Ўқитувчи компьютерда ишлай олсин

Маълумки, Ҳазрати Алишер Навоий ижоди — бир буюк уммон. Аммо бобомиз меросини тўлалигича умумий ўрта таълим мактаблари дарслигига киритишнинг умуман имкони йўқ.

Бугун компьютерлаштирилган технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Шу қатори адабиётшунослик фани, ундаги атоқли мутафаккир шоирлар ижодини илмий ўрганишда интернет тизими қулай манбага айланди. Эндиликда барча тил ва адабиёт фани ўқитувчилари ўз компьютерига эга бўлиши, дарс жараёнини замонавий техник жиҳозлар билан олиб бориши керак.

Компьютери ёки ноутбуки бор, интернетга уланган ўқитувчилар, оз бўлса-да, мактабларимизда бор, аммо уларнинг орасида компьютерда ишлашни билмайдиганлари ҳам талайгина.

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, дарсда берилган уйга вазифани ўқувчи бажараман деса, жуда осон, унинг қўлида мобиль алоқа воситаси бор, интернетга кириб керакли маълумотни олиши мумкин. Аммо бугунги кун ўқувчиси кун сайин енгил ҳаётга ўрганиб бораяпти. Уларни мумтоз адабиётга қизиқтириш учун оилада ота-онаси, мактабда ўқитувчисининг ўзлари мумтоз адабиётни билишармикин?..

Очиғини айтсам, ўзим дарс берадиган мактабда ғазалнавис шоирларимиз ижодига қизиқадиган ўқувчилар кўп. Улар Навоий, Лутфий, Атоий каби классик адиблар яратган ўзига хос фалсафий мактаб ғоя­ларига, маънавий етукликка чорловларига ўзгача қизиқиш билан ёндашади. Ғазаллардаги нафисликдан ташқари, маъно ва моҳиятини билишга ҳаракат қилишади. Дарс жараёнида ҳам билгиси келган нарсасини сўрашдан ҳеч иккиланишмайди. Аслида ўқувчи ана шундай бўлиши керак.

Бундай пайт ўқитувчи осон ва завқ билан дарс ўтади. Ўз ишидан мамнун бўлади. Ўқувчининг ўзида ўрганишга иштиёқ бўлса, бирон асарни интернетдан топишга, қоғозга чиқаришга ҳамда ёдлашга тутинади, буни қийналмай бажаради. Албатта, қизиқиши йўқ болаларга ўқитувчининг ўзи шу асарни топиб, қоғозда нусхасини чиқариб, қўлига тайёр қилиб бериши  керак. Уларни қизиқтиришнинг осон йўли шу, уйда дарс қилмасликка баҳона қолдирмаслик лозим.

Алишер Навоийни ўрганиш — ўзлигимизни англашдир. Ўқитувчи сифатида ота-оналар фарзандларига энг қимматбаҳо қўл телефони ўрнига компьютер олиб бериши лозим, деб ўйлайман. Компьютер болада масъулият ҳиссини уйғотади, қўл телефонлари турли ижтимоий тармоқларга киришга, бўлар-бўлмас фильмлар кўришга одатлантиради.

Мазкур йилни муҳтарам Президентимиз “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб номладилар. Эндиликда ҳаётнинг барча жабҳаларини рақамли тараққиётга ўтказиш, жумладан, мактабларда ҳам компью­­тердан фойдаланишни кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Нигора Бўронова,

Шофиркон туманидаги 15-умумий

ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =