Юксак тамал тоши

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан юртимизда таълим соҳасидаги муҳим ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Айниқса, олий таълимда олиб борилаётган туб ислоҳотлар яқин йиллар ичида ўз самарасини кўрсатишини Чирчиқ давлат педагогика институти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Чунки, юртимизнинг энг кенжа олий ўқув юртларидан бири саналган бу институт мана, уч йилдирки, ёшларни ўз бағрига қабул қилиб, уларга мустақиллик ғоялари, юксак маънавият ва инсонийликнинг миллий анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириб келаётган ибратли маънавият ўчоқларидандир. Институтнинг академик, профессор-ўқитувчилар жамоаси талаба-ёшларнинг пухта билим олишлари учун маърифий ва тарбиявий ишларни юксак технологиялар асосида олиб боришаётир.

Институтда таълим олаётган талаба-ёшлар эса пухта билим эгаллашиб, қисқа фурсатлар ичида олий таълим даргоҳини республикамизда юқори поғоналарга олиб чиқишмоқда.

2019-2020 ўқув йили учун республика Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси Давлат стипендиялари” танловида “Тарих ва тиллар” факультети 3- босқич талабаси Раъно Ғайратова илк бор қатнашиб, Навоий номидаги давлат стипендиясини, аниқ фанлар факультетининг математика ўқитиш методикаси йўналиши талабаси Хурсаной Мўминова эса Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди.

Қисқа фурсат ичида институтнинг билимли ёшлари бундай нуфузли танловларда сов­риндор бўлишлари олий ўқув юртида таълим ва тарбия ишларининг юксак даражада олиб борилаётганидан далолат беради. Бундай ютуқларни қўлга киритишда институт ректори Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Ғофиржон Муҳамедов ҳамда илм даргоҳи профессор-ўқитувчилар илмий жамоасининг муносиб ўрни бор.

Куни кеча илм ўчоғида 1  октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳамда “Талабаликка бағишлов” маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди. Чирчиқ шаҳридаги муҳташам “Кимё­гарлар” саройида ўтган бу тадбирда институт илмий жамоаси, меҳмонлар ва талаба-ёшлар қатнашиб, ўқув даргоҳнинг илмий ва маърифий ҳаёти хусусида сўз юритишди.

Босиб ўтилган қисқа фурсат ичида институт аҳли республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртлари қаторига қўшилиши билан бирга замонавий ўқув биноларига эга бўлди, айни пайт­да бир қатор қўшимча биноларда иш қизғин кетмоқда. Айниқса, талабаларга қўшимча турар-жойларини қуриш, турли тадбирларни уюштириш ва зарур инфратузилмаларни барпо этиш учун қурилиш ва таъмирлаш ишлари пудратчи корхоналар томонидан изчиллик билан олиб борилмоқда.

Байрам муносабати билан профессор ва ўқитувчилар олийгоҳ раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланди. Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилаётган тадбирларда фаол қатнашган рус тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Эльянора Сергеева ташаккурнома билан тақдирланди.

“Таълим инноватори” номинацияси бўйича эса, институтнинг Ахборот-ресурс маркази, мусиқа ва дефектология, биология, математика ва хорижий тиллар кафедрасининг фан номзодлари ҳамда катта ўқитувчиларининг хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Бунёдкорлик ишларини амалга оширишдаги фаоллиги ва ташаббускорлиги учун Ойбек Ортиқов “Йил бунёдкори” номинацияси бўйича тақдирланди.

2018 – 2019 ўқув йилида илмий тадқиқот ишлари бўйича самарали меҳнат қилган бир гуруҳ тадқиқотчи ва докторантлар ҳам тақдирланишди. Улар орасида “ Энг яхши илмий мақола” , “Энг фаол халқаро конференция иштирокчиси” каби номинацияларнинг ғолиблари бор.

Тадбирда сўз олган устоз-ўқитувчилар, бу йил талабаликка қабул қилинган ёшларнинг ота-оналари томонидан эътироф этилганидек, Чирчиқ давлат педагогика институтида бугун ёшларнинг жамиятимизга етук педагогик мутахассислар бўлиб етишишлари йўлида юксак тамал тоши қўйилмоқда.

Ҳ.Қодиров.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =