Қўшимча 31,7 минг бола қамраб олинади

Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан Президентимизнинг 2020 йил 30 январдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағиш­ланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирлик томонидан шу кунгача нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини (МТТ) ташкил этиш учун 1412 та битимлар имзоланган бўлса, шундан 992 та лойиҳага 1 732 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 6084 оилавий шаклдаги МТТ ҳам ўз фаолиятини бошлаганлиги маълум қилинди.

— Ҳозирги кунда 300 та МТТларда қурилиш-жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда, — дейди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуджон Юлдошев. — Натижада қўшимча 31,7 минг бола қамраб олиниши режалаштирилган.

Давлатимиз томонидан тадбиркорларга қулай имкониятлар яратилган, хусусан, айнан шу соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлар 10 йилгача солиқлардан озод этилган бўлиб, МТТ­ларда сарфланаётган электр энергия ва газ харажатларининг 50 фоизи  давлат томонидан қопланади. Ўтган йилда давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда ҳалқаро молия инс­титутларидан  200,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи жалб қилинди.

Наргиза Бобомуродова,

 “Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 16 =