“Вазмин қария” ёки “ҳовлиқма ўсмир”

Аввало, “Hurriyat”нинг 2020 йил 29 январь сонида тележурналист Гулмира Мусажанова билан журналист Феруза Раҳимова уюштирган суҳбат учун газета таҳририяти жамоасини табриклайман. Суҳбатда Гулмира нафақат телевидение мухбири сифатида, балки вақтли матбуот нашрлари ходимларининг дардини юракдан чуқур ҳис этиб, уларнинг муаммолари ечими билан бутун жамият шуғулланиши лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан фикр билдирган.

Шунингдек, газетанинг 12 февраль сонида чоп этилган филология фанлари номзоди Юлдуз ОртиқованингИнтернет матбуот ўрнини босмайдисарлавҳали мақоласи ҳам эътиборимни тортди. Унда вақтли матбуот нашрлари жамоасини қийнаётган долзарб мавзу қаламга олинган. Интернет вақтли матбуот нашрларининг ўрнини боса олмаслигини ишонч­­ли мисоллар билан, машҳур кишиларнинг фикрларини келтириб исботлайди.

Таҳлил қилиш имкони йўқ

Радиода эшитамиз, телевизорда ҳам эшитиб, ҳам кўрамиз, интернетда бугун янгилик, деб берилаётган хабарни унинг муаллифининг ўзи эртасига инкор этиб турибди (ўтган йил июль ойида бир давлат раҳбарини вафот этди, деб жар солиб, эртасига узр сўрашгани бунга мисол). Бундай хабарларни таҳлил қилиш имкони йўқ. Бугунги хабар эртага эскиради ва интернет саҳифасидан олиб ташланади. Газета ва журнал эса йиллар давомида сақланади.

Қолаверса, бугун кўпчилик ёшлар асосий вақтини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказишмоқда. Бунинг қандай ёмон томони бор, дейишингиз мумкин. Ёмон томони шундаки, статистик маълумотларга кўра, интернет сайтлардаги 49 фоиз компьютер ўйинлари зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилади. Сўнгги йилларда террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишга қаратилган веб-сайтлар сони ҳам бир неча баробар ошган. Шундай экан, ўсмир-ёшларни маънавий онгида бўшлиқ қолдирмаслик, уларни фойдали машғулотларга жалб этиш долзарб вазифа бўлиб турибди.

Ахборотни сақлайдиган восита

Бир танишим оммавий ахборот воситаларига таъриф берар экан, шундай дейди:

– Таъсирчанлик ва оммавийлик жиҳатидан телевидение биринчи ўринда туради. Энг қулайи эса радио. Бошқа иш билан банд бўлсангиз ҳам уни эшитаверасиз. Энг тезкори — интернет. Ундаги ахборот саноқли сонияларда бутун дунё бўйлаб тарқалади. Матбуот эса ахборотни энг узоқ сақлайдиган восита. Телевидение ёки радиода кўрсатув ва эшиттиришлар бир-икки марта такрор берилиши мумкин. Лекин газета-журнални истаган пайтингизда қайта-қайта ўқиш имкониятингиз бор.

— Интернет журналистикасининг устунлик жиҳатини ҳам тан олишимиз керак, — дейди “Олтин қалам” мукофоти совриндори Абдунаби Абдиев. — Масалан, тезкорликда унга етадигани йўқ. Бироқ, таҳлилнинг йўқлиги, борининг ҳам ўта саёз ва хомлиги, ахборотнинг ишончлилик даражаси камлиги ва тез ўзгарувчанлиги, янгилик етказишдаги шошма-шошарлик, моҳиятга эмас, шаклга боғланиб қолиш уни “вазмин қария олдидаги ҳовлиқма ўсмир”га ўхшатиб қўйиши ҳам бор гап. Бугун айтайлик, ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги воқеаларни тарихчиларимиз қаердан тиклашаяпти? Ҳеч шубҳасиз, газета саҳифаларидан! Мисол учун, “Олтин қалам” халқаро танловининг Бош Миллий мукофотига энг биринчи бўлиб сазовор бўлган “Қашқадарё” газетасининг салкам 95 йиллик тарихи бор. Унинг турган-битгани — солнома. Юз йилдан сўнг интернет нашрдаги ахборот сақланиб туришига ким кафолат беради?!

Мавсум давом этаяпти, аммо…

Кўпгина мутасадди шахслар, корхона, ташкилот ва ўқув юртларининг раҳбарлари матбуот миллий манфаатлар ҳимоячиси, у жамоатчилик фикрини шакллантирувчи, оммани ижтимоий фаолликка ундовчи кучлигини, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириб, ҳуқуқий маданиятини юксалтирувчи восита эканлигини эсдан чиқариб қўйишди. Ҳуқуқий маданиятли киши эса қонунларни билибгина қолмай, уларга оғишмай амал қилади, итоат этади. Аслида эркинлик ҳам, мус­тақиллик ҳам ҳуқуқни англашдан бошланади. Демак, бугунги кунда жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқи, бурчи ва масъулиятини пухта билмас экан, ислоҳот, янгиланиш ҳақидаги барча сўзларимиз бесамар кетаверади. Миллий ғоя тарғиботи ҳам айнан оммавий ахборот воситалари орқали амалга ошади.

Бу мутолаа эмасми?

Дарвоқе, хулоса ўрнида яна бир гап. Мутолаа ҳақида бугун кўп гапираяпмиз. Танлов ғолиби бўлган фаол китобхонларга ҳатто автомобиль совға қилинаяпти.  Китобхонликни тарғиб этиш борасида катта-катта лойиҳалар, акциялар, тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо… Шунинг баробарида бир оддийгина ҳақиқатни унутиб қўймоқдамиз. Ахир китобхонлик билан бир қаторда газетхонлик ва журналхонлик ҳам мутолаа шаклларидан ҳисобланади-ку!.. Нега энди китобхонликни тарғиб эта туриб, газетхонлик ва журналхонликдан йироқлашишимиз керак?! Нега бугун обуна ҳақида гапиришни жиноятдай талқин қиладиганлар кўпайиб қолди? Нега энди обунани тарғиб этган одамга “мажбурий обунами?!”, дея айюҳаннос солиб, вақтли матбуот вакилларининг ёқасидан олгувчилар кўпайди? Ахир  газеталарни ўқимаган инсонни жамиятга нафи тега оладиган мутахассис, деб айта оламизми? Йўқ, албатта!

Бугунги кунда юртимизда маънавият ва мафкура масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва дунёқарашини кенгайтириш, четдан бўладиган турли мафкуравий таҳдидларга муносиб жавоб бера оладиган маънавий комил авлодни тарбиялашга долзарб масала сифатида аҳамият берилаётган бир пайтда матбуот нашрларининг иқтисодий аҳволига бефарқ қараб, бу ҳар бир таҳририятнинг “шахсий муаммоси” деб ёндашиш нотўғри. Чунки матбуот — миллат маънавиятига дахлдор соҳа. Шундай экан, нашрларнинг обунасига ва уларнинг ўқувчилари қўлига етиб боришига барча раҳбар ходимлар, шу­нингдек, маънавият ва маърифат тарғиботига мутасадди бўлган кишилар масъуллик сезсалар, нур устига аъло нур бўларди…

Норбўта Ғозиев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − one =