Дил сўзлари

Йил якунланар чоғ ҳар бир инсоннинг кўнглидан ўтган кунлар сарҳисоби занжир ҳалқасидек бир-бир кечади. Кириб келаётган янги йилдан бу йил улгурмаган орзу-ниятларини амалга ошириш иштиёқи ҳам уйғонади. “Hurriyat” газетаси жамоаси ушбу йилда баҳоли қудрат ўз муштарийларининг хоҳиш-истакларини эътиборга олиб, пандемия шароитида оғир кечган ойларда чиқмай қолган сонларини ҳам чоп этди. Мана, қўлингизда газетанинг жорий йилдаги якунловчи — 51-52-сонлари. Албатта, газетамиз нечоғли ўқишли, мазмунли чиқди — бу Сиз азиз ўқувчиларимизнинг ҳукмига ҳавола.

Қуйида эса таҳририятимиз жамоа аъзоларининг ўтаётган ва кириб келаётган йил ҳақидаги дил сўзлари ўрин олди.

 

Абдурасул Жумақулов,

Бош муҳаррир:

Кундузги чироқ

Ҳар бир инсоннинг юзи, қалби, виждони бўлгани каби, ҳар бир нашрнинг ҳам ўз қиёфаси, кўрки, фариштаси бўлади. Бўлиши керак ҳам.

“Hurriyat”нинг ҳар бир сонини Сиз азиз юртдошларга тақдим этишдан аввал ҳар доим, ҳар ҳафта бизни бир савол қийнайди: нима дея олаяпмиз одамларни ўзига жалб қиладиган, уларнинг юрагидаги дарду ҳасратларни айта олаяпмизми? Ё чин сўзни демоқдан ҳайиқиб, иккиланиб қолаяпмизми?

Албатта, биз буларни доим ўйлаймиз. Юртимиздаги ягона мустақил нашр бўлган “Hurriyat” — элимизнинг очиқ минбари бўлиши керак. Унда фикрлар, ғоялар, эркин баҳс-мунозаралар ўз аксини топмоғи шарт!

Шубҳасиз, тўғри гапни айтиш, ёзиш — нонга сариёғни суртиб ёйишдек осон иш эмас. Халқимиз бежиз: “Тўғри гап туққанингга ёқмайди”, деб айтмаган. Лекин зиммамизда шундай масъулият бор, юракларимизда шундай ёлқин, эзгу истаклар мужассам.

Бундан тўрт йил аввал ростдан ҳам осон эмас эди. Оддий бир муаммони кўтарган журналистга ҳам гўёки ёғийдай қараларди. Ўзи-ку ҳамма даврларда ҳам очиқлик, ошкоралик қучоқ очиб кутиб олинмаган. Аммо тан олайлик, бугун юртимизда ОАВига муносабат ўзгарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам алоҳида таъкидлаганларидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”.

Энди умид қиламизки, матбуотда айтилаётган гап, кўтарилаётган муаммоларга эътибор ҳам ўзгариши зарур. Қачонки, катта-кичик амалдорлар матбуотдан қочса, газета ўқимаса, “мажбурий обуна”ни баҳона қиладиган айрим вазирлар не деб ёзсангиз ҳам гўё билмагандек, эшитмагандек, ўқимагандек ўзини тутсалар, бу ҳам ачинарли, ҳам аянчли ҳолат. Матбуот ёзса, шу эл, шу юрт ташвишини ёзади. Гапирса, шу Ватан манфаатини ўйлаб гапиради. Ўзга сабаб ҳам, муддао ҳам йўқ. Матбуот жамиятга кўзгу вазифасини ўтайди, холос. Уни қўллаб-қувватлаб, ўзига яқин олса, фақат-фақат халқимиз, Ватанимизга фойда бўлади-ку бундан!

Ўқигансиз, юнон донишманди Диоген куппа-кундузи кўчада чироқ кўтариб юрганини кўриб, ундан сўрайдилар: “Нима излаб юрибсан?” У жавоб қилди: “Одам излаяпман!”

Таъбир жоиз бўлса, “Hurriyat” кечасию, кундузи эркин сўз илинжида чироқ тутишдек эзгу, машаққатли вазифани ўташни истайди. Элимиз унинг ҳар бир сонини қолдирмай ўқишини, у билан дўст, ҳаммаслак бўлишини хоҳлайди.

Жамоамиз аҳли унча катта эмас. Лекин уларнинг бари меҳнаткаш, самимий, иқтидорли, кўз тегмасин.

Албатта, режамизда ҳали айтилмаган, ёзилмаган қанчадан-қанча мавзулар бор. Мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, ютуқлар қаторида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳамма учун оғир, синовли келган 2020 йил охирида, янги йил остонасида эса юртимизда, ҳар бир ватандошимиз уйида яхшиликлар бўлсин, она диёримизда олиб борилаётган улкан ишлар самараси барчамизга татисин, деймиз.

 

Юсуф Жўраев,

Бош муҳаррир ўринбосари:

Йиллар ҳайрати

Гўё йиллар нафас олиб, нафас чиқаргунча ўтиб бораётгандек, кечагина бошланган сайллар давом этаётгандек туйилади одамга. Аслида бундай эмас, балки доимий ҳаракатдаги одам вақтнинг қандай ўтганини сезмай қолади, холос.

Энг муҳим гап эса ўтган бир йиллик умрдан мазмун топа олишда. Ана шунда йиллар ҳайрат касб этади. Ҳайрат эса иссиқ жонни янада олдинга ҳаракат қилишга ундайди. Унинг яна бир қудрати шундаки, инсон қалбини сокин, фикр дунёсини теранлаштиради. Ўтаётган 2020 йил мен учун ҳайратларга бой бўлди, десам янглишмайман.

Аслида, дунёнинг ўзи бир уммонга ўхшайди, унинг тубида қум барҳанлари остига яширинган илм гавҳарлари бор. Инсон борки, қувваи ҳофизаси, иқтидори, имкони етганича барҳанлар яширган илм гавҳарларини, албатта, ҳар ким ўз ҳаёт йўлига қараб, мисқоллаб териб олади.

“Hurriyat” газетаси ҳам уммон узра бир барҳанки, унда сара илм гавҳарлари яширинган, бу ерда меҳнат қилаётган журналист борки, ўз қаричи билан ўлчаб, бармоғи билан қазиб, илм гавҳарини қўлга киритишига шубҳа йўқ.

 

Ҳикматуллоҳ Қодиров,

бўлим мудири:

Ҳа, айтгандай, байрам муборак бўлсин!

Матбуотда ишлай бошлаганимга йигирма йилдан зиёдроқ вақт ўтибди. Ўйлаб қарасам, анча йўлни босиб ўтибман. Лекин нима орттирдим, қандай эзгу ишларнинг бошида турдиму, нималарни йўқотдим. Шунча давр мобайнида ютуқлардан кўра йўқотишлар кўп бўлди. Гўёки ўзим учун эмас, бировлар учун яшагандекман.

Атрофимдаги таниш-билишлар, ошна-оғайнилар ва қариндош-уруғларнинг таъкидлашича, пойтахтда яшаб қишлоқдан бир парча ер олиб ҳовли-жой қуролмаганим, на дала ҳовли, на машина ололмаганим аҳён-аҳёнда ўйга толдиради. Бугун яхши яшаш билан иш битмайди, келажак ва мўйсафидликни ҳам ўйлаш керак, умр оқар дарё, 40 ёшдан кейин ҳеч нарсага эриша олмайсан, дейилаётган дашномлар одамни чарчатиб ҳам қўяр экан.

Шу хаёллар ҳеч тинчлик бермайди. Мендаги имкониятлар “айрим”ларда бўлса, камида бирор вазирлик ходими бўлиб кетар экан, буни айтаверишганидан танишлар билан бўладиган жайдари суҳбатлардан безиб кетганман. Лекин барисига шукр қиламан. Иложи борича тафаккур билан иш тутишни ўзимга эътиқод қилиб олишга ҳаракат қиламан.

Журналист бўлиб сипо яшашимга ўзим эмас, мен дуч келган давр сабаб деб ўйлайман. Мана шундай муҳитда олтиндан ҳам қиммат умр ўтиб бормоқда. Ёруғ кунларни алқаб яшайвериш ҳам кун келиб, “овутмай” қўяр экан, яширмайман, бу айниқса, пандемия шароитида уйда ёлғиз қолган пайтларимда кўпроқ билинди. Ҳар бир соҳанинг “негр”лари бўлганидек, биз ҳам қачон матбуот ёруғ кунларни кўрар экан, биз ҳам тўкисроқ яшар эканмиз, деб кун кечираётирмиз.

Кўрайлик-чи, умр берса яна кўраверамиз-да… Ҳа, айтгандай, байрам муборак бўлсин!

 

Нигина Музаффарова,

ходимлар бўлими мутахассиси:

Ҳиссам қўшилса…

Инсон яралибдики, яхши яшаш   ва бахтли ҳаёт кечириш илинжида яшайди. Зотан, бунга ҳақли. Мен ҳам мактабни битирганимдан сўнг, аёлларга хос касб танлашни орзу қилиб,   дастурчилик йўналишида ўқишга кирдим ва уни муваффақиятли тамомладим. Бахтли оиланинг бекасига айландим ва бу сафда менга турмуш ўртоғим ҳамкору ҳаммаслак бўлди. Оилам   бекаму кўст, фарзандларимни бир она сифатида тарбиялаш ва шунингдек,   матбуот соҳасида кадрлар нозири бўлиб ишлаш менга насиб   этди. Ҳаёт пасту баландлари билан гўзал. Иш жараёнида баъзан турли қийинчиликларга дуч келинса-да, уни сабот билан енгиб ўтишга уринаман. Чунки ўз соҳамни жуда яхши кўраман.

Матбуот ижодкор журналистлар даргоҳи эканлиги менинг энг катта ютуғимдир. Улардан, айниқса,   китоб мутолааси ва газета- журналларда берилаётган қизиқарли мақолаларни тайёрланиш жараёнларини ўрганиб, газета ишига кам бўлса-да ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман.

Келаётган янги йил ҳамма-ҳаммага муборак бўлсин! Йилимиз барчанинг хонадонига бахт-саодат, омад ва хурсандчиликлар олиб келсин!                

 

Йўлдош Маҳмудов,

ҳайдовчи:

Матбуотчиларустозим

— Бу соҳада ишлаётган ҳар бир ходим журналистдан кам эмас. Чунки сўзнинг кучини ҳис қиладиган касб эгалари орасида ишлаш сизни ҳам қайсидир маънода чархлайди.   Мен иш давомида йўл-йўлакай улардан кўп нарсани ўрганаман. Айниқса, журналистларнинг ўз касбига садоқат билан ёндашишлари мени ҳар гал ҳайратлантиради. Шу жиҳатдан матбуот ва матбуотчилар — менинг устозимдир!

Ўтаётган йил қувончли бўлгани ҳолда келаётган 2021 йил ҳам ўзим, оиламиз учун янада қувончли келишини истардим. Яхши ният билан бошлаган ишларимиз ўнгидан келсин. Шу қатори барча юртдошларимнинг ҳам ўйлаган ниятлари 2021 йилда амалга ошишига тилакдошман.

Бу йил қиш анча баракали келаяпти. Қор — ризқ-рўз, барака деб бежиз айтишмайди. Демак, кириб келаётган янги йил баракали йил бўлади.

Биз ҳайдовчилар йўлда — рулдамиз. Яхши биламан: йўл қоидаларига амал қилиш биринчи навбатда ўзингиз учун фойдали иш, унга амал қилишга ҳаракат қиламан. Барчанинг йўли беҳавотир, оқ бўлсин!

 

Гўзал Бегим,

бўлим мудири:

Бир юрак орзу

“Меҳр” сўзининг луғавий маъноси “Қуёш” эканлигини айтишади. Назаримда “меҳр” сўзи ҳам, унинг луғавий маъноси ҳам кўпроқ Ўзбекистонга, ўзбекка дахлдордек туйилаверади. Эҳтимол, Эрнест Хемингуэй Ўзбекистонга бир мартагина келганида эди “Париж — это праздник, который всегда с тобой”(Париж — бу доим ёнингдаги байрамдир ), деб эмас, шу жумлани Тошкент деб ўзгартириб ёзган бўларди. Чунончи, меҳр, муҳаббат, матонат бизнинг, халқимизнинг байрамидир.

Уйида, шаҳарда, қишлоқда, Ўзбекистондан ташқарида ўзбекча калом билан қанчадан — қанча одамлар бир дастурхон атрофида жам бўлишади. Хаёлларимизни, ўйларимизни, тасаввурларимизни кўтариб янги бир кунга қадам қўямиз. У кимникигадир ўхшар, эҳтимол, ўхшамас. Нима бўлганда ҳам ичимиздан бўшаб, ҳувиллаб ётган кўнгилнинг жаранги эшитилмаса, бас! Очилган эшигимизда тафаккуримиз, зеҳниятимиз, қалбимиз акси кўринсин!

Ортга қарагинг келади: қабристонлар бир нечта мозорга кўпайгани янглиғ, уйларга янги-янги бешиклар, шоир айтмоқчи сўқмоқларга янги излар тушгани рост. Шаҳар онкология диспансерига бир мартагина мўралаб кўринг, УЗИ эшиклари қаршисида қиёфасида умидларига қўрқув оралаган одамларга кўзингиз тушади. Аслида кўпчилигимиз ҳаёт эшигини орқа томонидан беркитишга қўрқишимиз рост-ку! Бобом 87 ёшида ҳам “Ҳаёт қурғур жуда гўзал-да, ташлаб кетгинг келмайди” дер эдилар. Бугун мен ёш-ёш болакайлар танасидаги оққон билан ҳам   ҳаёт гўзаллигини, тотини 87 яшар бобомдан кам ҳис қилади, деб ўйламайман.

Аслида байрамлар, 2021 йил фақат шодумон хонадонларга эмас, касалхоналарга, қамоқхоналарга, меҳрибонлик ва қариялар уйларига — ҳамма-ҳаммасига бирдек кириб келади. Улар ҳам байрам завқини биздек туя оладими, мана нима ўйлантирмоқда мени?! Беихтиёр ҳар бир кўнгли забуннинг, паришонҳолнинг умидига етишидан умидланаман!

Ҳечқурса, байрам куни светни ўчирмаса эди, деяётган навниҳол қизнинг қоронғида балқиган гўзаллиги ёнидан,   газга ёлчиган кунларни биз ҳам кўрармиканмиз, дея ўчоққа ўтин қалашдан зада бўлган аёлнинг ўйлари устидан, болам Россиядан мўмай пул ишлаб келади, дея байрам татимаётган онанинг соғинчларини пармалаб ўтганча янги, тамоман янги бир йил кириб келмоқда. Зеро, биз ана шундай халқмиз: янги кунни ҳам, янги ойни ҳам, янги йилни ҳам бир коса зилол сув янглиғ юракларимиз жимирлаб кутиб оламиз.

Ўтаётган йил нохотиржамликлар, безовталиклар, яккаланиш йили бўлган эса-да, индивидуал маънода кимларгадир бахтли йил бўлгани аниқ! Зеро, биз кўзгуга қараб сочини тўғирлаган аёл монанд янги йилга қараб орзу умидларимизни тўғирлаб оламиз. Бир юрак орзу билан 2021 йилга юзланамиз.

 

Абдулазиз Аҳмедов,

мухбир:

Ёш “Hurriyat”чиман

Ёш “Hurriyat”чиман — ходимлар орасида энг кичиги. 2020 йил, тўғри, жуда синовли бўлди, оғир келди. Барибир, мен бу йилдан миннатдорман. Сабаби, у менга “Hurriyat”ни берди. Мустақил газета эса ўз сўзимни, ичимни тирнаб юрган гапларни айтишим учун майдон ҳозирлаб, ёшимга қарамасдан минбарнинг тўридан жой кўрсатди.

Балки қўрслигим, қизиққонлигим сабаб йил давомида кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам бўлди, албатта. Лекин бундан сира афсусланмайман. Ҳаммаси яхшиликка, чунки хатомни англаб етдим, қилмишимдан хулоса чиқардим.

Инсон ёшлигида қанча кўп хато қилса, боши деворга қанча кўп урилса, шунча “пишади”, ишнинг “иссиқ-совуғи”ни биладиган етук кадр сифатида шаклланади. Айниқса, талабалик пайтида имкон қадар кўп хато қилиб олиш лозим. Чунки пешанангизга “Олий маълумотли” деган “тамға” босилганидан сўнг, хатойингиз кечирилмаслиги мумкин.

“Hurriyat” бир “қулоқсиз” мухбирининг барча “эркаликлари”га кўз юмиб, мени тажриба мактаби янглиғ тоблаб келаётганига ҳам бир йил бўлибди. Илоҳим, узоқ йиллар давомида Шу азиз газетанинг “ҳадиси”ни олиш, унинг қозонида қайнаш бахти насиб этсин.

Байрамингиз билан!

 

Эркин Ёдгоров,

саҳифаловчи-дизайнер:

Фарзандлар бахти бахтимдир

— Ўтаётган йил менга ҳам эл қатори бироз хавотирли, шу билан бирга бироз зерикарли ўтди. Коронавирус балоси сабаб онам ва болаларим, яқинларим соғлиғи, хавфсизлиги мени ташвишлантирди. Оллоҳга шукр қилиб, яхши ният билан ҳаммасини енгиб ўтдик, ортда қолди деган умиддаман.

Ўтган йилдаги қувончли воқеалардан бири қизим Моҳинурнинг орзуси ушалди. Қизим талаба бўлди, келажакда ўқишини хорижда давом эттиришини ният қилмоқдамиз. Кириб келаётган йилда менинг вазифам бу йўлда унга маънан ва моддий таянч бўлиш, тўғри йўл кўрсатишдан иборатдир. Жумладан, ўғилларим тарбиясига кўпроқ вақт ажратиш, уларнинг қизиқиш ва истакларига ҳаммаслак бўлиш ҳам оталик вазифамдир. Зеро, фарзандлар бахти — бахтимдир.

Янги йилда барчага, онамга, оила аъзоларим, яқинларим, ҳамкасб дўстларимга, юртдошларимизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат тилайман.

 

Зуҳра Ҳасанова,

мусаҳҳиҳ:

Ҳаётимиздаги янги саҳифа

Негадир, менда ҳар йили эски йилни кузатиш хаёлан қийин кечади. Умримнинг тарихга айланаётган ушбу саҳифасида келажак авлод учун нима қолдирдим, деган савол атрофида айланаман гўё. Одатда анча ишларни режа қилиб, ўзим учун кам вақт ажратганим ва қилган режаларимга кўп ҳолларда улгура олмай қолганимдан бўлса керак. Ўзимни ўзим тергаб: ҳаракатларимни тезлаштиришим керак, дейман гоҳида.

Аммо мақсад аниқ, танимиз, яқинларимиз соғ, оиламиз, юртимиз тинч ана шу нарса таскин беради юракка. Айниқса, бутун инсоният учун синовли бўлган ўтаётган йилимиздан ҳам эсон- омон ўтмоқдамиз. Албатта, бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Энди эса ҳаётимизда янги саҳифа очаётган янги – 2021 йилда тилагим шуки, аввало, эл-юртимизда, оилаларимизда аҳиллигимиз давомий бўлсин. Президентимиз томонидан эълон қилинган 2021 — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” мамлакатимизнинг барча фуқаролари учун хайрли амалларга, тарихий ютуқларга бой йил бўлсин.

 

Шаҳзод Шодмонов,

мухбир:

Келажак муқаддимаси

…Аслида, бир йилнинг қимматини ҳар куни бир варағидан жудо бўлаётган девордаги тақвим яхшироқ билса керак. Лекин ҳар нафасда бир сониясидан айрилаётган биз инсонлар кўпинча умримизнинг қадрини билавермаймиз…

Вақтни ўлчаш, турли бирликларга ажратиш илк бор кимнинг хаёлига келган экан? Билмадим, лекин яхши иш бўлган. Аслида-ку, Яратган куну туннинг, фаслларнинг алмашинуви билан умрнинг ғанимат эканига ишора қилиб қўйган. Ортда қолиб бораётган йил бутун аҳли инсон учун синовли-имтиҳонли келди. Лекин шукр Роббимизгаки, уни ҳам ортда қолдириб, янги йилнинг бўсағасида турибмиз. Барчамизнинг ҳам энг катта тилагимиз: барча ташвишлару дардлар, ғам-андуҳлар, хавф-хатарлар эски йил билан қолиб кетсин!

Инсонга яхшики, орзу қилиш хислати берилган. Баъзан ҳар қанча оғир вазиятларда ҳам одамни нурли келажакка етиш нияти маҳкам тутиб туради. Аслида сабрнинг ҳам манбаи, аввало, Аллоҳнинг хайрига ва гўзал келажакка ишонишдир. Ҳеч замонда ичимиздаги ана шу ишонч устунига дарз етмасин.

Янги йил — янги умид, янги мақсад, режалар ва балки орзулардаги келажакнинг муқаддимасидир. Ҳаммасидан ҳам аввал саломатлик бўлсин экан. Ягона тилагим шуки, 2021 йил инсоният тарихида қора ҳалқа билан белгилаб қўйиладиган йиллардан бўлмасин!

 

Шоҳиста Убайдуллаева,

мусаҳҳиҳ:

Хайрли тилаклар

— 2020 йил бутун дунё учун анчагина ташвишли бўлди. Кўпчилик инсонлар яқинларидан айрилди. Мамлакатимиз ҳам бир қанча кўнгилсиз воқеаларни бошидан кечирди. Буларнинг барчаси ҳам ватандошларига, инсоният тақдирига бефарқ бўлмаган одамнинг юрагида ўзининг қайғули изини қолдиради, албатта.

Аммо биз ёшликдан шукр қилишга, сабр қилишга, хайрли ниятлар қилишга ўрганиб яшадик. Тугаётган йил кўпларнинг тақдирида мунгли из қолдирган бўлса-да, шукр қилиб айтишим керакки, менинг оиламда бир неча масъуд воқеалар бўлди. Кенжа ўғлимнинг камолини кўриб, уйлантирдим. Келиним турмуш ўртоғим-у менинг хизматимизда югуриб-елмоқда, кўз тегмасин. Яқиндагина катта ўғлимнинг учинчи фарзанди дунёга келди. Данагидан мағзи ширин, дейишади-ку, невара суйиш бахтини берган Аллоҳимга такрор-такрор шукрлар, дейман.

Турмуш ўртоғим шу йил пайғамбар ёшини қаршиладилар. Умрлари узоқ бўлсин. Барча яқинларимиз ҳам, ўзимиз ҳам соғ-саломатмиз. Илоҳим, доим шундай бўлсин!

Келаётган йилдан ҳам умидларим жуда катта. Янги йилда кенжа ўғлимнинг ҳам фарзандини суйиб бағримга олишни насиб этсин Худойим. Икки ўғлим, қизим қўшганлари билан қўша қаришсин. Инсониятнинг, халқимизнинг бошига келган ташвишлар эски йилда қолиб кетсин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − fifteen =