Шабнамли дарахтлар ярқираб кетди

Ватан

Тунлари чўғ каби ялтирар юлдуз,

Кундузи оловдай ёнади офтоб.

Иссиқ кунларида ўриклар гуллар,

Иссиқ тупроғида ўсади пахта.

Ёмғирлар ёғади, шамоллар эсар,

Гўё йўқ ҳеч қандай мўъжиза-ю сир.

Барибир қувончим, армоним билан

Шу ерда яшагим келар бир умр.

 Қувонч

Тоғлар елкасига сиғмаган ирмоқ–

Сасидан сукунат эшиги синди.

Рангин чечакларга айланди тупроқ,

Заминнинг чиройи энди билинди.

Қуёшники бўлди бепоён само,

Нурларнинг йўллари узайди.

Орзули-ҳавасли кунлар беором

Новдаларни гуллар билан безайди.

Илдиздан бошлаб учига қадар

Гулга тўлиб кетди оғочлар жисми.

Боғларда адашиб қолди шабада,

Рангидан мастми ё бўйидан мастми?..

Офтобнинг анҳорга чизган нақшини

Мажнунтол кун бўйи кўриб тўймайди.

Юксакда куйламоқ шунча яхшими,

Одамлардан кўпроқ қушлар куйлайди.

Яна ўз ранглари қайтган бағрингда,

Юртим, кўнглим тўлиб юриб қувондим.

Яна куз заҳмати, қишнинг заҳридан

Омон чиққанингни кўриб қувондим.

Ўзбекистон. Баҳор

Қуёш – бир меҳрибон:

тоғларнинг бўйнига минган муз– юқни

оҳиста итариб туширди.

Лолалар ақлли:

анорранг кўйлак кийиб, тошларнинг

кўримсиз жойларин яширди.

Ялпизлар куюнчак:

икки қирғоқаро сиқилмасин деб,

баравар кўтарди бари қошига.

Дарахтлар бир аҳил:

шавқ билан қўлига тизган гулларни

баравар кўтарди бари бошига.

Қизғалдоқ журъатли:

томларинг устига югуриб чиқиб,

шамолда йиқилмай турибди кулиб.

Булутлар фидойи:

марварид, дурларни сочиб ташлашди,

ўткир чақмоқ билан кўксини тилиб.

Ер қаттиқ қувонди, унинг қувончи

Юзига ёйилди бўлиб гул, чечак.

Шунчалар яхши бу ўлкада энди

Энг яхши одамлар яшаши керак.

* * *

Февралга сочилиб қолди сукунат,

Дарёлар бағрига қуйилди кўшиқ.

Тоғларга ёйилиб кетди лолалар –

Чўққилар бошига қўнгандай уфқ.

Зангори кенгликлар сайёҳи – Қуёш

Ерни нур қўлида силай бошлади.

Бир фасл қўшиғин асраган боғлар

Булбулнинг тилида куйлай бошлади.

Ширинлашиб кетди ҳавонинг ҳиди,

Улкан туйғулардан жоним суюнар.

Қиш, сокин хонамда ўйлаган ўйим,

Орзуим ўзимга кичик туйилар.

Кўряпман: мовий кўк, алвон уфқлар,

Бу кунлар кўпларнинг юрагида бор.

Энг буюк орзулар яшасин, дея

Қалбларни улғайтиб юборди баҳор.

 Менинг насибам

Ёзилган бўлармиш менинг насибам,

Кўрармишман унда нима бўлса ҳам.

Тезоқар дарёнинг тўлқинларига,

Янги ёнган гулхан ёлқинларига,

Ҳақиқат сўзининг яқинларига

Ёзилган бўлсайди менинг насибам.

Митти бойчечакнинг бардошларига,

Баҳор булутининг бахт ёшларига,

Саратон кўкининг қуёшларига,

Ёзилган бўлсайди менинг насибам.

Қўллардан кўкарган ерларга туташ,

Юрак парчасидай шеърларга туташ,

Фақат ёниш, манглай терларга туташ

Ёзилган бўлсайди менинг насибам.

Ёзилмаган бўлса шуларга агар,

Оппоқ-оппоқ турсин, ўзим ёзаман.

* * *

Совуқдан кичрайиб қолган қуёшни

Иситгим келади бағримга босиб,

Ҳавойи булутнинг куйдириб кўзин.

Сал ўтмай турналарнинг қанотларидан

Тушиб қолар эди хушбўй бир фасл,

Қучоқлаб ялпизнинг ёқимли исин.

Куртаклар жилмая бошлади аста…

Улар бир очилиб жилмайганида

Лабида унарди ол, пушти гуллар.

Ўрикзор боғларни қилиб элаги,

Қуёшнинг минг тусли шуълаларини

Сермайса заминга эларди еллар…

Баридан кетяпман…

Қадрдон қишлоқнинг яшил суврати

Кўзимдан қалбимга чўкиб кетар жим.

Энди оламдаги узун йилларда

Қалбимга термулиб яшайди кўзим.

* * *

Шу кунлар ҳар тонгда нам булутларга

Юқади қуёшдан сачраб кетган ранг.

Шуълалар қуюлиб тургандай туюлар

Кейин булутларнинг қатларидан ҳам.

Шу кунлар

Шабнам-шабнам бўлиб яшамас узоқ,

Офтоб толасига айланиб кетади.

Кейин танасида ҳарорат сезиб,

Майсалар титроқдан тўхтайди.

Ўрикнинг ўриклиги билинмай қолади.

Билинмас бодомнинг бодом экани

Улар баланд-баланд гулга ўхшайди.

Шу кунлар

Бир бор гулламаган тераклардан ҳам,

Бир бор гулламаган гиёҳлардан ҳам

Гулларнинг нафаси келади.

Эҳ шунда

Қуёшу самонинг бири-бирини

Соғиниб яшаган чоғлари тугаб,

Висоли бошланган фаслларда ҳам

Фақатгина севги туйғуси билан

Яшай олмаслигинг алам қилади.

 Сиз шунча яхшисиз

(Туркумдан)

Тўхтайсиз яна бир кўргингиз келиб…

Тўхтайсиз яна бир кўргингиз келиб,

Қароғингиз – сувга чўкаётган чўғ.

Ташлаб кетмоқликка кўзингиз қиймас,

Олиб кетолмайсиз, иложингиз йўқ.

* * *

Сўроқладим, топдим сиз севган куйни,

Сиз севган гулларни саралаб қўйдим.

Сиз севган рангларда ясатиб уйни,

Ўзим ҳам шу рангда либослар кийдим.

Лаҳзалар қалбимга сездириб кечди,

Сиз бўлиб туюлди ўтган ҳар шарпа.

Эшикни кўп марта югуриб очдим

Ва оҳиста ёпдим яна кўп марта.

Сиз-чи остонадан кетдингиз қайтиб,

Соғинчингиз… сўнгра узрингиз айтиб.

* * *

Келинчак оромин синдиради Вақт,

Ҳали қайлардадир маст уйқуда тонг,

Оламнинг кўйлаги юпқа сурмаранг.

Ўрикзорда майин куйлаб оқар сой,

Булбулнинг сасига басма-басига.

Келинчак шавқ билан тинглади лаҳза,

Сув… далалар келди бирдан эсига.

Сабо нақ ёнига келтириб тўкди,

Атиргулнинг тансиқ, жонбахш бўйларин.

Келинчак энтикиб дил билан ўпди,

Сўнг яна далалар тортар ўйларин.

Нигоҳида туриб қолади узоқ

Атиргулча келган ғўза бўйлари.

Соғинч билан қараб қўйиб ёнига,

Турди ва бепардоз кийинди зумда.

Юлдузли тун тамом кетиб улгурмай,

У секин йўл олди узун кундузга…

ҚУТЛИБЕКА

Муаллиф ҳақида:

Қутлибека Раҳимбоева — Туркманистон Республикаси Тошҳовуз шаҳрида туғилган. Фарғона педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган (1974).

Ўрта мактабда, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Саодат” журнали ва “Гулчеҳралар” газетасида ишлаган.

“Юрагимда кўрганларим”(1981), “Узун кундузлар”(1984), “Уйғониш фасли”(1989), “Озодлик”(1998), “Кўксимдаги Тангритоғ”(2000), “Қоракўзларим”(2012) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими(1994).

“Шуҳрат” медали соҳиби (1999).

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =