Тўғри йўлдан адашганлар

Мамлакатимизда ёшларга яратилган шароитлар, имтиёз ва имкониятлар қанчалик кенгайгани сайин, турли қинғир йўллар билан жиноят кўчасига кириб қолаётган ёки кимнингдир иғвосига учиб, ўғирлик содир этаётганлар сони йил сайин кўпайиб бораяпти…

Бир қарашда ҳаёт бир текис кечаётгандек, одамлар юртимизда кечаётган тинчлик замонида анча сокинлашиб қолгандек туюлади. Биров билан бировнинг иши йўқ. Ҳамма ўз ташвиши билан банд. Умр оқими, худди меридиан чизиғида ҳаракатланаётгандек, шовқин солмай оқиб бормоқда. Лекин ёруғлик бор жойда қоронғилик ҳам бўларкан-да, йўқ-са, Обид (исмлар ўзгартирилди) ҳам эндигина мустақил яшашга чоғланаётган, турмуш юкини елкасига оладиган пайт келганда, зўравонлик қилиб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш, бировнинг ҳисобидан яшашни ўзига одат қилишдек гуноҳ ишга қўл урармиди…

Тошкент шаҳри йилдан-йилга ҳашамлашиб бормоқда. Янги замонавий меъморчилик услубида қурилган иморатлар ҳайбатли, атрофи кенг ва бежирим боғга айланган. Бу ҳам пойтахт аҳолисининг дам олиш кунлари маданий ҳордиқ чиқаришига қулайлик яратади.

“Хадра майдони” ҳар галгидек одамлар билан гавжум, кимдир набирасини фаввора атрофида сайр қилдирар, кимдир ўриндиқда ўтириб китоб варақлаган, яна кимдир кўнгилга яқин ўртоғи билан майдонни айланиб ширин гурунглашиб юрарди. Аммо кимнидир излаётгандек, кўзлари атрофга олазарак боқаётган Обидга ҳеч ким эътибор бермади.

Одамлар орасида тик турганча чуқур хаёлга толган Ғолиб, атрофга қараб фикр юритаётгандек, ажиб манзарадан маъно ахтараётганга ўхшарди. Шу пайт унга яқинлашган Обид “яхшимисан”, деди, Ғолиб чўчиб тушди ва ялт этиб унга қаради. Нотаниш, эндигина мўйлаби чиқа бошлаган йигит унга жилмайиб қараб турарди. Қисқагина сўрашгач, “нима гапинг бор эди”, дегандек савол назари билан кўз ташлади. “Телефоним ўчиб қолди, бир дақиқага бериб турсанг, ўртоғимга қўнғироқ қилиб олай”, деди Обид. Ғолиб ишонди.

Орадан маълум вақт ўтгач, Обид кутилмаганда: “Чўнтагингда пулинг борми?” деб сўраб қолди. Ғолиб ортиқча пули йўқлигини, бори ҳам ўзига кераклигини айтгач, Обид: “Сенга бир соат муҳлат, бир миллион топиб кел! Унгача телефонинг менда туради”, деди совуқда тўниб қолгандек қорайган башарасини лўқ қилиб. Ғолиб ялингансимон телефонига қўл чўзди. Кутилмаганда билагига кучли зарб келиб тушди. “Тушунмадингми?! Бор жўна!”

Беихтиёр ўйлаб қоласан, одамнинг вахшийлашиши учун, у қайси муҳитда тарбия олмоғи керак? Ахир дунёга покиза келиб, олам мунавварлигидан ранг олиб, оила тарбиясида вояга етади. Наҳотки тарбияда дарз бўлса… Наҳотки тузуккина кўринган одам бир лаҳзада инсоний қиёфасини йўқотиб, ҳайвонлашса… Обиднинг ота-онаси ўғлининг жиноят кўчасига кириб қолганини билишармикин… Ёки маҳалла-кўйда: “Бизнинг фарзандимиз одобли, тарбияли, бировга ёмонлиги йўқ. Ундан умидимиз катта. Ҳали кўрасизлар, кексайсак бизга суянч бўлади”, деб мақтаниб юришганмикин. Яна ҳам ким билади…

У айтган пулни бир соатда топиб келолмаслигини билган Ғолиб, шу яқин-атрофдаги ички ишлар бўлинмасига бориб, бўлган воқеани гапириб берди. Бундан бехабар Обид қинғир йўл билан ундирган қора рангли “Red Mi 5” русумли телефон аппаратини бозорга олиб бориб пуллаб юборди. Ва яна нав­батдаги талон-торожлик режасини туза бошлади…

Ички ишлар ходимлари ҳам анойилардан эмас, дарров “Хадра майдони”ни назоратга олишди. Зўравонлик содир этилган жойда суриштирув ишлари олиб боришди…

Навбатдаги “ўлжа”

Зилола ўқишдан уйга қайтарди. Дарсларидан мамнун ўзича жилмайиб қўярди. У билмасдики, орқасидан киссовур тушганди, холи жойда тўхтатиб тунамоқчи эди. Обид анчагача ортидан эргашиб борди. “Хадра майдони” ортидаги кўчада одамлар сийраклашгач, қадамини тезлатди. Зилолага етиб олди.

Кейинги пайтларда бор-будини устига илиб, ўзини кўчада кўз-кўз қиладиганлар кўпайиб қолди. Зилолани кўча қизларидан деб бўлмайди, аммо ота-онанинг орзу-ҳаваси бор. Унинг сийнасини тўлдириб турган тилло занжирини, қулоғдаги қизлар ҳавас қилса арзигулик тилло зирагини, бармоқларидаги тилло узукларни Обид кўрганди. Уни қўрқитиб тортиб олмоқчи эди.

Аввалига зўравоннинг еч деганига дарров ечиб бермади. Атрофдан илинж кутди. Кўчада юрган одамлар ҳам бепарво эди. Бақириб чақирса ҳам ёрдамга келмаслигини билди. Обиднинг: “Занжирингни еч, бўлмаса бўғиб ўлдираман!” — деган дўқ-пўписасидан оёқ-қўли қалтираб қолган Зилола бор тақинчоғини ечиб, ўз қўли билан қароқчига тутқазди. Унинг бахтига Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлими ходимлари шу атрофда экан…

2019 йил ноябрь ойида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида, раислик қилувчи судья А.Эргашов Обид Акбаровнинг жиноий қилмишларини ажрим қилди. О.Акбаровнинг айбига иқрорлиги, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган ижобий тавсифнома, ота-онасининг бундан кейин назоратга олишини инобатга олиб, унга 3 (уч) йилу 10 (ўн) ой, 24 (йигирма тўрт) кун муддатга озодликни чеклаш жазосини белгилади.

Бир қарашда ҳамма иш қойилмақом бажарилгандай кўринса-да, энг муҳим жиҳати, Обиднинг эртанги ҳаёти энди қандай кечади? Ота-онанинг юмуши кўп, ўғлини озод қилди бўлди, эртага бир гап бўлар қабилида юраверадими ё ваъда қилишганидек, назоратга ола билишадими. Буниси энди қорон­ғи. Аниғи шуки, Маҳалла фуқаролар йиғини барибир назоратга ололмайди, бошқа юмуши ҳам кўп. Агар оиласида, маҳалла-кўйда эътибор бўлганида Обид бу аҳволга тушмасди ҳам…

Ҳамма гап Обидда қолди, ўзига инсоф берсин энди…

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − eleven =