Халқимиз розилиги — фаолиятимизга берилган энг олий баҳо

Бугунги янги ислоҳотлар даврида тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Эришилаётган натижаларни тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари юртимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун бор имкониятларини сафарбар этаётганида кўриш мумкин.

Пандемиянинг синовли кунларида Юртбошимиз томонидан кўрсатиб ўтилган янгиланиш жараёнидаги тавсияларни барча юртдошларимиз қатори биз каби тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлади. Улар шундай оғир шароитда ҳам юртимизда янги уй-жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объектларини қуришда бор куч ва имкониятларини сарфлашмоқда.

Шу жумладан, “Zarafshan Golden Group” компанияси жамоаси қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати, тўқимачилик, металл конструкциялар, тош минералларини қайта ишлаш, темир-бетон, ғишт, оҳак каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришда, мева-сабзавотчилик, чорвачилик йўналишларида самарали фаолият олиб бораяпти. Компания ўз олдига юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш орқали ўз миллий брендини яратиш ҳамда замонавий архитектура талаблари асосида сифатли уй-жойлар ва ижтимоий объектларни барпо этишни мақсад қилиб қўйган. Ҳозирда икки минг кишилик жамоамиз билан якунланаётган йилда бажарилган ишлар юзасидан сарҳисоб қилинмоқда. Эришилган натижалар шуни кўрсатадики, янги йилда янги лойиҳаларни амалга оширишга имкониятимиз етарли. Агар ўзимиз режалаштираётган ишларни муваффақият билан амалга оширсак, сафимизга яна юзлаб мутахассислар, ишчи-ходимлар келиб қўшилади. Улар кафолатланган иш ўринларига эга бўлишади.

Айтиш керакки, пойтахтимиз — Тошкент шаҳрида ҳам 10 та кўп қаватли уйлар барпо этилди. Ҳозирда замонавий уй-жойлар, бизнес маркази ва меҳмонхонадан иборат мажмуа пойтахтимиздаги Себзор даҳасида бунёд этилмоқда. Қурувчиларимиз томонидан қад кўтараётган бу уйларда аҳоли учун барча қулайликлар яратилади.

Пандемия шароитида ҳам компаниямизнинг барча ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини давом эттирди. Айниқса, “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки билан тузилган узоқ йиллик шартномага асосан давом этиб келаётган ўзаро ҳамкорлигимиз натижасида, банкнинг молиявий кўмаги билан Кармана туманида замонавий иссиқхоналар мажмуаси, асаларичилик, узумчилик, боғдорчилик каби йўналишларда ҳамда Қизилтепа туманида ташкил этилаётган янги тўқимачилик фабрикаси каби истиқболли лойиҳаларни амалга ошираяпмиз.

Шунингдек, компаниямиз сўнгги уч йил давомида Навоий вилоятида 30 дан ортиқ кўп қаватли уй-жойларни қуриб, фойдаланишга топширди. Навоий ва Зарафшон шаҳарларида яна ўнга яқин кўп қаватли турар-жойлар қурилмоқда.

Бундан ташқари, Навоий шаҳрида замонавий технологиялар асосида газ-бетон ва темир-бетон қурилиш материалларини ишлаб чиқариш заводи фойдаланишга топширилиш арафасида. Россия ва Хитой давлатларидан келган мутахассислар монтаж ишларини якунлаяпти. Янги корхонада 300 нафардан зиёд ишчи-ходим доимий иш билан таъминланади.

Бугунги синовли кунларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар сенатор ва депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклаш билан бирга, жойларда аҳоли билан кўпроқ мулоқотда бўлишни талаб этмоқда. Якунланаётган йилда Қизилтепа, Конимех туманлари ва Ғозғон шаҳри аҳолиси билан мунтазам учрашувлар ташкил қилиб келдик. Учрашувлар натижасида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда бир қатор муаммоли масалалар жойида ўз ечимини топди. Аҳолининг айрим мурожаатлари юзасидан юқори ташкилотларга сўровномалар киритилди.

Жорий йилда биз учун қувонарли кечган ҳолатлардан яна бири, Туркия Республикасига қилган хизмат сафаридан янги лойиҳалар ва ғоялар билан қайтдик. Компаниямиз Туркиянинг “Serasan Yapi Teknik” қишлоқ хўжалиги ва инжиниринг иссиқхоналар маркази ҳамда “Varnet Glass Greenhouse Systems” компанияси билан 10 миллион АҚШ долларилик ҳамкорлик битими имзолади. Яқин келажакда вилоятимизда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг энг замонавий, инновацион усуллари асосида ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этган ҳолда агрокластер яратилади. Агробизнеснинг кластер моделини татбиқ этиш туфайли юртимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшилади.

Ҳозирда Кармана туманининг Маликработ қўрғони ҳудудида барпо этилган замонавий иссиқхонада Голландия ва Туркия технологиялари асосида гидропоника усули билан сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Маҳсулотлар, асосан, экспортга йўналтирилаяпти.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг розилиги — бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир. Шу боис, келгусида истиқболли лойиҳаларимизни амалга оширишда аҳолининг манфаатларини устувор билиб, фаолиятимизни яна давом эттирамиз. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий равнақига ҳисса бўлиб қўшиладиган қатор лойиҳаларимизни амалга оширамиз, янги ишлаб чиқариш объектларини қуриб фойдаланишга топширамиз, албатта.

Гўзал ва бетакрор юртимизда Янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Сарҳисоб ва эзгу ниятларга тўла ушбу айём арафасида барча юртдошларимизни самимий табриклаймиз. Барчанинг хонадонидан қут-барака аримасин! Тинчлигимизга кўз тегмасин!

Улуғбек Файзиев,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

“Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 13 =