Эҳтиромга лойиқ устозлар

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари янги йил арафасида “Эъзоз, эътибор ва эҳтиром” лойиҳаси доирасида миллий журналистикамиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаоллар ва фахрий журналистларнинг хонадонларида бўлишмоқда.

Жумладан, юз ёшни қарши олган фахрий журналист Фарида Усмонова, шунингдек, таниқли ижодкорлар Аҳмаджон Мелибоев, Бойбўта Дўстқораевларни янги йил билан   муборакбод этиб, улар билан дилдан суҳбатлашишди. Устозларга уюшманинг совға-саломлари топширилди.

— Мана, қарийб бир аср давомида не-не даврлар-у, синовларни кўрмадик. Болалигим олтин водийнинг Қўқон шаҳрида кечган. Журналистикага бўлган ҳавас мени Тошкентга етаклаб келди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)ни тамомлаб, ижодий фаолиятимни дастлаб “Ўзбекистон овози” газетасида бошлаганман. Кейинчалик “Тошкент ҳақиқати”да узоқ йиллар ишладим. Устозларимдан журналистиканинг сир-асрорларини ўргандим. Қаламим чархланди, ишлаш кўникмаларим мустаҳкамланди. Шу йиллар давомида “Дил фарёди” романим, “Қиз келин” номли қиссам ва яна 10га яқин китобларим нашр этилди, — дейди биз билан суҳбатда Фарида ая.

Юз ёшни қарши олаётган бўлса-да онахон ҳамон китоб мутолаа қилиш, ёзишдан чарчамайди. Кўплаб набиралар, эвараю чевараларига ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришдек эзгу ишлар билан машғул. Ф.Усмонова биз билан суҳбат давомида “Она изтироблари” ва “Яхшилик умри” номли китобларини ёзиб тугатганини айтди.

Кейинги манзилимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори, филология фанлари номзоди, доцент, устоз Бойбўта Дўстқораев хонадони бўлди.

Бойбўта Дўстқораевдан сабоқ олиб, сермазмун маърузаларини, соҳага оид қизиқарли ҳикояларини мутолаа қилган соҳа мутахассислари юртимизда жуда кўп. Чунки домла умрининг қарийб ярим асрини журналист кадрларни тайёрлашга сарфлаб, ўз мактабини яратган олимлардан бири ҳисобланади.

— Сизларнинг ташрифингиз бизни қувонтирди. Ҳар гал шогирдлари, журналистлар уларни кўргани келганида домланинг кўнгли тоғдек кўтарилиб, яна қизғин ижодга берилиб кетадилар, — дейди Бойбўта аканинг турмуш ўртоғи китоб жавонидан тахлам-тахлам гаеталарни ола туриб. — Янги уйга кўчаяпмиз. Домланинг китоблари, тўплаган газета-журналларини кечадан буён ташиймиз. Китобларнинг бирор жойига зиён етказиб қўйсак улардан дакки эшитишимиз тайин. Лекин уйимизга келган бирор киши қуруқ кетмайди. Устоз, албатта, ўзларининг китобларидан совға қиладилар. Сизларга ҳам байрам совғаси сифатида китоблар тайёрлаб қўйгандилар.

Камтар, самимий, ўз соҳасининг чин маънодаги олими бўлган устоз хонадонидан қўлимизда китоб, журналлар билан чиқар эканмиз илм зиёси таралиб турган хонадонга яна албатта келиш истаги билан хайрлашдик.

Эҳтиромга лойиқ устозлардан яна бири, таниқли журналист, публицист, “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевдир. Устоз бизни ишхоналарида кутиб олдилар. Китоб мутолааси билан банд экан.

— Китоб ва газета ўқишни канда қилмайман, аввал ҳам бир суҳбатимда айтган эдим ҳар куни тонгда бир неча саҳифа ўқийман. Албатта, газета ўқисангиз битта янги нарса топасиз. Ҳаётимизда уларнинг ўрнини ҳеч бир нарса боса олмайди. Ҳар қандай тараққиёт ва юксалиш замирида китоб мутолааси, инсоннинг маънавий иродаси ётади. Сўзни қадрлаш, уни ҳуда-беҳудага увол қилавермаслик керак. Бу айниқса, публицистикада жуда муҳим, — дейди устоз Аҳмаджон ака.

Фахрийларимиз якунига етиб бораётган йил юртимиз учун ҳам катта синов бўлгани, бу мураккаб синовдан халқимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда мардонавор ўтганини алоҳида эътироф этиб, келаётган йил Ватанимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик олиб келишини тиладилар.

Ислом Асилбеков,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − nine =