Эски йилда эришганим, Янги йилдан умидим

Ортда қолаётган йил ёшга секин, қарига тез ўтгандек туюлади. Бу муҳим эмас. Албатта, унинг самарали ўтгани — бирламчи.

2019 йил Ўзбекистонимиз учун баракали келгани рост. Ички ва ташқи сиёсат бобида эътиборли ютуқларга эришдик.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик шартномасига дохил бўлганимиз ўтган йилнинг энг муҳим ютуқларидан бири бўлди. Чунки дунёнинг билгани-билган: «Бирлашган — ўзар».

Давлат мустақиллигига эришганимизга 28 йилдан ошди. Демократик тузум барпо этяпмиз. Лекин бу бирдан бўладиган иш эмас. Бунинг учун аввал ҳар бир фуқаро мус­тақиллигига эришиш лозим. Давлатнинг мустақил бўлишидан кўзланган асосий мақсад — шахс мустақиллигини таъминлаш. Башариятнинг минг-минг асрлик  чўнг тажрибаси шуни кўрсатдики, шахс мустақил бўлмай туриб демократияни жорий этишнинг асло иложи йўқ.  Демократия эса — инсоният узоқ тарихи давомида такомиллаша-такомиллаша қиёмга келган, ҳозирча энг юксак ижтимоий-сиёсий механизм.  У фуқарога ҳурлик беради — ирқий, диний, миллий, жинсий, ижтимоий ва бошқа ҳар қандай фарқдан қатъи назар, ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тенглигини таъминлайди.

Ҳурлик бўлмаса эди, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси дупутатлари сонига кўра, иккинчи ўринда турган партия лидери сайловнинг биринчи босқичида   ғалабага эришолмай қолармиди?! Сайловчи фикрий ҳурлигининг бирламчи белгиси унда номзод шахсига ҳаққоний, холис, мустақил баҳо бера олиш салоҳияти шаклланганида кўринади.

Ўтган йилнинг ёзги таътилини Туркия Республикасида ўтказишга тўғри келди. Бу мамлакатнинг қарийб ярмини айландим. Келиб «Туркия: унинг ҳар қадамида Ўзбекистонни кўрдим» деган 120 саҳифалик китоб ёздим. Янги йилда нашр юзини кўришидан умидворман. 8-синф учун «Адабиёт» дарслик-мажмуасининг 4-нашри чиқди. Уч мутахассис тайёрлаганмиз. Қатъият билан қайта ишладик. «Тафаккур», «Нақшбандия», «Ҳуқуқ ва бурч», «Одил судлов», «Миллий армия» журналлари ва «Ҳуррият» газетасида мақолаларим чиқди, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда иштирок этдим. «Баҳоуддин Нақшбанд» ҳужжатли фильми суратга олинди. Сценарий муаллифиман. Қарийб ярим асрдан буён деярли ҳар куни  «суҳбатлашиб» турадиган бир «дўстим» бор. Бу — Навоий. Йил мобайнида шу улуғ зот билан кўп «дийдорлашдим». Бундай хос «суҳбат»ларнинг айримларидан бошқаларни ҳам хабардор қилиб туриш кўп насиб этди.

Янги йилда барча эзгу ишлар бардавом бўлишини,  янги-янги марралар эгалланишини, икки йилда қилинадиган ишлар шу бир йилда амалга ошишини тилайман.

Бундай баракотнинг қўлга кириши учун биздан ҳам шунга мос ҳаракат бўлиши лозим.

Султонмурод Олим,

«Нақшбандия» журнали бош муҳаррири,

«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + two =