Ғалаба ва ифтихор

Сирожиддин Саййид,

Ўзбекистон халқ шоири

Профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони

Муроджон Аҳмадалиевга

Шавкатли зотлардан шиддатлар олган,

Шиддатли зотлардан ибратлар олган

 

Осмондан тушмагай обрў, шуҳратшон

Оллоҳ муродингни бермиш, Муроджон!

 

Отанг Қаҳҳор, бобонг Аҳмадалидир,

Заҳматинг шу элнинг заҳматларидир.

 

Осонми дунёда фарзанд ўстирмоқ,

Элюртга муносиб дилбанд ўстирмоқ?

 

Бир ўғил улғайиб то ўғлон бўлгай,

Ота-она бағри қанча қон бўлгай.

 

Париж, Румолардан йироқ-йироқда,

Илму маърифатга макон тупроқда,

 

Камтарин эл аро сен камол топдинг,

Бахту толеингни безавол топдинг.

 

Сенда жам шиддатнинг қанча-қанчаси,

Ҳазрати Бобурнинг йўлбарс панжаси.

 

Қонингда жўш урган бедор, исёнкор,

Машраб боболарнинг жазаваси бор.

 

Шавкатли зотлардан шиддатлар олган,

Шиддатли зотлардан ибратлар олган,

 

Уммон ортидаги ҳар бир зарбингдир,

Сенинг Ватан учун ҳарбу зарбингдир.

 

Кўрди Майамининг маҳлиқолари,

Кўрди Оврупо ҳам Амриқолари –

 

Қанча зўравонлар бор бу дунёда,

Ғирромлар дастидан хор бу дунёда –

 

Бир ўзбек ғолибу музаффар келмиш,

Икки елкасида қўш камар келмиш.

 

Ҳа, мардлик олдида номардлик абгор,

Сенда мард миллатнинг матонати бор.

 

Етти ёт эллардан юртга қайтайин,

Мен ҳам дунёларга қараб айтайин:

 

Кетди кўксимдаги кўҳна нолам-ай,

Фахру ифтихорим, жоним болам-ай!

 

Отанг Қаҳҳор, бобонг Аҳмадалидир,

Сенга ёғилган эл раҳматларидир.

 

Осмондан тушмагай ҳаргиз шуҳрат-шон,

Жонингни жабборга бериб, Муроджон,

 

Оқладинг халқингнинг ҳалол нонини,

Ўзбекистон номин, ўзбек номини.

 

Сени келди деган хушхабарингдай,

Аму, Сирдарёни – қўш камарингдай,

 

Шу музаффар элнинг белига бойлаб,

Бор ғурур-оримни дилимга жойлаб,

 

Янги давру замон саҳнидан туриб,

Мен ҳам айтгим келар завқларга тўлиб:

 

Шавкатли зотлардан шиддатлар олган,

Шиддатли зотлардан ибратлар олган,

 

Кетди кўксимдаги қанча нолам-ай,

Фахру ифтихорим, жоним болам-ай!

2020. 01. 02.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =