Китоб — қалб шифоси

XXI аср ҳаётимизга шиддат билан кириб келгани рост. Юксак замонавий технологиялар, компьютер, интернет ва ҳоказолар сабабли, биз инсонлар, негадир сўнгги йилларда бадиий китобларни (роман, ҳикоя, шеърлар) кам, жуда кам ўқиймиз. Шоир айтганидек “интернет деган аждар” нақд мўъжизанинг ўзгинаси – бирпасда дунёнинг ҳамма ахборотларидан хабардорсиз, агарда ижтимоий тармоқларга бир назар солсангиз борми, соатлар, дақиқалар ёки куннинг қандай ўтиб кетганини ҳам сезмай қоласиз.

Эрталаб ишга, ўқишга, кеч­қурун уйга шошиш жараёнида автобус ёки метрода кўрганимиз — бахтиёр ёшларимиз ўзлари билан ўзлари овора, кафтидаги “дунёни” мазза қилиб томоша қилиб кетаверади. Уларнинг кафтида китоб эмас, энг сўнгги русумдаги телефонлар бўлади. Беихтиёр хўрсиниб қўя­сиз, қани энди китоб ёки бирор газета ўқиб кетаётган ёшларни учратсангиз…

Ҳозирда ёшлари 60-70 ларга бориб қолган ҳамюртларимиз ёшлигидан улуғ адибларимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Ойбекнинг “Навоий”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, Одил Ёқубовнинг “Диёнат”, Чингиз Айтматовнинг “Жамила” сингари асарларини иштиёқ билан ўқишганини эшитиб, энди буларни бир ёруғ хотира каби эслаш ҳам одамни ўкситади баъзан…

Куни кечагидай ҳамон кўз ўнгимда Райимбой акам касби ўқитувчи эди (Аллоҳ раҳматига олсин). Айниқса, қиш фаслининг узун кечаларида то тонггача китоб ўқиб чиқардилар, уйи­мизнинг бир хонасида акамнинг китоб жавони бор эди. Акам: “Бу китоблар менинг хазинам, бойлигим, жавоҳирларим, менинг сирдош дўстларим”, дердилар. Биз опа-сингиллар ҳам бу китоб­ларни ўқирдик, асар қаҳрамонларини муҳокама қилиб, бир-биримиз билан тортишиб ҳам қолардик.

Тўғриси, ҳозир одамларда бадиий китоб ўқишга, гўёки вақт етмаётгандек, кунлар тез ўтиб кетаётгандек ҳолат мавжуд. Бироқ, уй-рўзғор, болам-чақам, пишир-куйдирдан ортса ойнаи жаҳон мурувватини бураб, сериал томоша қилади. Эртасига ишга келибоқ, ўша сериаллардаги қаҳрамонларни муҳокама қилишади.

Бир куни ҳамкасбимдан атайлаб сўрадим: “Сиз бадиий адабиёт ўқийсизми?”, деб. У: “Йўқ ўқимайман, вақтим йўқ ишдан зўрға уйга бораман, уй юмушлари ўзи етиб ортади”, дейди. Бу XXI аср бошининг ўзгармас ҳаёт сценарийси десам асло муболаға бўлмайди. Аёллар маош олсалар, бозорга ёки супермаркетга бориб, энг охирги модадаги кўйлак, атир-упалар сотиб олишади, китоб олишга эса пули етмайди.

Ахир китоб ўқиган инсоннинг онгу тафаккури юксак, дунёқараши кенг бўлиб, мукаммалликка, комилликка етишади. Ҳаёт синовлари олдида қаддини тик тутади, айрим қийинчиликлар олдида эсанкираб қолмаслиги табиий ҳолат эмасми?!.

Марҳамат Матвафаева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + twelve =