Эркин Аъзамнинг хассаси

Таниқли ёзувчи Эркин АъзамниФайзининг амакиси”, “Хотира”, “Бир оқшом”, “Совуқ”, “Жиян”, “Олам ямяшилсингари дастлабки ҳикоялари орқали таниганман. Ўшандан буён ёзувчининг ашаддий мухлисига айланганман.

Эркин аканинг илк китобиЧироқлар ўчмаган кечатўп­лами тақдимоти маросимида у киши билан юзмаюз танишганман. Бу тадбирга раҳматли устозим Неъмат Аминовга эргашиб боргандим.

Орадан бироз муддат ўтиб, ёзувчининг “Отойининг туғилган йили” қиссаси эълон қилинди. Эълон қилинди-ю, адабий жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Адабиётда эса шарттагўй ва тўғрисўз ёзувчи пайдо бўлган эди.

Эркин Аъзамнинг овози гўё Бойсун тоғининг дараларидан эшитилаётгандек гумбурлаб чиқ­са ҳам, бу овозда инсоний меҳр бор, самимият бор. Баъзан ака қулоғим яхши эшитмайди, деб шикоят қилади. Аслида, қулоқлари яхши гапларни, адабиётнинг ютуқларини жуда яхши, мароқ билан эшитади. Баъзан ўзи ҳақидаги мақтовларни ҳам бемалол эшитиб, мийиғида кулиб қўяди. Ахир, мақтов кимга ёқмайди, дейсиз! Баъзан эса ўз шаънига айтилган бўлмағур, чучмал гап-сўзлардан қаттиқ ранжийди. Ноҳақликдан жиғибийрон бўлади. Туҳмат, одам-ку одам, ҳатто тошни тешади, деган гап тўғри гап-да.

Ҳозир интернет деган даҳшатли бир ўпқон пайдо бўлди. Унда тўғриям, ўғриям, шаллақиям, безбет ва ор-номуссиз кимсалар мағзава тўкиш билан, ҳалол ва тўғри инсонларни бадном қилиш билан оворалар. Интернет берган имкониятни нотўғри тушунган айрим ғаламислар уни “демократия”, деб айюҳаннос солаётир. Агар демократия дегани бир-бировнинг юзига лой чаплаш, шаънини оёқости қилиш бўлса, бундай демократия асло керак эмас!

Эмишки, Эркин Аъзам гуруҳбозлик қилиб, машҳур адиб Одил Ёқубовга қарши “курашган”, деган хабар интернетда эълон қилинди. Бу ғирт уйдирма ва ёлғон эди. Аксинча, Эркин ака Одил Ёқубовни ҳамиша улуғ ёзувчилардан бири, дея эъзоз­лаб келган. Адибнинг айнан адабиётдаги буюк хизматларини доимо эътироф этиб келади. Эркин ака мактабда ўқиб юрган пайтида устоз Одил Ёқубовга мактуб ёзгани ва бу мактубга устознинг теран жавоби ҳақида камина “Одил Ёқубов хазинасидан” китобимда батафсил сўз юритганман.

Умуман, Эркин Аъзамнинг бирор ижодкор хусусида адабий давраларда ёки суҳбатларда қаттиқ гап қилганини эшитмаган ё кўрмаганмиз. Айрим тенгдошларига ўхшаб бақир-чақир ҳам қилмайди, минбарларга ҳадеб интилмайди. У ёзувчилик эътиқодига жуда содиқ. Ўзи билмаган, кўрмаган нарсаси ҳақида ёзмайди. Устоз Асқад Мухторнинг “Собирман” шеърини ҳаёт ва ижод йўлига шиор қилиб олган:

Бардошим бор,

ҳамма нарсани мен

Сабр билан кутдим.

Собирман…

Адабиёт гуруҳбозлик ёки маҳаллийчилик билан ривожланмаслигини яхши билган Эркин ака бундай ноҳалол ва нобоп йўлларни четлаб келади. Айрим ижодкорларга ўхшаб, бу дардга муккасидан кетмаган. Бир дангал одати борки, ёмон ёзилган асарни, ёмон ёзган ёзувчининг юзига ёмон деб айта олади!.. Агар қўлёзма маъқул келса ёки унда йилт этган бир нур борлигини сезса, албатта, пахсакаш уста каби обдан пишитади…

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида таниқли адиб Асқад Мухтор раҳбарлик қилган “Гулистон” журнали таҳририятида ҳақиқий таҳрир мактаби пайдо бўлган эди. “Гулис­тон”га ижод маҳсулини олиб келмоқчи бўлган муаллиф аввал пухта ўйлаб, мулоҳаза юритиб, кейин қадам босарди. Тўғриси, ҳайи­қарди, юраги дов бермасди. Эркин Аъзам ана шу таҳрир қозонида обдан қайнаган ва ушбу санъат сирларини пухта эгаллаган. Бу қозонча “олови”ни таҳрирчилар устози Ваҳоб Рўзиматов қалаб тургани боис, шогирдлари зўр таҳрир усталари бўлиб етишдилар.

Камина ҳам дастлабки машқ­ларимни Эркин Аъзамга кўрсатиб, керакли ва зарур маслаҳатлар олганман. У кишининг аёвсиз таҳриридан сўнг, “Бахт қушим” деган илк ҳикоям 1977 йилда “Гулистон” журнали саҳифасига қўйилган.

Адабиётга юксак ҳурмат, катта эътибор бўлган ўша даврда бундай нуфузли журналда ҳикоя чоп этилиши муаллиф учун ҳақиқий бахт қуши ҳисобланган. Ҳали-ҳануз ушбу ҳикоянинг шафқатсиз таҳрир қилинган нусхасига тез-тез кўз югуртириб тураман. Сўзтарош Эркин Аъзамнинг таҳрир маҳоратидан шу зайлда сабоқ олиб келаман.

Эркин акани баъзилар жуда инжиқ, баъзилар бироз тажанг, дейди. Баъзилар қаттиққўл муҳаррир деса, айримлар ҳеч кимга ўхшамаган ўз услуби, ўз ижод йўли бор ёзувчи, деб баҳо беради. Муҳими, унинг ҳаётини бағишлаган ва доимо топиниб келадиган ягона дунёси — АДАБИЁТ эканини биламиз.

Эркин ака баъзи бир ёзувчиларга ўхшаб: “Жаҳон адабиёти билан бўйлашадиган асарлар ёздим” ёки “Асар ёзиб халқимга ҳайкал қўяман”, деб асло бир “даъво” билан ижод қилган эмас. Даъво билан асар ёзиб бўлмаслигини у жуда яхши билади. Билгани учун ҳам ижоднинг заҳматли ва ўта машаққатли йўлини танлади. Бу оғир ва шарафли меҳнат ҳақиқий адабиёт фидойисига, халқ ёзувчиси даражасига етказди.

“Мен билган ҳақиқатлар” телекўрсатувида Эркин ака бир гал қўлида ҳасса билан намоён бўлди. Журналист ҳасса ҳақида сўраганида, у киши ҳазиллашиб: “Ёмон шеър, ҳикоя ё мақола ёзган муаллифнинг елкасига тушираман”, — деди. Кейин билсак, бу мутлақо ҳазил эмас экан. Эшитишимизча, дўстлари совға қилган Бойсун тоғларида ўсадиган туғдона дарахтидан тайёрланган бу темирдай мустаҳкам ҳассани ишхонасига олиб бориб қўйганмиш. Ўринбосари Собиржон Ёқубовнинг айтишича, ходимлар ҳам Бош муҳаррирнинг ҳузурига “бронежелет” билан кираётганмиш. Журнал таҳририятига яқинлаш­олмаётган айрим таниш ҳамкасблар: “Сиз Эркин Аъзам билан жуда яқинсиз. Нега “Тафаккур” журналигаям мақола бермайсиз?” — деб мендан сўрайдилар. Уларга: “Ҳой, биродарлар, жонимдан тўйганим йўқ, Эркин аканинг ҳассасидан мен ҳам қўрқаман”, — дейман.

Эркин ака! Бизга ҳам муборак ёшларда Сизга ўхшаб ҳасса тутиш насиб этсин!

Ашурали Жўраев

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − nine =