Баҳор, соғинтириб келишинг яхши

Ота макон

Тошларин тавоф қил, тупроғин ўп,

Гардин  кўзга суртиб туғросини ўп,

Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп,

Бу Ота Макондир,

Бу Она Юртдир.

Бошинг қўйиб топин  остонасига,

Зоғ йўлата  кўрма Арк-қалъасига,

Ҳамиша  тайёр  тур ҳимоясига,

Бу Ота Макондир,

Бу Она Юртдир.

Сайҳуни, Жайҳуни жавоҳир, лаълли,

Тоғлари тамалли, боғлари  болли,

Тақдиримиз шу эл биландир боғли,

Бу Ота Макондир,

Бу Она Юртдир.   

Аркони давлатин  йўли бир бўлсин,

Юрган йўлларида  нафс  асир бўлсин,

Тахт-тож,  салтанати  мудом сир бўлсин,

Бу Ота Макондир,

Бу Она Юртдир.   

Кўки кўланкасиз – офтобли,ойли,

Фуқаросин  кўнгли  Ҳимолой  бўйли,

Серфарзанд, сердавлат, хайрли қўлли,

Бу Ота Макондир,

Бу Она Юртдир.   

Азалдан  ардоқли ор-номусли эл,

Тўқсон тўққиз бовли, бий, бўлисли эл,

Сабр-қаноатли, қут, қомусли эл,  

Бу Ота Макондир, Бу Она Юртдир,    

Бу қадим  Турондир –жон  ичра жондир.

 Кўрдим

Кўрдим, кўрдим дунёни

Ҳамиша бир кам кўрдим.

Яхшини армон бирла

Ёмонни бекам кўрдим. 

Бағри бутунларни бут,

Ёлғизни ғариб кўрдим.

Бирда нодон, ножинсни

Майдонда ғолиб кўрдим. 

Ҳақларни мудом  бирдай,

Ялқовни ёрти кўрдим.

Кўнгил очиқ зотларни

Ҳотамдан  ортиқ кўрдим.

Бирларни аро йўлда,

Бирни армонли  кўрдим.

Бирда мунофиқларни

Давру давронли кўрдим.

Бирларни  дунёпараст,

Бирни имонли кўрдим.

Нопокни  шод, донони

Юраги қонли  кўрдим.

Бирларни  беэътиқод,

Бирларни риё  кўрдим.

Бирларни  ўз элига 

Тамом  маҳлиё кўрдим.

Бирда кўриб  ўкиндим

Оёқни бош ўрнида.

Лаъл ўрнида  сополни,

Гавҳарни  тош ўрнида.

Воажаб,бирда кўрдим

Қулни хоқон  ўрнида,

Бирда  кўрдим  лолани

Бир қатра қон ўрнида.

Бирда кўриб лол қолдим

Дарёни  сой ўрнида.

Қуёш  ўрнида юлдуз,

Юлдузни ой  ўрнида.

 Гул бир ён, чаман бир ён

Синглим Коммунага

Чаман  ичинда  бир гул, гул бир ён, чаман бир ён,

Сарви, санобармидир? — Соч бир ён, суман бир ён.

Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён,

Тун пардасин  тортса гар,

ой бир ён, осмон бир ён.

Ўсган боғига  алқов, ўстирган боғбонига,

Хавфу хатардан сақлай  келган соябонига,

Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига,

Мақтовига  мен бир ён,

Борлиқ  сухандон бир ён.

Ҳаким  зоти  бор ерда дард бир ён, дармон бир ён.

Ёринг жафокаш бўлса, уй бир ён, зиндон  бир ён.

Икки жон  бир бўлмаса – шам бир ён, шамдон бир ён.

Айри бўлса йўллари,

Туғ бир ён,  туғён бир ён.

Қўриқчиси  бўлардим боғимда  унар бўлса,

Кузим келмай баҳорим қайта бошланар  бўлса,

Солномачиси  бўлай, магар  у Қамар  бўлса,

Қасам ичиб айтаман:

намак бир ён, нон бир ён.

Қумри, саъва ошиён айлар  бир гулафшон бу,

Бир  кокили Сир бўлса, ул бири Зарафшон бу,

Илоҳий санамлардан бир зурёд, бир нишон бу,

Керак бўлса магар жон,

жон бир ён, жаҳон бир ён.

Бу оламда  Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо,

Бўй қизларнинг ичинда  бир шу эгма қош  танҳо.

Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо,

Гўрўғли  султон бир ён,

Тўра Сулаймон бир ён.

 Саждагоҳ

Киндик қоним томган саждагоҳимсан,

Икки олам чеки — бандаргоҳимсан.

Учиб-қўнар жойим — қўналгоҳимсан,

Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Оху  зорим етиб-етмай фалакка,

Ёвлар қуршовида қолсам-да якка,

Хорлик етса ҳамки  суяк-суякка,

Жон  бера билмасмен сендин бўлакка.

Бағрингда ётмоқлик  қилмаса насиб,

Қузғуннинг қисмати менга муносиб.

Тана бирла  тупроқ асли таносиб,

Жон бера билмасмен сендин  бўлакка.

Оғоч отга минсам,бўзлаб қолар ким?

Юрган  йўлларимни излаб қолар ким?

Мендин не илинжлар  кўзлаб қолар ким?

Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Қайдин  келиб, ё Раб, кетурмиз қайга,

Югуриб-елиш  йўқ беташвиш жойга.

Барчага бирдай жой — бойга, гадойга,

Жон бера билмасмен  сендин бўлакка.

Рўзи маҳшаргача  бирга бўларим,

Майса, гиёҳ бўлиб бирга унарим,

Бирга ёниб мудом бирга сўнарим,

Жон бера билмасмен  сендин бўлакка.

 Тебратар

Шамол шамолни тебратар.

Шамол булутни тебратар.

Булут ёмғирини тебратар.

Ёмғир тупроқни  тебратар.

Тупроқ  майсани тебратар.

Майса бияни тебратар.

Бия қимизни тебратар.

Қимиз йигитни тебратар

Йигит сулувни тебратар.

Сулув бешикни тебратар.

Бешик болани тебратар.

Бола дунёни тебратар.

 Соғиниш

Ўсма  қўйди  кўклам  уфқ қошига,

Сел урилди дарё, ўзан тошига,

Сўфитўрғай  қўнди  уват бошига,

Баҳор, соғинтириб келишинг яхши .

Яйловларда  майса қимтир қўй-қўзи,

Дардга шифо чавкар бия қимизи.

Қопланмасдан гулга буткул қир юзи,

Баҳор, соғинтириб келишинг яхши.

 

Сирли туйилади мажнунтол таги,

Жилға, сой бўйлари, тоғлар этаги,

Энди ниш урганда  бодом куртаги,

Баҳор, соғинтириб  келишинг яхши.

 

Қоя, ўрларда қор, дилларда баҳор,

Турна пастлаб ўтар – элларда баҳор,

Ғоз қўниб, ғоз учар – кўлларда баҳор,

Баҳор, қувонтириб  келишинг яхши.       

Тўра Сулаймон

Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон 1934 йилда туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган.

Шоирнинг «Мен қайга борар бўлсам» (1965), «Жаҳонгашта» (1970), «Ҳамқишлоқларим» (1973), «Интизор» (1973), «Сирдарё қўшиқлари» (1974), «Илтижо» (1976), «Алҳазар» (1976), «Тўйбоши» (1977), «Сизни эслайман» (1980), «Қоракўзгинам» (1981), «Гулшан» (1988), «Сарвиноз» (1990), «Харсанг» (1994), «Жаҳоннома» (1996), «Гул бир ён, чаман бир ён» (1996), «Ёвқочди» (1998), «Сайҳон» (2003), «Мамлакатнинг таянч нуқтаси» (2004) китоблари нашр этилган. Кўплаб шеърлари қўшиқ қилинган. Шоир 2005 йилда оламдан ўтган.

Яқинда «Шарқ» нашриёт матбаа акциядорлик компанияси томонидан шоирнинг «Сайланма» китоби чоп этилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =