Тош деворга карнай чалиб…
“Ҳуррият” газетасининг шу йил 22-январь сонида журналист Ҳикматулло Қодировнинг “Эҳтиёж туғилганда гаплашар… эмиш” сарлавҳали мақоласини ўқиб, бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири қаламга олинганлигига амин бўлдим. Дарҳақиқат, бугун аксар нашрлар жиддий синовдан ўтаётир. Муаллиф таъкидлаган баъзи бир мутасаддилар, гўё мажбурий обуна йўқ қабилида иш тутиб, ўзини ҳам, жамоасини ҳам маърифатсизлик ботқоғига ботиряпти.
Яқинда вилоятимиздаги маънавият соҳасида ишлайдиган ўзимга яхши таниш бўлган бир раҳбарнинг ҳузурига бордим. Эътиборимни тортгани — илгари унинг иш кабинетида “Г” шаклида столлар терилган бўлиб, уларда вақтли матбуот нашрларнинг деярли барчаси бўларди, баъзан танишишга улгурмаган газеталаримни шу ердан кўриб, бирров танишиб кетардим. Бу гал эса…
— Қани, бу газета-журналлар кўринмайди? — сўрадим ундан.
— Мана, буниси турибди-ку! — қаршисидаги компьютерга ишора қилди у.
Маънавият соҳасига тегишли раҳбардан шу жавобни эшитиб, рости, лол қолдим. Пойтахтдаги нашрлар-ку, албатта, ўз йўлини топа олар, аммо вилоят, туман нашрлари-чи?.. Эҳ аттанг…
Андижон вилоятидаги қатор газета ва журналлар 2020 йилдан ўз фаолиятини тўхтатди. Масалан, “Холис”, “Водий гавҳари”, “Қишлоқ оқшоми”, “Ёшлар ва ҳуқуқ” каби нашрлар шулар жумласидан. Туман нашрлари амал-тақал қилиб, кези келса, уч-тўрт юзтадан чиқиб турибди. Бу — йил бошидаги ҳолат. Ярим йилга бориб, уларнинг шундоғам ночор адади яна камайиши мумкин. Яхши маълумки, ОАВларида эълон қилинган материаллар йиллаб сақланади. Архивлардан ҳатто ўтган аср бошида чиққан газета-журналларни топиш мумкин. Аммо компьютер босма матбуот сингари ишончли манба бўла олмайди. Газетани эса йиллар ўлчамидаги тахламдан топиш осон ва қулай.
Начора, юқорида тилга олганим мутасаддиларнинг бекорчилиги-ю бефарқлиги, маънавиятчиларнинг (аслида бу бир баҳона, ўқимайдиган интернетдан ҳам ўқимайди) фақат интернетга “суяниб” қолгани ачинарли ҳолат…
Мақола муаллифи таъкидлаган мансабдорларга фақат шов-шувли хабарлар, яъни бугун фалон сайт нима дебди, қайси ҳоким кимни сўкибди янглиғ олди-қочди гаплар бўлса, бас. Ҳаммага маълум, бу каби тоифалар илгари ҳам ёлчитиб газета ўқишмаган. Бўлмаса, улар вақтли нашрларнинг афзалликларини ҳис этган, муносабат билдирган, ўзлари ҳам жонли материаллари билан матбуотда қатнашган бўлар эди.
Яна бир вазифа урфга айланаяпти, турли соҳаларда матбуот котиблари ишлаяпти. Тўғри, матбуот хизматларида фаолият юритаётганларнинг ҳаммаси ҳам, олий маълумотли журналистлар эмас. Шу тариқа, айрим туманларда фаолиятини тўхтатган ёки тўхтатиш арафасида турган нашрлар раҳбарлари осонгина матбуот котиблигига ўтиб ҳам кетишди. Энди уларга ҳам босма нашрлар тақдири барибирдек бўлиб қолди.
Энг ёмони, баъзи олий ўқув юртларида бирон-бир газетага обунани ташкиллаштирган декан ёки проректорларнинг боши “бало”га қолаяпти. Ахир, улар ўз шахсий томорқаси учун обуна бўл демаяпти, балки газета ўқинглар, Президентимиз фармонлари, қарорлари билан танишиб боринглар, билдирилган муносабатлардан илҳом олиб, сизлар ҳам ўз фикрингизни керак бўлса матбуот орқали айтинглар, деяпти. Бунинг нимаси ёмон?!
Хулоса қилиб гапирганда, газета, журнал, умуман, оммавий ахборот воситалари давр ва замон кўзгуси. Ундан юз ўгирган киши — комиллик сари интилмаган киши каби. Ҳ.Қодиров айтганидек, давлат обуна учун пул ажратишини кутиб турадиган, “юқори”нинг кўрсатмасисиз нафас ҳам ололмайдиган қуйи тизимдаги айрим мансабдорларга фақат ачиниш мумкин, холос. Мудраган идрокни уйғотиш, маърифатга чақиришга уриниш, тош деворга карнай чалгандай бўлмаслиги керак, назаримда.
Икромжон Аслий.
Андижон вилояти.