Сирдарё: Фахр-ифтихорга йўғрилган диёр

Яқинда бир гуруҳ устоз-журналистлар, адабиёт ва санъат аҳли вакиллари билан бирга Сирдарё вилоятида бўлиб, бу ерда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, реконструкция қилинган вилоят мусиқали драма театри, Янгиер шаҳрида қад ростлаган сиҳатгоҳ ишга туширилишига бағишланган тадбирларда иштирок этдик.

Ҳудудлар кўркига-кўрк қўшган ушбу бир-биридан чиройли объектларнинг ташқи кўриниши, ички меъморий ечими, уларда яратилган шарт-шароитларни ўз кўзим билан кўриб, рости, қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал эканини яна бир бор дилдан ҳис қилдим.

Президентимиз ташаббуси билан Гулистон шаҳрида бунёд этилган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби қурилиш архи­тектyра­сининг ўзига хослиги, бетакрор дизайни шундай дейишга туртки беради.

Таълим даргоҳига кираверишда ўрнатилган Ҳ.Худойбердиеванинг маҳобатли ҳайкалининг ўнг ва чап томонларида миллий ва замонавий услубда бунёд этилган иккита ажойиб айвонга кўзингиз тушади.

Ҳамроҳлар билан мактаб биноси ички қисми билан танишар эканмиз, китобга бой кутубхона, медиа-марказ, соатига минг нусха газета, журнал ва китоб чоп этишга мўлжалланган кичик босмахона, ўқув ва ётоқхоналарининг жойлашув ва жиҳозланиши эътиборимизни тортди. Мактаб музейида севимли шоирамиз ҳаёти ва ижодига оид кўплаб экспонатлар, хусусан, фотосуратлар, китоб­лар билан танишиш мумкин. Бу ердаги учта катта-кичик фаоллар залида ҳар қандай тадбирни юқори даражада ташкил этиш учун кенг имконият ва қулайликлар муҳайё этилган. Шунингдек, ёпиқ ва очиқ спорт зали ва майдонлари мавжуд.

Ижод мактабида яратилган шарт-шароитлар билан танишиш чоғида бу ерда таълим олаётган ўқувчилар билан суҳбатлашдик. Зул­ҳаё Мингбоева ижод мактабининг 5-синфида ўқийди. Ховос туманининг Қайирма қишлоғида туғилган. Болалигидан китобга, адабиётга меҳри ўзгача бу қиз тумандаги 23-умумтаълим мактабида бошланғич таълимни олган, адабиётга қизиқиши баланд, шеърлар машқ қилади. Унинг айрим ижод намуналари “Сирдарё ҳақиқати”, “Маърифат кўзгуси” ва “Тонг юлдузи” сингари газеталарда эълон қилинган.

Зулҳаёнинг “Қайирмалик полвонлар” илк шеърий тўплами чоп этилган. Юртбошимиз раҳбарлигида ушбу ижод мактабининг қурилиб, фойдаланишга топширилиши Зул­ҳаё сингари кўплаб иқтидорли ўғил-қизлар учун катта имконият эшикларини очди, бошқача айтганда, айни муддао бўлди.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ижтимоий тармоқлар орқали берилган саволларга жавоб берар экан, жумладан шундай деди:

— Журналист ва блогерларга муносабатим ҳамиша дўстона бўлиб келган. Дўст ачитиб гапиради деганларидек, журналистларни ва блогерларни ҳамиша ҳақиқатгўйликлари, адолатпарварликлари учун ҳурмат қиламан. Журналистлар табиатан тўғрисўз ва самимий бўлишади. Адолатпарвар бўлмаган одам ҳеч қачон журналист бўлолмайди, сўзнинг орқасидан нон топиб еяолмайди, ўз касбини шарафлай олмайди. Чунки, журналистика ёлғонни ёқтирмайди.

Мактабда она тили ва адабиёти фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. “Адабиёт”, “Шеърият гулшани”, “Ёш китобхон”, “Журналистлар сабоғи” каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Доимий ижодий мулоқот ва машғулотларнинг ташкил этилиши, таълим жараёнида ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини ўстириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани яқин келажакда ўз самарасини беришига шубҳа йўқ.

— Зулҳаё шеъриятга жуда қизиқади, — дейди адабиёт фани ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси Моҳидил Зияева. — Бу қизимизнинг шеърлари дастлаб вазн ва қофияга унчалик тушмасди. У мактабимиздаги “Шеърият гулшани” тўгарагига қатнашиб, бу борада устозлари сабоғини олиб ана шу камчиликларини бартараф этди.

Мактаб-интернат директори Муҳам­мад Исмоиловнинг айтишича, ҳозир муассасада 120 нафар ўқувчи таълим олмоқда, 25 нафарининг биринчи шеърий китоби чоп этилган, 15 нафари вилоят фан олимпиадалари ғолиби, яна спортнинг кўпгина турлари бўйича вилоят чемпионлари таҳсил олади.

*  *  *

Кейинги йилларда Президентимиз томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, юртдошларимизнинг дам олиши ва соғлиғини тиклаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Ана шу ишлар доирасида янги сиҳатгоҳлар қурилиб, ишга туширилаётгани қувонарли.

Эндиликда юртимиздаги санаторийлар яна биттага кўпайди. Сирдарё вилоятига сафаримиз давомида Янгиер шаҳрида барпо этилган ажойиб тиббий ва дам олиш масканининг фойдаланишга топширилиш маросимида ҳам қатнашдик.

Мазкур вилоятда шу куни бўлиб ўтган асосий тадбирларда Ўзбе­кис­тон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси Шуҳрат Жалилов, шунингдек, ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари, вилоят фаоллари иштирок этди.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, мазкур санаторийни қуриш ва уни энг замонавий тиббий диагностика жиҳозлари билан таъминлашга Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳисобидан 84 миллиард сўм сарфланган. Бир вақтнинг ўзида 250 нафар киши дам олиб ўз саломатлигини тиклаши мумкин бўлган “Янгиер” санаторийси жойлашиш ҳудуди, табиати, минералларга бой шифобахш суви боис, кардиологик, неврологик, гинекологик, урологик, ҳаракат-таянч касалликларини даволашга ихтисослаштирилган.

Ушбу шифо маскани нафақат сирдарёликлар, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида яшовчи аҳолига ҳам хизмат қилади.

*  *  *

Сирдарё вилоят мусиқали драма театрининг қайта таъмирдан чиққан биносининг очилишига бағишланган маросимда Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов истиқлолимизни, ўзлигимизни намойиш этувчи, тарихий буюк сиймоларимиз ва замонамиз қаҳрамонлари образини акс эттирувчи энг сара спектакллар намойиш этилиши, ушбу театр ҳамиша мухлислар билан гавжум бўлишига ишонч билдирди.

Таъкидлаш жоиз, театр санъати халқимизнинг маънавияти, маданиятини юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам юртимизда бундай санъат кошоналари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида қараб келинмоқда.

Ўзбекистон халқ артистлари Элёр Носиров, Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Фатхулла Маъсудов, Гулчеҳра Иброҳимбекова, Маҳфуза Боботиллаева каби таниқли акт­ёр ва актирисаларимиз иштирок этган мазкур тадбир доирасида театрда томошабинлар ва ижодий жамоа учун яратилган шарт-шароитлар, унинг ҳудудида ташкил этилган халқ амалий санъати ҳамда миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси билан танишдик.

Кун сайин чирой очаётган Гулис­тон шаҳрида янги бино ва иншоотларнинг қурилиши баробарида мавжудларининг замон талаби даражасида таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 4 =