Бугуннинг жавоҳирлари. Президент мактабидан репортаж

Янги Ўзбекистонимизни юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз Ватанини жонидан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни тарбиялаш орқали эришамиз.

Шавкат Мирзиёев

Кенг ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳозирги кунда ҳар соҳадаги янгиланиш ва ривожланишларни кўриб кўзимиз қувнайди. Айниқса, таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар нафақат биз, бошқа мамлакатлар, халқаро экспертларнинг ҳам эътиборини тортмоқда.

Тизимдаги шундай улкан ўзгаришлардан бири — давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қисқа муддатда Тошкент шаҳрида дастлабки Президент мактаби ишга туширилди. Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларидаги шундай мактаблар қурилиши жадал давом этмоқда. Келгуси йил Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда эса Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бу йил янги ўқув йилидан бошлаб иқтидорли ёшлар учун ўз қучоғини очган ва мутлақо янгича усулда таълим тизими қўлланилаётган пойтахтимиздаги   Президент мактаби билан яқиндан танишиш ниятида ушбу ўқув даргоҳида  бўлдик.

Суратларда: Президент мактаби ҳаётидан лавҳалар.

Мактаб замонавий услубда, жаҳон стандартларига мувофиқ тарз­да юксак дид билан қурилган. Мактаб директори Тўлабой Шерматов ҳамроҳлигида дарс жараёнлари билан танишдик. Илм маскани марказида каттагина кутубхона бор. Ушбу кутубхона келажак авлоднинг пухта билим олишида ас­қотадиган тарзда китоб фондига эга бўлиши табиий.

— Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM – таълим” дастури (Science – табиий фанлар, Technology — технология­лар, Engineering — техник ижодкорлик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастури бўйича олиб борилади, — дейди мактаб раҳбари Т.Шерматов. — Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб “STEAM” методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.

Ушбу ғоят нуфузли мактаб раҳбарига айрим саволлар билан мурожаат қиламиз.

— Аввало, иқтидорли болаларга сабоқ берадиган ўқитувчилар ҳам юксак маҳоратга эга бўлиши керак. Шундай экан, педагоглар қайси мезонлар асосида саралаб олинган?

— Канаданинг “Teach Away” ҳамда Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб этилди. Уларнинг барчаси махсус имтиҳондан ўтказилди. Биз танлаб олаётган мутахассислар нафақат чуқур билимли, балки педагогик маҳорати ҳам юқори бўлиши керак эди. Шу тарзда талабларимизга тўла жавоб берадиган номзодлар билан иш бошладик. Илк натижалар ёмон эмас. Ўқувчилар нафақат назарий билимларини бойитмоқда, балки уларнинг қизиқишидан келиб чиқиб ташкил этилган сузиш, шахмат, мусиқа, рақс каби тўгаракларга ҳам қатнашмоқда. Ҳар битта ўқувчи билан индивидуал шуғулланиш бизнинг — бош мақсадимиз. Ўқувчиларимиз орасида математикадан юқори натижаларга эришган ёшлар ҳам бор. Уларнинг билимларини янада бойитиш мақсадида Фанлар Академиясининг энг тажрибали, билимли математикларини ҳам жалб қилиш режамиз бор. Қолаверса, ўқувчиларимиз фанлар бўйича халқаро олимпиадаларга қатнашишини таъминлаш учун ҳаракат қиляпмиз. Юртимизга фан олимпиадаларида олтин медаль билан келган билимли ёшларимизни мактабимиз учун жалб қилиш ва ўз тажрибаларини болаларга ўргатиши учун шароит яратиб беришни кўзда тутяпмиз.

— Мактабни тугатганларга қандай имтиёзлар берилади?

— Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига кириш имконини беради. Ўқувчиларнинг келажакда қайси касбни танлашига қараб, шу соҳага йўналтириб борамиз. Аммо ўқувчилар қайси касб­ни танламасин, дунёқараши кенг бўлиши учун адабиёт, санъат, мусиқа фанлари чуқур ўргатилади. Сабаби, Ўзбекистон номидан чет элга борган вакилларимиз ҳар соҳада ўз фикрига ва дунёқарашига эга бўлсин. Шунинг учун дебат суҳбатларини ташкил қилганмиз, бунда болалар ўртага ташланган мавзуда ўз фикрини эркин билдира олади. Буларнинг бари кучли педагогларимиз томонидан назоратга олинади. Тасаввур қилинг, мисол учун, ўқувчи физика фанини яхши ўзлаштирсаю аммо билимини жамиятга етказиб бера олмаса, билими фақат қоғоз ва ёзган мақоласида қолиб кетадиган бўлса, бундан халқ манфаатдор бўла олмайди. Биз тарбиялаган болалар эса ҳам назарияда, ҳам уни амалиётда қўллашда ҳеч бир қийинчилик сезмайди. Сабаби, мана шу дебатлар унга ўз фикрини тўғри ифода этишни ҳам ўргатади.

— Яқинда Президентимиз Шав­кат Мирзиёев ҳам мактабга ташриф буюриб, ўқув жараёнлари билан танишдилар. Давлат раҳбарининг фикрлари қандай бўлди?

— Ҳа, шу йил 10 сентябрь куни давлатимиз раҳбари ўзлари бош бўлиб қурдирган мактабга ташриф буюрдилар. Биз уларни мамнуният билан кутиб олдик. Ҳар бир синфхонага кириб, ўқувчилар билан суҳбатлашдилар. Дарс жараёнларини кузатдилар. Биз педагогларга тавсия ва маслаҳатлар бериб, кетар чоғларида “Мен энг азиз ва шу куннинг энг билимли бриллиант жавоҳирларимни — болаларимни сизларга ишониб топшириб кетяпман. Болаларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш сизнинг бурчингиз”, деб тайинладилар.

Мактабда айни пайтда 144 та ўқувчи эмас, шунча фарзандимиз таҳсил оляпти деб ҳисоблаймиз. Биз битта катта оила сифатида болаларга таълим бермоқдамиз. Худо хоҳласа, Юртбошимиз ва халқимизнинг ишончини, албатта, оқлаймиз.

Анн Баиллие,

Лондон (инглиз тили ўқитувчиси):

— Юртингизда илк бора ташкил этилган Президент мактабида фаолият юрита бошлаганимдан мамнунман. Аввалига, билимга чанқоқ ёшларнинг бу даражада дунёқараши кенг эканини билмагандим. Барча дарслар инглиз тилида бўлиб ўтмоқда, шундай бўлса-да, бу умидли болалар инглиз тилида равон сўзламоқда, бемалол ўз фикрини билдириб, савол бермоқда. Мен берган топшириқларни аъло даражада бажариб, яна қўшимча машғулотлар беринг, деб сўраб туришади. Президентингиз таъкидлаганларидек, ҳақиқатан ҳам бу болалар бугунги Ўзбекистоннинг эртаси ва энг нодир дурдоналаридир.

Лобар Усмонова,

инглиз тили ўқитувчиси:

— Болалар билан инглиз тилида ишлаш қийин бўлмаяпти. Кўз тегмасин, ўқувчиларда шаклланган юксак иқтидорни кўриб, ҳамкасбим, ҳамкорим Анн Баиллие билан ҳайратда қоляпмиз. Ҳар бири ўзгача дунё. Асосий дарслардан ташқари ўқувчиларим билан қўшимча яна эркин суҳбатлар ўтказамиз. Очиғи, ўқувчиларим билан ишлаш жудаям мароқли. Ҳамма устозлар каби мен ҳам уларни мана шу мактаб ўқувчисига хос тарзда улкан ютуқларга эришишини хоҳлайман. Мактабимизда дарслар иккита ўқитувчи ҳамкорлигида ўтилади. Хориждан келган мутахассис ўз тажрибалари ва билимларидан келиб чиқса, маҳаллий ўқитувчилар эса уни бизнинг ҳаётга, менталитетга мослаб ўтади. Биз хориж равнақи учун эмас, ўзимизга хос, етук инсон, иқтидорли мутахассис бўлиб етишадиган, билим, тафаккури билан дунёни лол қолдирадиган кадрлар етиштиришни режа қилганмиз.

Саидазим Шавкатов,

Президент мактаблари лойиҳаси мониторинг бўлими етакчи мутахассиси:

— Жорий йилда Тошкент шаҳридаги Президент мактабига мактабнинг 5-10 синфларига ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчилардан 144 нафари қабул қилинди.

Президент мактабларида асосий ва дастлабки синовлар “Cambridj Assessment International Education” мутахассислари томонидан ўтказилди.

Бугунги кунда Президент мактаби интернат сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ўқувчилар ҳафтанинг 5 кунида мактаб ҳудудида ҳам ўқиб, ҳам яшайди. Дам олиш кунлари эса ота-онаси бағрида бўлишади. Мазкур даргоҳнинг бошқа мактаблардан яна бир устун томони шундаки, таълим олаётган ўқувчилар мактаб формаси, ўқув қуроллари, озиқ-овқат билан тўлиқ бепул таъминланади.

Бундай шарт-шароит ҳаммани қониқтиради, албатта. Аммо болаларнинг ота-онадан узоқда руҳий аҳволи барқарор кеч­яптими дея мактаб психологи Дилором опа Исоқовага юзландик.

— Болажонларнинг руҳий аҳволи биз учун ниҳоятда муҳим, — дейди у. — Иқтидорли ёшлар стрессга мойил бўлади. Оиладан узоқда бўлган ҳозирги аҳволни тушунган ҳолатда болаларга меҳр беришга, кўнглидан ўтаётган ўйларни билишга қизиқамиз. Тўгаракларга ҳам болаларнинг психологиясидан келиб чиқиб йўналтириб боряпмиз. Болаларни ҳаётнинг турли хил қийинчилик ва синовларига бардошли қилиб тарбиялаш, бундай паллаларда ўзини йўқотиб қўймаслигининг олдини олиш бўйича ҳам дарслар ишлаб чиқяпмиз. Айниқса, уларда манманликка йўл қўймасдан лидерлик характерини шакл­лантириш жуда муҳим. Ўзига бўлган ишонч юқори бўлса, келажакда кўп марраларни, ютуқларни эгаллайди. Ҳар куни бир мавзу атрофида фикр юритамиз. Масалан, эрталаб радиодан: бугунги кунга раҳмат айтиш, миннатдорчилик куни эълон қиламиз ва дарсларни ҳам шу мавзуларга боғлаб ўтамиз. Ҳар доим шукр қилиб яшашимиз кераклиги, шукронада ҳикмат кўплигини тушунтирамиз. Иншо, мақолалар, видео роликлар тайёрлашга эркин қўйиб берамиз. Ҳар бир бола буни қандай ифода этишни маъқул кўрса, истаган тарзида амалга оширади. Анъаналаримизни қадрлашга ҳам ўргатиб боряпмиз. Халқ учун хизмат қилишга, меҳр-муҳаббатга, ватанпарварлик ва тўғрисўзликка ундаймиз. Кўпроқ уларга ўқувчининг одоб-ахлоқи юқори ўринда бўлиши кераклигини сингдирамиз. Мактабимизда ҳамма бир-бирига табассум билан мурожаат қилади. Биласизми, болалар шунақа психологияга эгаки, табассум қилиб турган одамга “очилади,” хўмрайганлардан қочади.

Дарс вақтидан кейин кутубхона сари йўл олган ўқувчилар билан суҳбатлашишни лозим топдик.

Паҳлавон Ғуломов,

5-синф ўқувчиси:

— Ўқитувчилар оиласида туғилиб ўсганман. Бошланғич таълимни эса 300-cонли мактабда олдим. Президент мактаби қурилиши ҳақида Президентимизнинг қарори чиққанида дадам:  —“Ўғлим, шу мактабга  имтиҳон топшириб кўрмайсизми?” — дедилар. Онам бўлса, “Ҳафтада бир маротаба уйимизга келса,  соғиниб қоламан-ку”, дедилар. Имтиҳон топшириш фурсати келганида  бироз  ҳаёжон  бўлди. Биринчи имтиҳондан  осон ўтдим, иккинчисида қийналдим. Натижалар эълон қилингач, қарасак мактабга қабул қилинибман.  Аввалига бу ерга синфдошлар бутунлай бошқа бўлгани учун кўникишим қи­йинроқ бўлди, лекин ҳаммаси бир ҳафталарда изига тушиб кетди. Айни пайтда ушбу мактабга ўқишга кирганимдан фақат мамнунман. Дарсдан бўш вақтларимда  ID тизимини ўрган­япман. Устозларим ўзим ўйлаб юрган иловани ишга туширишда керак бўладиган дастурларни ўргатишмоқда. Айни пайтда бу илованинг  бошланғич ва  тўлиқ тўлдирилмаган вариантидан синфдошларим билан фойдалан­япмиз. Яқин кунларда  бу иловадан  барча тенгдошларим  фойдаланади.

Оиламизда боғчага борадиган укам ва синглим бор. Улар ҳам аъло баҳоларга ўқишини, менга ўхшаб Президент мактабида таҳсил олишини  хоҳлайман. Ота-онамдан миннатдорман, менга ишонч билдиришгани учун. Айни пайтда чет тилларини ҳам пухта ўрганяпман, сабаби, келажакда дипломат бўлмоқчиман. Дипломатлар эса  бир нечта тилни пухта билиши керак.

Мухлиса Хўжаниёзова,

5-синф ўқувчиси:

— Гарчи дадам қурувчи бўлиб ишласалар-да, бизнинг яхши таълим олишимиз учун барча имкониятни яратиб берганлар. Президент мактаби очилиши ҳақида эшитиб, акам иккимизни чақириб: — “Биламан, билимингиз яхши, аммо Юртбошимиз  ишонган ўқувчи бўлишингиз учун янада кўпроқ билим олишингиз керак”, — деб бизни руҳлантирдилар. Акам иккимиз ўзимизни худди шу мактабнинг ўқувчисидек ҳис қилиб, диққатимизни янада кўпроқ ўқишга сарфладик.

Имтиҳонларни яхши топширдик, аммо акамга озгина балл етмай ўқишга кира олмади. Ота-онамнинг юзини ёруғ қилиб, мен ўқий бошладим. Мактабимизда болаларнинг илм олиши учун барча шароитлар бор.  Ижодий муҳит ҳам юқори. Ҳар битта боланинг  фанлардан ташқари, бир нечта қизиқишлари бор. Мен расм чизишга қизиқаман ва  бу борада  устозларимиз менга янада яхшироқ чизишим учун маҳорат дарсларини ўтмоқда.

Шаҳзод Самандаров, 

10-синф ўқувчиси:

— Аввалига, Турин Политехника университетининг академик лицейига ҳужжат топширмоқчи бўлгандим. Президент мактаби ҳақида хабар топганимдан кейин ҳужжатларимни шу ерга топширдим. Мактабда рус тилида ўқиганман, шу боис имтиҳонларда қийналмай деб, инглиз тилида эмас, ўзбек тилида имтиҳон топширдим. Бу даргоҳда ўқиётиб, танловда адашмаганимни ҳис қиляпман. Мактабимизда ҳамма бир-бири билан аҳил. Юқори технологиялар асосида ўтилаётган дарслар бизга маъқул келмоқда.

Дарҳақиқат, синфхоналарда ноанъанавий усулда малакали педагогларнинг дарсини болажонлар бажонидил ўзлаштирмоқда. Синфхоналар замонавий тарзда ҳар бир фанга монанд жиҳозланган. Футбол, баскетбол, теннис майдончалари, сузиш ҳавзаси, жисмоний тарбия заллари ҳам юқори талабга тўлақонли жавоб беради.

Яхши дам меҳнатга ҳамдам деганларидек, болалар яхши дам олиши учун ташкил этилган яшаш хоналари ҳам энг сўнгги жиҳозлар билан безатилган. Энг муҳими, ўқувчилар хавфсиз режимда.

Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ташкил қилинган кутубхона таҳсинга лойиқ. Унда миллий ва хорижий ўқув адабиётларнинг энг саралари жамланган. Электрон шаклда ўқимоқчи бўлганларга компьютерлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тармоғига уланган. Ўқувчилар бемалол ушбу имкониятдан унумли фойдаланиб, билимларини оширмоқда. Турли хил тадбирлар учун мўлжаллаб қурилган муҳташам амфитеатр ҳам диққатни тортади.

Буларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта билимли, кенг ва соғлом дунёқараш эгаси бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 13 =