Бажарилган ишлар, иcтиқболдаги режалар

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви йиғилиши бўлиб ўтди

Унда уюшманинг бошқарув аъзолари ва кенгашлар раислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Уюшма томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йил режалари ҳақида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимовнинг ахбороти тингланди.

Ўтган вақт давомида уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, газета-журналлар, телерадиоканаллар, нашриётлар, ахборот агентликлари ва интернет сайтларида ишлаётган журналистларнинг, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тегишли ижодий-услубий ёрдам ва кўмак кўрсатиш, ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, моддий ва маънавий рағбатлантиришга кўмаклашиш борасида амалий ишлар олиб борилди. Бир қатор тадбирлар, конференция ва давра суҳбатлари, семинар ва тренинглар, медиатурлар, минтақавий ўқув тадбирлари ўтказилди.

— 2019 йил мамлакатимиз учун сермазмун ва муҳим воқеаларга бой бўлди, — деди С.Ҳакимов. — Биз йил давомида шоҳид бўлган ишларни “янгиланиш” деган сўз билан яққол ифода этиш мумкин. Янгиланаётган Ўзбекистон, янгиланаётган жамият, янгиланаётган дунё­қараш, янгиланаётган тафаккур.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Ислоҳот — бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало, одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради”. Журналистлар ижодий уюшмаси йил давомида ўз фаолиятини ана шундай замон талаблари асосида ташкил этишга ҳаракат қилди.

Ғолиблар муносиб тақдирланди

Жумладан, “Олтин қалам”, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” каби танловларни ташкил этиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тадбирларини юқори савияда ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Бу ўринда “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловнинг нуфузи нафақат мамлакат ичида, балки чет эллик журналистлар ўртасида ҳам тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу йил танлов 14-марта ўтказилди. Унда 520 дан ортиқ маҳаллий ва чет эллик журналист 7000 га яқин материали билан иштирок этди. Улар орасидан Бош миллий мукофот соҳиби ва 12 та асосий мукофот эгалари, шунингдек, тўртта рағбатлантирувчи совриндорлар аниқланди. Бош миллий мукофотга икки жамоа — Халқаро пресс- клуб ва “Ўзбекистон-24” телеканали сазовор бўлди.

Биринчи навбатда, Республика ижодкорларини қўллаб-қувватлашда “Илҳом” жамоат фонди ва Республика товар хомашё биржасининг молиявий кўмаги мустаҳкам замин яратди.

Танловда халқаро ташкилотлар — ЮНЕСКО, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақавий экология марказининг филиали (РЭЦЦА), ЮСАИДнинг Сил касаллигига қарши кураш дастури, DVV International (Германия), “Регионал диалог” (Словения) каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, АҚШ, Туркия, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасининг элчихоналари, шунингдек, миллий ҳамкорлар — Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Мус­тақил босма ОАВ ва ахборот агент­ликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ҳам ўз номинациялари билан қатнашдилар.

Номинациялар ғолибларининг аксарияти хорижий мамлакатларга ижодий сафар йўлланмаси билан тақдирланганларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай сафарлар уларнинг чет эллардаги касбдошлари билан танишувлари ва тажриба алмашувларига, замонавий билим-кўникмалари ошишига хизмат қилади.

Журналистнинг касб этикаси

Шунингдек, анжуманда жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг тўртинчи конференцияси бўлиб ўтгани қайд этилди. Конференцияда йигирма йилдан ортиқ вақтдан бери ўз ечимини топмай келаётган уюшма аъзолигига қабулни тиклаш масаласи ижобий ҳал этилгани, аъзоликка қабул қилиш ҳақида низом ишлаб чиқилгани ва тасдиқлангани айтилди. Ўтган конференцияда яна бир муҳим ҳужжат — “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси” қабул қилинди. Унинг Жамоатчилик кенгаши ташкил этилгани таъкидланди.

Жорий йилда 34 нафар журналист юксак давлат мукофотига сазовор бўлган бўлса, 5 нафар журналистга Республика Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони берилди.

Шу йилдан эътиборан журналистларни мамлакатнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган Медиа-тур лойиҳаси мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шундай медиа-тур Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ташкил этилди. Бир мисол, мазкур йилнинг 1 август куни Сирдарё вилоятига уюштирилган “Журналист ва ҳаёт” мавзуидаги медиа-турда республика ОАВ дан 24 нафар журналист иштирок этди. Республика нашрларида 19 та, веб-сайтларда 3 та таҳлилий мақола, фоторепортажлар эълон қилинди, 3 та телекўрсатув намойиш этилди.

Ижтимоий кўмак

Журналистларни ижтимоий муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилаш мақсадида 3 нафар журналистга яшаб турган уй-жой ша­роитларини яхшилаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат киритилди. Ҳудудларда 14 нафар журналистга вилоятлар ҳокимликлари томонидан имтиёзли кредит асосида янги уй-жойлар берилди. 12 нафарига ер участкалари ажратилди.

141 нафар эҳтиёжманд фахрий  журналистларга моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, 43 нафар фахрий журналистнинг юбилей тадбирлари уюштирилди.

Илк бора ёш журналистларнинг ижод намуналаридан иборат “Ёш юраклар садоси” тўплами нашр этилди. Ундан 44 нафар ёш журналистнинг ОАВда чоп этилган энг сара материаллари ўрин олди. Китоб матбуот аҳли, айниқса, ёшлар томонидан илиқ кутиб олинди.

 Халқаро ҳаёт

2019 йилда уюшманинг халқ­аро алоқалар бўлими янги босқичга кўтарилди. Уюшма раиси март ойи охирларида Корея Журна­листлар ассоциацияси таклифига кўра, Сеулда ўтказилган халқ­аро анжуманда қатнашди. Анжуман доирасида Ўзбекистон Журна­листлари ижодий уюшмаси билан Корея Журналистлар ассоциация­си ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Худди шундай келишув жорий йилнинг сентябрь ойида Умум­хитой Журналистлар ассоциа­цияси билан ҳам имзоланди. Ҳар икки мамлакат Журналистик ташкилотлари билан дўстона алоқалар йўлга қўйилди.

Хусусан, жорий йилнинг 8-13 октябрь кунлари Корея Журналистлар ассоциацияси президенти бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар мамлакатимизнинг етакчи ОАВ фаолияти билан танишдилар, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг медиа­марказида, “Халқ сўзи” газетаси таҳририятида учрашувлар ўтказилди.

2020 йилда ҳам Уюшма ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини янада такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Йил давомида ОАВ соҳасини ривожлантириш, қонунчилик асосларини, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, уларни тегишли ташкилотларга тақдим этиш ишлари давом эттирилади.

“Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни нафақат мамлакат ичида, балки чет эллик журналистлар ўртасида ҳам нуфузини ошириш мақсадида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” бериладиган рағбатлантирувчи мукофот танловга номинация сифатида киритилмоқда. Янги йилдан бошлаб мазкур номинация бўйича ҳам учта ўрин ғолиблари тақдирланади.

Йил давомида олтита вилоятга медиа-тур (марказий оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳудудларга сафарини) ташкил этиш кўзда тутиляпти. Вилоятларда тўртта минтақавий конференция ўтказилади.

“Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан” рукни остида материаллар тайёрлаш учун ҳудудларга хизмат сафари билан юбориш ишлари давом эттирилади.

Келгуси йил режалари

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда Уюшмамиз томонидан мамлакат тараққиётини белгилайдиган туб ислоҳотлар мазмун-моҳиятини очиб берадиган, замонавий қаҳрамонлар образи акс эттирилган бадиий публицистик асар ва тўпламларни нашр этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, “Ёш юраклар садоси” серияси остида, “Ислоҳотлар журналистлар нигоҳида” номли тўпламлар чоп этиш белгиланган. Шунингдек, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси йўлланмаси билан” рукни остида ОАВда эълон қилинган материалларни тўплам ҳолида, “Ўзбек журналистикаси хрестоматияси”ни нашр этиш кўзда тутилмоқда.

Уюшма муассислигидаги “Hurriyat” газетасини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Миллий матбуот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилади.

Хитой, Россия, Жанубий Корея журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолашга эришилди. 2020 йилда юртимиз ОАВ ларида фаолият олиб бораётган беш нафар фаол ва истеъдодли журналистларни Жанубий Кореяга малака ошириш, тажриба алмашиш учун юбориш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Россия ва хитойлик таниқли журналистларни Ўзбекистонга ижодий сафарини уюштириш кўзда тутилмоқда. Йирик Хал­қ­­аро медиатузилмалар ва таниқли ОАВлар фаолияти билан танишув, улар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, Польша, Монголия, Туркия, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизис­тон каби Марказий Осиё давлатлари Журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш ҳам 2020 йилги асосий иш режамизга киритилмоқда. Ёш журналистларнинг йилда бир марта ўтказиладиган “Умид учқунлари” семинари илк тадбирини ташкил этиш, Марказий Осиё давлатлари медиатузилмалари “I халқ­аро форумини” ўтказиш йиллик режага киритилган.

Йиғилишда уюшма фаолиятига доир масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Жобир Хўжақулов

тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 6 =