Ҳатто, диктант ёзолмайдиган ўқитувчилар бор!
Бир ривоятда ҳикоя қилинишча, илм толиби аввал устозига, сўнгра отасига салом берибди. Ёнида турган киши сўрабди: “Нега аввал отангизга салом бермадингиз?”. Шунда шогирд йигит: “Оллоҳнинг қудрати ила отам мени дунёга келтирди, устозим эса менга ҳақ илмини ўргатди”, деб жавоб берган экан.
Вилоятимизда 1214 та умумий ўрта таълим мактаб фаолият юритади. Унда 49 мингдан зиёд ўқитувчи ўқувчиларга таълим беради. Шундан 82 фоизи олий маълумотли, 1,6 фоизи олий тоифали, 60 фоиздан кўпроғи эса тоифага эга бўлмаган мутахассис ўқитувчилардир.
Иш юзасидан Халқ таълими вазирлигининг сайти (uzedu.uz) га тез-тез мурожаат қиламан. Ўзим ўқиган маълумотларга қараганда, мамлакатимиз бўйича 450 мингдан ортиқ ўқитувчи орасида олий маълумотлилари сони 371 392 нафарни ташкил этаркан. Уларнинг 2,5 фоизи олий тоифали ўқитувчилар ҳисобланади. Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг вилоятимиздаги олий тоифали ўқитувчи республика кўрсаткичидан кам эмас. Лекин мен вилоятдаги бу ҳолатни қониқарли деб айтолмайман.
Сабаби, малака ошириш курсларига келган муаллимларнинг билим, кўникма ва малакасини синовдан ўтказдик, натижанинг пастлиги, ҳатто аянчли эканлиги маълум бўлди. Синов 11-синф умумтаълим фанлари ҳажмида, ўқитувчилар дарс бериб келаётган ўқув материаллари асосида ўтказилди. Синовда олий маълумотли ўқитувчилар иштирок этишди. Натижага кўра, уларнинг 6 фоизи “5”, 20 фоизи “4”, 33 фоизи “3” баҳо олди. 41 фоиз тингловчиларнинг билими қониқарсиз баҳоланди!
Энди ўзингиз холисона айтинг, мактаб дастурини билмайдиган ўқитувчидан нимани кутиш мумкин? Олий маълумотли ўқитувчи диктант ёза олмаса, келажагимиз бўлмиш фарзандларимизнинг тақдирини шундай ўқитувчига ишониб топшириш мумкинми? Бунга қайси ота-она рози бўлади? Ахир, бу энг аввало, касбга, келажак авлодга хиёнат эмасми?
Давлатимиз раҳбари педагог ходимларнинг қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, тажриба тизимини йўлга қўйиш юзасидан бир қатор фармон ва қарорларни имзолади. Тизимга замонавий, илғор технологияларни жорий этиш, шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмни амалиётга татбиқ қилиш бўйича ҳам ўта муҳим вазифалар белгиланди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкин, қайта тайёрлаш ва малака ошириш масаласига бугунги тараққиётдан келиб чиқиб ёндашиш лозим. Соҳага ижодий ва комплекс ёндашиш эҳтиёжи мавжуд. Чунки, ўта тезкор ривожланиш палласида фаолият олиб бораяпмиз, педагогнинг билим савиясини, дарс ўтиш маҳоратини ошириб боришни давр талаб қилаяпти.
Ўзим ҳам ўқитувчиман, 40 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламан, шу кунгача ўқитувчига бу қадар кенг имконият ва имтиёзлар берилган эмас. Ўқитувчи энг ҳурматли инсонга айланди. Унинг мавқеи ошди.
Бироқ масаланинг яна бир томони бор: бугунги ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам яратилган ғамғўрлик ва эътиборга жавобан ўз фаолиятида янгича дарс ўтиш, инновацион тартибда дарс соатларини ташкил этаётгани йўқ. Шахсан менинг айрим ўқитувчларнинг фаолиятидан, билим ва педагогик маҳорати савиясидан, инновацион ўзгаришларга мойиллигидан кўнглим тўлмаяпти.
Аслида олий ўқув юртига кириш жараёнида, яъни қабул тестларида абитуриент қайд этган натижа ўқитувчига берилган баҳо, десак тўғри бўлади. Ўқувчининг билимини нохолис баҳолашга чек қўйилмас экан, бундай ҳолат давом этмаслигига кафолат бериш қийин. Тушунаман, таълим тизими ҳолати мамлакат келажагини белгилашини ҳисобга олмай, бу тизимда молиявий қисқартиришлар қилиб, катта хатога йўл қўйдик. Аммо Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган стратегик йўналишлар бу камчиликни босқичма-босқич тузатишга имкон яратади. Энг катта камчилик — бу касбий компетентликнинг етишмаслигида. Айрим ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлиги ва тажрибаси, ўзини ўзи англаши, ўз кучи ва билимига ишониши, ўз мутахассислигини пухта билиши ва шу каби касбий камолотни белгилаб берувчи хусусиятларни намоён қила олмаётгани жуда ачинарли ҳолат.
Аслида, баъзи ўқитувчиларнинг ўз устида мустақил ишлашга ўрганмаганлиги, илғор тажрибаларни, тизимдаги янгиликларни ўрганиб, иш фаолиятида қўлламаслиги уларнинг замондан ортда қолишларига сабаб бўлмоқда. Муаллимларнинг ўз устида мустақил ишлашини мувофиқлаштириш тизими йўқлиги муаммоларни бартараф этишга тўсиқ бўлаяпти.
Шунингдек, кўпгина ўқитувчилар, ҳатто мактаб директорлари дарсларни комплекс таҳлил қилишни билмайди. Семинар ёки тренингларда баъзи ўқитувчиларга дарсни таҳлил қилинг, десангиз “машғулот менга ёқди” ёки “менга ёқмади” дейишдан нарига ўтолмайди. Дарс методик жиҳатдан қандай ташкил этилди, дарснинг илмийлиги қандай, ютуқ ва камчиликлари нималардан иборат, дарс психологик талабларга жавоб берадими ёки йўқми, машғулотда қўйилган мақсадга эришилдими ёки эришилмадими? Афсуки, бу ҳақда айрим ўқитувчилар тушунчага ҳам эга эмас. Бундай ўқитувчилар мантиқий фикрлаш, тадқиқ қилиш, ҳисоблаш, ўлчаш, ясаш, синаш, кузатиш, солиштириш, хулоса чиқариш, мустақил қарор қабул қилиш каби педагогик усулларни билмайди.
Баъзи ўқитувчиларнинг дарс ишланмаси (конспект) ёзиш, машғулотларнинг технологик харитасини тузишни билмаслиги ҳам таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аксарият ўқитувчиларнинг конспектида дарснинг ташкилий қисми, ўтилган мавзуни сўраш, ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш, янги мавзуни тушунтириш, ўқувчилар билимини баҳолаш, уйга вазифа бериш каби таркибий қисмлар тўлиқ ёритилмайди.
Айрим ўқитувчиларимиз дунёда бўлаётган глобал ўзгаришлар, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги туб ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини яхши билмаслиги, ташқи сиёсатдан бехабарлиги, бир сўз билан айтганда, ғоявий ва мафкуравий савиянинг етишмаслиги ҳам уларнинг ижтимоий мавқеига салбий таъсир кўрсатади.
Ўқитувчиларнинг компьютер технологияларидан фойдаланишни ҳанузгача етарли даражада ўзлаштирмаганлиги, уларнинг ўз устида мустақил ишлашларига яна бир тўсиқ бўлиб хизмат қиляпти. Бугунги муаллимнинг қўлида қимматбаҳо телефон бор, лекин ноутбук йўқ. Улар ижтимоий тармоқлар, таълимга оид сайтлар ва каналлардан фойдаланишга қизиқмайди, телефондан кўнгилочар сайтларни очиб, томоша қилади. Энг ачинарлиси, баъзи ўқитувчилар Ахборот — таълим портали (eduportal.uz), Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (uzedu.uz) , Ўзбекистон Республикаси жамоат таълим ахборот тармоғи (ziyonet.uz), Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази (multimedia.uz), вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази (sammoi.uz) каби таълимга оид сайтлар, “Бошланғич таълим ўқитувчилари”, “Инглиз тили ўқитувчилари”, “Маърифат”, “Зиёкор”, “Ўқув курслари” каби телеграмм каналлари фаолият юритаётганлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас.
Ўқитувчининг илмий-тадқиқот ишларига ўрганиши унинг ўз устида ишлашида муҳим омилдир. Агар у даврий нашрларга мақола ёзиб турса, лойиҳалар, грантларда иштирок этса, илмий анжуманларда маъруза қилса, унинг маҳорати ошиб боради. Мактабларда мониторинг ва узлуксиз методик хизматни жонлаштириш пайти келди.
Тарбияда энг таъсирчан омил — бу шахсий ибрат, намуна. Шу маънода давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Ўқитувчи ва мураббийлар биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсолидир”. Ана шу юксак эътирофга лойиқ бўлиш ҳар бир ўқитувчининг бурчидир.
Саидаҳмад Усмонов,
Самарқанд вилоят халқ
таълими бошқармаси бошлиғи