилар, рўйхатсиз яшаётганлар бундан мустасно. Лекин беихтиёр: “Нега пойтахтимиз кўчаларида одамлар бемалол машинада юролмайди?” — деган савол туғилади. Ҳали биронта хориждан келган турист енгил машинани ижарага олиб, шаҳар айланганини эшитмадик (балки дуч келмагандирмиз).

Тошкент — мамлакатимиз пойтахти, унинг кўркам ва сокин бўлишини ҳаммамиз истаймиз. Кейинги йилларда пойтахтимизда олиб борилаётган бунёдкорликларга ҳамманинг ҳаваси келмоқда. Биргина қурилиши жадал кетаётган “Тошкент Сити”даги гўзал манзаралар Ватанимиз остонаси бўлган азим кентимизнинг чиройи кундан-кунга очилиб бораётганидан далолат беради. Лекин энг катта шаҳримизнинг марказий йўллари учун ҳали қилинажак ишлар кўп. Йўлларнинг айримлари олти қаторли, қолганлари эса тўрт-уч қаторли. Машиналар кўплигидан уч полосали йўлда беш қатор бўлиб ҳаракатланиш оддий ҳолга айланган. Бир-бирига тегиб кетадигандек юраётган уловларни кўриб, баъзан хавотирга тушасан киши.

Айниқса, кўпгина иншоотлар, бозорлар, муҳташам савдо бинолари, айрим ташкилотларнинг олдидан ўтган катта йўлнинг биринчи қаторини эгаллаб турган енгил автомашиналар сафи кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса автотранспортларнинг йўл қоидасига амал қилиб ҳаракатланишига жиддий тўсиқ бўлиш билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу кунларда кўп қаватли турар- жой биноларини қуриш мўмай даромад манбаига айланаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо шу биноларда яшайдиган аҳоли учун қулайликлар яратиш ҳам биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган вазифадир. Пойтахтдаги кўпгина иморатлар катта йўлга тақалиб қурилган, бунинг устига, автотураргоҳлар учун махсус жой ажратилмаган. Борлари ҳам уч-тўрт квартал учун биттадан қурилган.

Натижада, одамлар автоуловини ўзи яшайдиган кўп қаватли уйнинг ёнида қолдиришмоқда. Бу ерга кексалар, ёш болалилар, ногиронлар уйда сиқилган пайтлари ҳовли айланиш учун чиқишади. Йўлакларга тақаб қўйилган машиналар бунга имкон бермайди. Енгил машиналарнинг 70-80 фоизи эса енгил ёқилғи ҳисобланган метан гази билан юради, бу ёнғин хавфини келтириб чиқариши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Корхона ва ташкилотлар учун қурилаётган баъзи иморатлар ҳам айнан катта йўл чеккасида, бир-бирига жуда яқин қилиб қурилгани автотураргоҳлар барпо этишга етарлича имкон бермаётганини кўрсатади. Аслида ушбу кўп қаватли бинолар, ташкилот офислари, савдо марказлари, турар-жойлар лойиҳасини яратаётган мутахассислар автоуловларнинг махсус тураргоҳлари учун жой ажратиши ўта муҳим масала бўлиб қолмоқда. Негаки, ташкилот ва корхоналарда ёки хусусий фабрика, заводларда ишлайдиган ходим ва хизматчиларнинг деярли ҳаммасида машина бор. Албатта, одамларимиз оила бюджетидан орттириб енгил автоулов сотиб олаётгани мақтовга лойиқ. Аммо…

Айрим ташкилотга иш билан бориб қолсангиз, бир-бирига қапишиб турган машиналар орасидан йўл топиб, идора эшигига етиб боришингиз қийин кечади. Ҳатто бинога кириш йўлаги олди ҳам енгил машиналар билан тирбанд бўлади. Эшик ёнида турган хизматчидан “фалон ташкилот шуми?” — деб сўраш учун овоз кучайтиргич карнай керак. Яқинига бориб сўрай десангиз, йўл адоғидан “разворот” қилиб, бино тагидаги йўлакчадан юриб келиш керак. Шундай нуфузли ташкилотларда машина тураргоҳи йўқлиги ҳайратлантиради кишини.

Собиқ иттифоқ даврида аҳолининг машина сотиб олишга имкони йўқ эди. Имкон яратиш ҳатто раҳбарларнинг кейинги режасида ҳам бўлмаган, шу сабаб машина тураргоҳлари учун жой ажратишга (собиқ МҚга тегишли ташкилот ва идоралар бундан мустасно) унчалик эътибор қаратилмаган. Бунинг таъсири айрим шаҳар қурилиш ва ободонлаштиришни лойиҳалаш ташкилотларида ҳали ҳам сезилаётгани ажабланарли ҳол.

Тўхтаманг, тақиқ белгиси бор!

Тўғрисини айтганда, йўл ҳаракати қоидалари белгилари юз фоиз керакли жойга ўрнатилган, деб бўлмайди. Бунга мисол, Алишер Навоий, Шота Руставели, Амир Темур, Халқлар дўстлиги сингари марказий кўчаларга туташ кўчаларда ҳаракатланадиган йўловчи ташувчи автобусларнинг, ёзнинг жазирамаси-ку майли, аммо қиш-қировли кунларда ҳам катта йўлга чиқиб олгунича, ҳайдовчининг пешонаси терлаши тайин. Йўлнинг торлигидан ташқари, йўлнинг четида турнақатор турган енгил машиналар ўтиш масофасини янада тор қилиб қўйган.

Айниқса, серқатнов кўчаларда “йўл четида тўхташ мумкин эмас” белгиси турса-да, барибир автоуловлар қаторлаштириб қўйилаверади. Иккинчи йўлакдан келаётган автомобиль секинлаб ўтишга мажбур, сал қалтис ҳаракат қилса, савлат тўкиб турган машинанинг орқасидан туртиб ўтиши мумкин. “Чилонзор деҳқон бозори” қарама-қаршисидаги дўконда савдо қиладиган танишим:

— Ҳар куни шу аҳвол, ҳатто ўзимиз йўлакда ҳам эҳтиёт бўлиб юрамиз. Баъзида йўл-патрул хизмати ходимлари тартибга олгани келиб қолади, фақат шу куни одамлар пиёдалар йўлагидан бемалол ўтиб-қайтади, машиналар ҳам енгил ҳаракатланади. Тиқилинч бўлмайди. Лекин “облава” тугагач, яна “эски тос, эски ҳаммом”лигича қолаверади, — дейди.

Такси ҳайдайдиган қўшним бор, у ҳам нолиб қолади:

— Шаҳарнинг кўпгина марказий кўчаларидаги бозорлар атрофида биронта автотураргоҳ йўқ! Нима қилиш керак? Ҳайдовчиларнинг ҳам оиласи бор, рўзғори бор, бозор-ўчар қилгани келади-да, машинасини иложсизликдан йўл четига қўяди. Қанийди, махсус тураргоҳ бўлса, тинчгина олиб бориб қўярдик. Ва хотиржам бозоримизни қилардик.

Этика ҳамма жойда керак

Баъзида шундоқ автобекатга келиб тўхтаган енгил машина эгаси бекатдаги пайнет ёки озиқ-овқат дўконига кириб, шошилмасдан ўз юмушини бажаради. Йўловчи автобус эса бекатга киргунича сигнал босаверади-босаверади, машина эгаси пинак бузмайди. Албатта, бу ҳайдовчи этикасига тўғри келмайди. Хорижий давлатларда бу ўта маданиятсизлик ҳисобланади. Аслида ҳайдовчилар ҳам бир-бирларини ҳурмат қилишни ўрганишлари керак.

Катта йўлнинг чеккасига машинасини қолдириб, ўзи иш жойига ёки бирон юмуш билан идорага кириб кетган ҳайдовчи, хотиржамми, ахир катта йўл, қатнов кўп. Айниқса, энди ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, машина бошқараётганлар кўп. Бирортаси эҳтиётсизлик қилиб машинасини уриб олса, унга ҳам жабр. Энди: “Нега машинангизни тақиқланган жойга қўйдингиз”, десангиз, дарров: “Қаерга қўяй, парковка йўқ-ку!” — дейди.

Махсус машина турар-жойи бўлмагач, қонун-қоидага амал қилиш ҳам сал чекинади-да! Аслида қоидани бузиш қонунга нисбатан беписандликни билдиради. Бунинг устига кўпгина йўл транспорти ҳодисалари айнан қоидага риоя қилмаслик натижасида юз беради.

Шуни ҳам айтиш керакки, пой­тахтдаги Сергели, Яккасарой, Чилонзор ва Учтепа туманларидаги айрим савдо мажмуалари, бозорлар ёнида автомобиллар тўхтаб туриши учун махсус жой қилинган, буни қарангки, аксар ҳайдовчилар барибир машинасини катта йўл ёқасига қўйишади. Балки бу уларга қизиқдир. Албатта, автотураргоҳлар пуллик, яна компьютер соатига ҳисоблайди. Лекин жуда қиммат эмас, бу ерда машина эгаси ё пулини қизғанади, ё вақтини, ё қоида бузиб ўрганиб қолган. Нима бўлганда ҳам йўл ҳаракати қоидасига ҳар ким риоя қилиши шарт.

Чунки тўхташ ёки тўхтаб туриш тақиқланади ёки шунга ўхшаш, қоидасини бузган шахсдан энг кам иш ҳақи ҳисобидан уч баравар кўпроқ миқдорда жарима ундирилади. Энди ўзингиз ҳисоблаб чиқинг, бир марта қоида бузсангиз, марҳамат тўлаб қўйинг! Агар яна пулингиз кўп бўлса, яна қоида бузинг, жарима бор-йўғи беш-ўн баробар ошиши мумкин. Лекин оила бюджетига каттагина зарар келтираяпсиз, ҳисоб-китобни тўғри олган шахс ортиқ қоида бузишга журъат қилмаса керак.

Ички Ишлар вазирлиги ҳисоботига кўра, қоидани ҳадеб бузаверган айрим ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган. Шунга ҳам қарамай гуё атайлаб қилгандек, яна қоидани бузиб жазо меҳнатига юборилганлар ҳам бор экан. Ҳа тўғри, “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, дегани шу бўлса керак-да…

Замонга қараб яшаш шарти

Собиқ совет иттифоқи даврида кўп қаватли турар-жойларнинг бир бурчагида “машина гаражи” учун жой ажратишарди, “машина ол­динг­ми, пулини тўлаб, “гараж” ҳам сотиб ол!” — дейиларди. Нима бўлди-ю, машина “уй”лари кимларгадир ёқмай қолди, дарров қарор билан буз-бузга тушишди, шунча темир маҳсулот эгасини топиб кетди. Ўрнига янгиси қурилмади ҳам.

Ҳозир айрим оилаларда отада алоҳида, онада ва болада алоҳида автоулов бор. Кейинги пайтларда боласининг тўполонидан безор бўлиб, ҳовлида ўйнаб келиши учун рухсат берган она: “Ҳой, ана у машинага яқинлашма-я, фалончиники, узоқ юр! Тинчлик керак!” — деган бақириб-чақиришлар кўп эшитилиб қолаяпти. Бола ҳайрон, у қаерда ўйнасин, катта йўлга чиқма, йўлакдан юрма, майдончангни маҳалла раиси автотураргоҳ қилиб, қўни-қўшнига сотган, эгаси бор, кўзингга қара, деган танбеҳни ҳар кун эшитган бола: “эй, бор-ей”, дейди-да уйда ўтириб телевизор кўради (кўзга зиёни бор, аммо тинч) ёки қўл телефонидан алламбало файлларга кириб тутруқсиз кино томоша қилади. Бунинг устига, ҳатто ота-она ҳам тинч: ҳар тугул боласи уйда ўтирибди, бехавотир уй юмушини қилаверади. Боласи нима билан банд, қизиқмайди…

Одамларнинг қўша-қўша машина олаётгани, албатта, яхши, оила юмушига ярайди, улов-да, оғирини енгил қилади. Бундан ташқари, рўзғорбопи бўлса, яна яхши. Рост-да, эски замонда ҳам от-араваси борларга қўни-қўшнининг иши тушган, “бой”лардан ҳисобланган…

Нима бўлганда ҳам, шаҳар қурилиш мутасаддилари серқатнов йўллар чеккасидан ҳашаматли иморатлар қуриш лойиҳасини тайёрлаётганида автоуловлар тураргоҳларини замонавий, хушбичим қилиб барпо этишга эътибор қаратишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бир марта йўл қоидаси тартибини бузган ҳайдовчи иккинчи марта бузишдан тап тортмайди, ўрганиб қолади. Балки бу кимгадир манфаат келтирар, аммо аҳоли учун ташвишдан бошқа нарса эмас.

Президентимиз кучли жамиятдан кучли давлат сари йўл фаровон келажагимиз асоси эканини кўп бор таъкидлайдилар. Аммо атрофдагиларнинг менинг ўз кўзлаган йўлим бор деб билганича ҳаракат қилиши ҳеч бир даврда ўзини оқламаган…

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 2 =