100 ёшда ҳам китоб меҳри

Умрнинг ҳар бир дақиқаси қадрли, албатта. Орамизда шундай одамлар борки, улар элу юртга эзгу сўз улашиб, тарих саҳифаларига ўзининг мавжудлигини муҳрлаб яшаётибди. Ана шундай инсон, ҳаётини журналистика соҳасига бахшида этган, юзлаб шогирдларнинг меҳрибон устози Фарида опа Усмонова шу кунларда юз ёшни қаршилади.

Бир гуруҳ устоз ижодкорлар билан Фарида опа Усмоновани қутлуғ ёши билан муборакбод этгани у кишининг хонадонига тушриф буюрдик. Аввалига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Администрация томонидан йўлланган табрикни ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, фахрий журналист Ф.Усмоновага агентлик ҳамда Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.

— Устоз журналистларимиз давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари   Х.Салимов. — Биз Президентимиз яратиб берган имкониятлар туфайли кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз, жумладан, кекса, фахрий журналистларимиз ҳолидан хабар олиш, уларни турли байрам ва мана шундай юбилей саналари билан қутлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш шарафига муяссар бўлмоқдамиз.

Дарҳақиқат, “Қариси бор уйнинг париси бор”. Кексалар — уйимизнинг кўрки, қалбимизни мунаввар қилиб тургувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари билан умримизни ёритгувчи қуёш, тажриба-ю маслаҳатлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатувчилардир. Ана шундай устозларимиздан бири бўлган Ф. Усмонова узоқ йиллар матбуот соҳасида меҳнат қилган.

— Журналистнинг қалби ёниб туриши керак. Ёнмаган, ўзидан учқун чиқармаган қалб билан ёзиш қийин. Қаламингиз ўткир, юрагингиз ёниб турса халқнинг кўнглига етиб борадиган материаллар ярата оласиз, — дейди Фарида Усмонова.

Ўзлари айтиб ўтганидек, босма нашрларда қалами чархланиб, ижод, журналистика қозонида қайнаган, тобланган устоз журналист Фарида ая “Баҳор маликаси”, “Меҳри дарёлар”, “Яхшилик умри” рисолалари, “Дил фарёди” романи, “Онанома”, “Ҳижрон”, “Қиз келин” қиссалари ҳамда “Синов”, “Она бағри” драмаларини яратди.

Давлатимиз томонидан устоз ижодкорнинг ўзбек матбуотини ривожлантиришга қўшган хизматлари инобатга олиниб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Онахон шу муборак ёшда ҳам китоб мутолаа қилишдан, ёзишдан, юзга яқин набиралар, эвара-ю чевараларини ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш, ўз касбини севиш, ардоқлаш сифатларини ўргатишдан тўхтамайди. Улар биз билан суҳбатлари давомида “Қутлуғ уйдан қуруқ кетасизларми, сизларга ўзим ёзган китобларимдан олиб қўйганман, албатта ўқиб чиқинглар, ёшларга, навқирон авлод вакиллари — набираларимга етка­зинглар”, дея китобларидан улашдилар.

Биз устоз ижодкор, фахрий журналист Фарида Усмоновага сиҳат-саломатлик, сермаҳсул ижод илҳоми, фарзандлари, набира, чевара ва эваралари, шунингдек, шогирдлар камолидан завқланиб яшашнинг саодатли онлари узоқ бўлишини тилаб, хайрлашдик.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 2 =