Она хотиржам, бола эса…

ёки гўдаклар саломатлиги ва тарбиясига салбий таъсир қилаётган “қулайлик”

Инсон тани ва қалбини пок тутмоқни улуғ Навоий ҳазратлари қисқа ва лўнда ифода этадилар:

Камол эт касбким, олам уйидин,

Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.

Жаҳондин нотамом ўтмак — биайниҳ,

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.

Демак, инсон ҳаммомда танини покласа, маънавий етуклик ила қалбини поклар экан. Агар етукликка эришолмай жаҳондан нотамом ўтса, бу байни ҳаммомга кириб, нопок ҳолда чиқмоқ кабидир, дейди улуғ бобомиз.

Маълумотларда келтирилишича, биргина қўлни ювмасдан овқатланишнинг ўзидан дунё бўйича неча минглаб одамлар ҳаётдан турли касалликлар орттиргани ҳолда кўз юмар экан. Соғлом инсон — табиатнинг бебаҳо неъмати, уни таъминловчи жисмоний ва руҳий пок­ликнинг аҳамияти эса бебаҳо, беқиёс. Нақлда айтилишича, ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан афзалроқ бойлик қолдира олмайдилар. Демакки, яхши тарбиядан афзал бойлик йўқ ва яхши тарбияли фарзанд ота-она саодатидир.

Бола тарбияси ҳақида гап кетар экан, кўпчиликка маълум ва маш­ҳур бўлган қадимги бир ҳикоят ёдга тушади: бир ёш ота-она фарзанди тарбиясини барвақт бошлаб, уни келгусида комил инсон этиб вояга етказиш мақсадида донишманднинг олдига олиб борди. Донишманд она қўлидаги чақалоққа қараб, унинг неча ойлик бўлганини сўради. Ота гўдаги ҳали жуда кичик, туғилганига эндигина етти ой бўлганини ва уни тарбия­лаш ҳақидаги ниятини айтади. Шунда кекса донишманд афсус билан бош чайқаб, болани тарбиялашда етти ой кеч қолибсизлар деган экан.

Замонавий илм-фан ва педагогика ҳам бу ҳикматни асло рад этмайди, аксинча, уни янада ривожлантириб, чуқурлаштирган ҳолда, тарбияни бола она қорнидаёқ бошлаш лозимлигини таъкидлайди. Айтишларича, она қорнидаги гўдагига яхши ниятлар, эзгуликларни синг­дириб бориши, меҳр-оқибат, ҳалоллик, мардлик ҳақида эртаклар айтиб бериши, мумтоз куй-қўшиқларни эшиттириши лозим экан. Она ҳомиладорлик даврида қаттиқ асабийлашиши, ёмон одатлардан, ўзаро жанжаллардан ти­йилиши керак бўларкан.

Шу ўринда болалар тарбиясидаги бир жиҳатни айтиб ўтиш зарур, бу чақалоқлар ва ёш болалар тагликлари, яъни памперслар рекламаси хусусидаги гап. Кундан-кунга кўпайиб кетаётган болалар тагликлари — памперслар рекламасига бир эътибор беринг-а: “LaLaku”, “Man­kens”, “Jonny”… ва бош­қалар. Аввало, ёш оналарга яратилаётган қулайлик, орасталик жуда яхши, албатта. Бу ҳаётий зарурат эканлиги ҳам ҳақиқат. Бир қарашда бу — орасталик замонавий тарбиядек кўринади.

Чунки, ҳозирги памперслар болага ҳам, онага ҳам катта қулайлик яратади, бола бир неча соатлаб, ҳатто кун бўйи ва яна тун бўйи битта памперсда юриши, ухлаши, ўйнаши мумкин. Бундан ҳам яхшиси бўлиши мумкинми, дея ўйлаб қоласан. Аммо айнан мана шу ҳолат, аниқроғи, бу қулайликни суи­истеъмол қилиш боланинг табиий эҳтиёжини ифода этиш инстинкти­ни йўққа чиқара боради. Бошқача айтганда, боланинг тарбияси шу орқали бузилади. “LaLaku”лар тарғиботи натижасида болани “тўсиб олиш” тарбиясини мутлақо бузиб юбормоқда. Ахир рекламага бир қаранг: бола “LaLaku” билан қадам ташлаяпти. Бола ўзи тенги қизга “LaLaku” тўла қутичани катта завқ билан совға қилмоқда ва қиз эса уни ҳайрат ва мамнуният билан қабул қилиб олмоқда. “Mankens” тагликларини кийиб олган болалар футбол ўйнаяптилар ва… “Mankens”ли қиз худди шу “форма”да дарвозада турган болага гол урмоқда. “Шунақа бўлади!”, дея писанда қилиб  қўйяпти ҳам. Мана памперс­лар кучи, рағбати!!!

Аммо аллақачон ахлатга тўлиб бўлган “тўрва-халта”ни кўтариб юрган бола ҳолатидан она шод, бахтиёр. “LaLaku”: хотиржам бола — хотиржам она! Бола ҳам одамча, у ҳам фақат оғиз-бурнидан эмас, балки бадани орқали ҳам нафас олиши керак.

Аслида бу ҳолат боланинг ҳам, онанинг ҳам тарбиясини бузишдан бошқа нарса эмас-ку! Бу аҳволда бола эртага унча-мунча нопокликдан ҳазар қилмайдиган кимса бўлиб воя­га етмайдими?

Масаланинг яна бошқа жиҳати ҳам бор. Бу матоҳлар бола саломатлигига мутлақо безарарми? Ундай эмасдир-ов!.. Қолаверса, памперслар айниқса, ўғил болалар учун зарарли эканлиги ҳақида эшитганим бор. Ундай бўлса, онанинг узоқ вақт давом этадиган хотиржамлиги (аслида, бу — тарбия­сизлик ва дангасалик) остида нима ётибди экан?

Шу ўринда фикримизни мутахассис фикри билан асослаб ўтсак, яна ҳам ўринлироқ бўлар эди.

— Мен 27 йил болалар боғчаси (ҳозирги мактабгача таълим муассасаси)да энага бўлиб ишладим, — дейди нурафшонлик Зоя опа Мирзақулова. — Билганим, доимий равишда памперсда юрадиган болалар тувакни асло хушламайдилар. Энг ёмони — бундай болаларнинг табиий эҳтиёжга реакцияси сустлашади. Шу сабабли ҳам оиладаги 5 нафар набирамнинг ҳаммасини тувакка ўргатганмиз. Лекин зарур ҳолатларда памперслардан ҳам фойдаланамиз, албатта. Аммо унга ружу қўймаслик керак. Шубҳасиз, болалар тагликлари она ва бола учун замонавий қулайликлардан бири ҳисобланади. Аммо ҳамма нарсада ҳам меъёр бўлмоғи керак.

— Айтайлик, чақалоқлар ва кичик ёшдаги болалар учун бу восита жуда асқотади, лекин ундан керакли пайт­лардагина фойдаланиш зарур. Катта ёшдаги болалар учун ундан фойдаланиш асло тўғри эмас. Қолаверса, памперслардан вақти-бемаҳал фойдаланавериш инсон танасига зарур бўлган табиий ҳаво алмашиш жараёнини бузади ва ҳар хил тошмалар тошишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан-да ёмони, тагликлар вужудга келтирадиган бўғиқ шароит ўғил болаларда мояклар ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса кейинчалик салбий оқибатларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас, — дейди уролог-шифокор, Ўзбекистон соғ­лиқни сақлаш аълочиси Абдукарим Улуғхўжаев.

Аждодларимиз нима учун бола тарбиясида бешикка алоҳида эътибор беришган? Чунки бола соғлом ва покиза ўсиши, унинг баданига нажосот тегмаслиги учун мана шундай оқилона йўл тутилган.

Яна бир гап: бу памперслар чиқиндиси ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Энди баъзи хонадонлардан ҳафтасига қоплаб чиқадиган чиқиндилар уюмини тасаввур қилаверинг. Маҳаллаларнинг пана-пастқам жойларида, ариқ-зовур бўйлари, оқар сувлар ва ҳатто катта кўча ёқаларига ташлаб кетилган памперс чиқиндилари бот-бот кўзга ташланади. Шу ҳаводан ўзимиз нафас оламиз, ҳаво тоза бўлса танимиз соғ­лом, руҳимиз тетик бўлади.

Шундай экан, тарбияда майда ва арзимас нарсалар бўлмайди.

Маъмуржон Бозоралиев,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − five =