Ҳамкорликда ахборот майдони яратайлик

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, ўзгариш ва жамиятнинг очиқлиги сари қўйилаётган дадил қадамлар дунё нигоҳида. Жумладан, Буюк Британия қироллиги, Туркия, Малайзия, Озарбайжон ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилиги Ўзбекистонни тез ривожланаётган давлат, унинг президенти Шавкат Мирзиёевни эса “Йил одами” деб эътироф этаётгани мамлакат ҳаёти ҳақиқатларига берилган муносиб баҳодир.

Янги очиқлик, сўз эркинлиги сиёсатини қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаро, фуқаролик жамияти инс­титутларининг ҳам бурчидир. Айтиш жоиз, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан ўтказилган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуидаги халқаро конференция шу йўлдаги ташаб­бусларнинг бири бўлди.

— Бундай нуфузли анжуман вилоятларда илк бор ўтказилиши ва унинг Фарғонада ташкил этилгани ибратли воқеа бўлди, — деди анжуман модератори Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қуд­ратхўжаев.

Ҳа, Фарғона анжу­мани Қирғизис­тоннинг Боткен, Ўш, Тожи­кис­тоннинг Сўғд, Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон, Наманган ви­­­­­лоятлари, юртимиз журналистикасининг етук олим, амалиётчи ҳамда таниқли ижодкорларини бирлаштирди.

Халқаро конференцияда бири-биридан қизиқарли маърузалар, чуқур таҳлил ва амалий таклифлар янгради.

— Биз Ўзбекистон жамиятида рўй бераётган сифат ўзгаришларини кузатиб турибмиз. Бугун ахборот тўлқинларига тўсиқ қўйиб бўлмайди. Биз бир-биримиздаги электрон ОАВ маҳсулотидан, аввало, телекўрсатув ва радио эшиттиришларни бемалол қабул қиламиз. Бу бизнинг хабардорлик имкониятимизни кенгайтиради, — дейди “Ўш садоси” газетаси бош муҳаррири Соҳиба Шокирова. — Ўзбекистондаги чинакам сўз эркинлиги ҳақиқий демократия қарор топаётгани инъикосидир. Лекин орамизда умумий масофа яқин, ахборот маконидан фойдаланиш имкони бўлса-да, биз амалда бир-биримиздан узоқдамиз. Ҳалигача бир-бирига чегарадош давлат журналистлари бир-биримизни яхши билмаймиз. Чунки, ахборот алмашуви йўлга қў­йилмаган. ОАВ ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар йўқ. Журна­листик ташкилотларимиз ҳам ўзича фаолият кўрсатади. Ҳолбуки, биз дунё, қитъа миқёсидаги халқаро анжуманларда учрашиб турамиз, лекин бугунгача бундай кўринишда йиғилмадик.

Ҳа, Фарғона конференцияси ОАВ соҳа мутахассислари учун халқаро миқёсдаги илк анжуман эди. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир иштирокчиси ўз фикрларини айтгиси, умумий муаммо ва уларнинг ечими хусусидаги таклифларини билдиргиси келди.

Фарҳод Жўраев, Тожикистон Республикаси, Сўғд вилояти “Сўғд ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири:

— Ҳозир бу ерда ахборот тўлқинлари тарқатиш имкони ҳақида гапирилди. Биз Сўғд вилоятида Қирғизистон, Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувларини бемалол кўрамиз. Радиосини эшитамиз. Менга айниқса, “Рухсор” телевидениеси ва радиоси жуда ёқади. Боткен телевидениесидаги фикрлар хилма-хиллигидан ички туйғуларим жўшади. Лекин ўз муносабатимни билдира олмайман. Мен ҳамкорликдаги телекўприк ташкил этишни таклиф қиламан. Масалан, Фарғона-Сўғд, Ўш-Сўғд, Боткен-Сўғд ўртасида бўлсин. Студияларимизга турли хил ёш, касб, қарашдаги одамларни таклиф қилайлик. Улар ўз ҳаётлари, ташвиш­лари, орзу-умидлари ҳақида, бизни бирлаштириб турадиган қад­риятлар тўғрисида ўйлаганларини айтсин. Халқимиз бир-бирини янада яхшироқ билишига имкон яратайлик.

Улукбубу Амирова, Қирғизис­тон Республикаси Боткен вилояти, “Салам” медиа директори:

— Аввало, Фарғона халқаро конференциясини ташкил этган вилоят ҳокимияти ва шахсан Шуҳрат Ғаниевга миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу инсонни боткенликлар ташкилотчи, икки халқ дўстлигини мус­таҳкамлашга фидойи деб билади.

Мен уч тилли газета ташкил этиш, уни бир хил кўринишда тайёрлаб, бир вақтнинг ўзида учта давлатда чоп этишни таклиф этаман. Унга ҳар бир вилоят энг муҳим янгиликлар, воқеликлар ҳақида фотосуратлар, мақолалар жойласин. Бу газетани бир йилда камида 4-6 марта чиқарайлик ва унга “Водий” деб ном бериш таклифини илгари сурмоқчиман.

Азизбек Абдуллаев, “Daryo.uz” (Ўзбекистон) интернет сайти мухбири:

— Ривожланган давлатларда аста-секин қоғоз шаклидаги ахборотдан воз кечилиб, электрон шакл­даги ахборот тобора кенгроқ ўрин эгаллаяпти. Жумладан, Ўзбекис­тонда ҳам. Тўғри, унинг фойдаланувчи ёки иштирокчисини “назорат” қилиб бўлмас. Баъзида ахлоқ қоидаларидан чиқиб кетадиган номаъқул сатрлар, гап-сўзлар ҳам учрайди. Лекин биз барибир интернет майдонига асосланган ахборот алмашувчи уч тилли сайт яратганимиз ва уни йўлга қўйганимиз қулай бўлади, деб ҳисоблайман.

Саидаҳмад Шукуров, Андижон вилояти, “Андижоннома” газетаси бош муҳаррири:

— Биз умумий қарашларимиз бир-бирига яқин халқлар, давлатлар бўлсак-да, ўзимизга хос жиҳатларимиз, қонуний ва ахлоқий меъёрларимиз бор. Шундай экан, ўша ўзига хослигимизни кенгроқ тарғиб қилишимиз керак. Ўшлик ҳамкасбларимиз билан бу борада дастлабки қадам қўйган эдик. Аммо изчил бўлмадик. Конференцияда тушундикки, барчамизда шундай истак бор экан. Биз ижодий алоқаларни тиклаш, ҳамкорликда газета чиқариш тарафдоримиз.

Фарғона анжуманида олис Қўшма Штатларда туриб “Америка овози” телерадио ахборот агентлигининг махсус мухбири Навбаҳор Имомова видеомулоқот тарзида анжуман иштирокчиларига мурожаат қилар экан жамият ва ОАВ муносабатлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритди.

Конференцияда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети декани Амрулло Каримов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Жуманазар Мелиқуловлар томонидан жамият ва оммавий ахборот воситалари муносабатлари таҳлил қилинди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

— Фарғонада ўтаётган мазкур конференция иштирокчиларига биз яна бир ахборот майдонини таклиф этамиз, — деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги директори Сад­риддин Суяров. — “Дунё” айнан бугунги ғояларга ҳамоҳанг йўл танлаган. Биз ўз сайтимизда Ўзбе­кистонни тарғиб қилиш билан бирга бошқа давлат янгиликларига ҳам жой берамиз.

— Журналистик ташкилотлар ижодий ҳамкорлик ташаббускорлари бўлиши лозим, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов. — Биз бир неча хорижий мамлакатлар Журналистлари уюшмалари билан яқин алоқалар ўрнатдик. Аммо қўшни давлатда ижод қилаётган ҳамкасбларимиз билан ҳам яқинлашишимиз керак. Бугунги анжуман унга томон дадил қадамдир.

Саъдулла Ҳакимов халқаро конференция иштирокчиси бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва юртимиздаги бир неча фаол журналистларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Фахрий ёрлиғи” ҳамда планшетлар билан тақдирлади.

Халқаро конференцияга якун ясар экан, анжуман модератори сифатида Шерзодхон Қудратхўжаев унинг ишида билдирилган илмий хулосалар, амалий таклифлар албатта, ҳаётга татбиқ этилишига ишонч билдирди.

— Биз бир-биримизни соғинган эканмиз, юзма-юз мулоқот ўй-фикрларимиз, орзу-мақсадларимиз муштарак эканини кўрсатди,  —  деди у.  — Бу ерда Қирғизис­тон ва Тожикис­тонда чоп этиладиган ўзбек тилли нашрлар, телевидение ва радио журналистлари назаримда муҳим масалани кўтаришди. Бу журналис­тикага оид Ўзбекистонда чоп этилаётган илмий-амалий дарсликлар масаласи. Мен университет ректори сифатида сизлар билан бу борада ҳамкорлик қилишга, ёрдам кўрсатишга тайёрман. Яқинда журналис­тика масалаларини қамраб олган ўн жилдлик тўплам чоп этилди. Сизларга уни юборамиз. Шунингдек, университетимиз Тожикистон ва Қирғизистон ёшларини ўқишга қабул қилишга ва журналистлар малакасини ошириш учун алоҳида гуруҳлар ташкил этишга тайёр.

Халқаро конференция давомида кўплаб савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар бўлди. Муҳими, барчанинг фикри бир тўхтамда эди — ҳамкорликдаги ахборот майдонини ташкил этиш лозим.

Иштирокчилар шу куни Фарғона шаҳридаги янги очилган спорт саройи, Қувасойдаги “Водий тулпорлари” от мажмуаси билан танишди.

Муҳаммаджон Обидов,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =