Инсон эркига қўйилган тузоқ

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад жуда катта миқдорни ташкил этмоқда. Ҳар йили жаҳон миқёсида тахминан 2.700.000 киши ушбу жиноят жабрланувчисига айланмоқда.

Мамлакатимизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини англамаган ёки осон йўл билан пул топиб, турмуш кечиришни истайдиганлар турли нохуш вазиятларга тушиб қолаётир. Бу эса дунё миқёсидаги глобал муаммо — одам савдоси жинояти билан шуғулланувчиларга қўл келмоқда. Сўнгги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётибди. Қатор мамлакатларда унга қарши курашиш чоралари кўрилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам ушбу жиноятга барҳам бериш учун етарли ҳуқуқий норматив база шакллантирилди. 2008 йилнинг 17 апрелида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши билан мамлакатимизда мазкур глобал муаммога қарши курашиш ҳамда ундан жабрланганлар ҳимояланиши учун ҳуқуқий асослар яратилди. Президентимизнинг жорий йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан ушбу тизим янада такомиллаштирилди.

Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад жуда катта миқдорни ташкил этмоқда. Ҳар йили жаҳон миқёсида тахминан 2.700.000 киши ушбу жиноят жабрланувчисига айланмоқда. 600.000 дан 800.000 нафаргача аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Бундай нохуш ҳолатлар, афсуски, республикамизда ҳам мавжуд…

Инсон яхши умидлар билан яшаши керак. Ҳар биримизнинг маслагимиз ҳалол меҳнат қилиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, оиламизга ҳалол луқма олиб кириш бўлганида, бу каби жиноятларга ўрин қолмасди. Минг афсус, орамизда меҳнат қилмасдан ўз мақсадларига эришиш учун ҳар қандай қабиҳ йўлдан қайтмайдиганлар бор. Ҳатто арзимас пул учун ўз фарзандидан, зурриёдидан воз кечаётганлар ҳам учраб турибди.

Асли хоразмлик бўлган Наргиза Ёқубова худди шундай номуссиз ишга қўл урди. Бор-йўғи минг АҚШ доллари учун ўз жигарбандини нияти номаълум кимсалар қўлига топширмоқчи бўлди. Ўтган йили 22 октябрь куни соат тахминан 1500ларда Яшнобод тумани, “Паҳлавон Маҳмуд” кўчасида жойлашган “Илтифот” кафесида вояга етмаган (2017 йилда туғилган) фарзанди Ш.Мавлонбековни олиб келиб, фуқаро Ш.Ражаповага келишилган маблағ эвазига сотган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Судда у ўзига эълон қилинган айбга иқрор бўлиб, пулга муҳтожлиги туфайли шундай қилишга мажбур бўлганини айтди. Афсуски, буни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Наҳотки, тинч-осо­йишта юртда биргина болани вояга етказиш шунчалик машаққат бўлса?

Наманганлик Шаҳрибону Мирзаеванинг қилмиши эса бундан-да оғир. У аввал ҳам тўрт маротаба судланган. Аммо тегишли хулосани чиқариб олмаган экан. Гапни гапир уққанга, деб шунга айтсалар керак-да. Бу аёл БААнинг Дубай шаҳридаги шериклари билан тил бириктириб, иш излаётган, пулга муҳтож қизларни топиб, уларга жўнатиб турган. Йўл ва виза харажатларини ўзи тўлаш орқали ёш қиз-жувонларнинг ишончига кириб, “Эртаклар мамлакати”да уларни танфурушлик қилишга мажбурлашган. Шу ўринда савол туғилади: ўз чиркин мақсади йўлида “ов”га чиққан бу аёл қизларни сеҳр-жоду билан жўнатганми? Акс ҳолда, одам савдосининг аянчли оқибатлари ҳақида шунча тарғиботу ташвиқот ишлари олиб борилаётган бир пайт­да йўл ва виза ҳақини ўзи тўлаб беришини айтгач, бу аёлдан шубҳаланиш керак эди-ку! Демак, юртимизда одам савдогарларининг кў­пайишига сабаб бўлаётганлар ҳам бегона эмас, булар — ё ўта гўл ёки тез ва осон пул топсам бўлди, дея ўз қадр-қимматини ўйламайдиганлар экани ҳеч кимга сир эмас.

Қисқаси, юртдошларимизни ҳушёрликка, огоҳликка даъват этарканмиз, бундай воқеа­лар ризқни ўзга юртдан излаётганларга, хусусан, хотин-қизларимизга сабоқ бўлишини ҳам таъкидлаб ўтмоқчимиз. Қолаверса, одам савдоси билан шуғулланувчи фирибгарлар қонун олдида жавоб бериб, тегишли жазони олишдан ташқари, Яратганнинг ҳам қаҳрига учрайди. Имом Бухорийдан шундай ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло: “Уч киши борки, қиёмат куни мен уларга хусуматчиман дейди. Булар — менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган, ҳур кишини сотиб пулини ейдиган ва мардикор ёллаб, ишлатиб, ҳақини бермаган кишилардир”.

Баҳриддин Икромов,

жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар

Яшнобод туман судининг судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − three =