Тиллога тенг тилимизнинг тақдири

Тасаввур қилинг, ажойиб кунларнинг бирида, “барча ташкилот ва идораларда иш юритиш, ҳисоб-китоб, молия ва статистика ҳужжатлари тўлиқ ва фақат ўзбек тилида юритишга ўтилсин”, деган бир кўрсатма бериб қолинса…

Нима деб ўйлайсиз, “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг барча бандлари бекаму кўст амалга ошиб, она тилимизнинг кўкрагига шамол тега бошлайдими?

Зап иш бўларди! Аммо…

Очиғини айтсам, менинг фик­римча, ҳанузгача биз бунга тайёр эмасмиз. Чунки мабодо юқоридагидек кўрсатма бўлса, аксар давлат идораларида, банкларда, тиббий муассасалар ва ҳоказоларда иш юритиш мароми пасайган, қийинлашган бўларди. Бундан ўттиз йил аввал, эҳтимол бунга анча-мунча ҳозир бўлгандирмиз. Аммо шу орада ўзбек тилини ривожлантиришга туртки берадиган баъзи ишларни хўжакўрсинга қилган бўлдик-да, асосий ишни пайсалга солиб, йўққа чиқаришга қараб кетавердик. Масалан, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни кейинчалик “таҳрир” қилиб – ҳар ёғини эговлаб, юм-юмалоқ, тишсиз-тирноқсиз бир нарсага айлантирдикки, унга амал қилса ҳам бўлади, амал қилмаса ҳам. Оқибат, идора ва ташкилотларда давлат тилида иш юрита оладиган одам бугун сийраклашиб қолди. Ҳозир кўпгина мутахассислар она тилимизни бу орада пенсияга чиқиб кетган эски ходимлар даражасида билиши даргумон. Ҳолбуки, бунинг акси бўлиши керак эмасмиди?

Гап қонундами? Албатта, қонун зарур. Аммо уни амалга оширишга қобил, тилимизнинг, миллатимизнинг фидойиси бўлган ходимларнинг ўзи қаҳат бўлса, қонун ҳарчанд пухта ишланиб, “ўткир” бир ҳолга келтирилгани билан иш аро йўлда қолаверади. Зеро, катта-кичик ҳар бир маҳкамага ўнлаб, юзлаб ўзбек тилини қойилмақом биладиган мутахассислар – бутун мамлакат бўйича олганда эса, ҳарбийча айтганда, бир-икки полк эмас, бутун бир армия тилбилармонлари керак. Уларни қаердан оламиз? Қачон тайёрлаймиз?

Пессимизмда айблашларини билиб турганим ҳолда айтаманки, агар мактабларда она тилимизни ўқитиш шу зайлда давом этаверса, ўзбек тилининг чинакам давлат тили бўлиши яна чўзилиб кетадими, деб қўрқаман.

Бунинг сабабини изоҳлаганда «илгари мустақил эмасдик, мус­табид тузум эди, тилимиз камситиларди…» каби баҳона-ю узр­лар ҳам керагидан ортиқроқ айтилди. Эндиям шу гаплар билан ўзимизни алдаб юришнинг вақти ўтмадими? Аслида, собиқ Иттифоқ пайтида ҳам биров бизга она тилингни билма, чуқур ўрганма, деган эмас, аксинча, рус тилини ўқитиш-ўргатиш бў­йича Иттифоқ миқёсидаги конференцияларни ўзимиз ташаб­бус қилиб кўпинча Тошкентда ўтказардик, Кавказ, Болтиқбў­йидаги биродарлар ўша пайтларда ҳам республика доирасидаги ишларини ўз она тилларида олиб боришар ва бунга биров айтарли монелик қилган ҳам эмас. Демоқчимизки, ўзимизда фидойилик, миллатпарварлик камроқ, мана ҳозир – “Давлат тили ҳақида”ги қонун чиққанидан буён ўттиз йил, мустақиллик қўлга кирганидан бери икки кам ўттиз йил ўтибди ҳамки, озод элимизнинг озод тилида тўлақонли иш юритишга муяссар бўлолмаяпмиз. Чунки аксар одамларга давлат тили тушунчасининг ўзи бегона, қорин тўқ, беташвиш яшашдан бошқа ғами йўқ.

Буни бизга уқтириб, тил ривожини янги босқичга кўтаришда раҳнамолик қилиши керак бўлган кўп тилшунос олимларимиз эса ўнинчи-ўн бешинчи даражали масалалар билан, чунончи, “Қўшма гапларда зид­ланувчи узвлар пресуппо­зицияси” каби, сарлавҳасига қарасангиз – ўта илмий, лекин моҳиятига кўра тилнинг у ёки бу ҳолатини статик тарзда қайд этишдан нарига ўтмайдиган ва тил равнақига айтарлик ҳисса қўшмайдиган тор доирага оид масала билан машғул. Ахир, кўчасида инқилоб бўлаётган чоғда қай бир олим “Ўрта асрлар билиш назариясида руҳ феноменологиясининг ўрни” каби даққи бир масала билан шуғулланиб ўтирадиган бўлса, унинг файласуф эмас, бошқа “беозор” шахс эканлиги тайин-ку!

Бизнингча, бу борада бир-бирига боғлиқ икки катта муаммо бор:

  1. Тил ўқитиш тизими

Мактаб ва олий ўқув юртлари бола нутқини ўстириш билан эмас, балки ўзбек тили грамматикасининг қоидаларини ўргатиш, ёд олдириш билан машғул. Институтга киришда абитуриентнинг билими сўз туркумларни билишига, фалон жумла эргашган қўшма гапнинг қайси турига мансублигини фарқлашига қараб ўлчаняпти. Тилдан хабардорлик деганда грамматик қонун-қоидаларни қанчалик шаррос ўрганганини тушуняпмиз.

Аммо бола ўтимли феъл билан ўтимсиз феълларни чалкаштириб юборса, кишилик олмошини ўзлик олмоши деб айтса, ёхуд ҳол эргаш гапни тўлдирувчи эргаш гап деб турса – мана шу қоидаларни ёдламаган бўлса, турмушда у хато гапириб, хато ёзадиган бўлиб қоладими?

Йўқ, албатта. Бизнингча, тўғри гапириб, тўғри ёзиш учун грамматикани эгаллашнинг мутлақо аҳамияти йўқ.

Шундай ҳоллар учрайдики, ўзбек тили дарсликларидан баҳра олмаган одамлар грамматикани махсус ўрганган кишиларга нисбатан яхшироқ сўзлайдилар ҳам. Чунончи, ислом маъҳадини кечагина битирган муллавачча тумонатга ваъз айтади, таъсирли сўзлаб одамларни йиғлатишга қодир, аммо тилчи профессорларнинг кўпи тўртта одам олдида эплаб гапира олмайди.

Шу ўринда, масалани кенгроқ қўйиб кўрайлик: тил таълимидан мақсад нима? Грамматиканинг схоластик қоидаларини яхшилаб билиб олишми ёки ўз она тилида бурро гапириб, равон ёза олишни ўргатишми?

Мактабларда (университетларда ҳам) тил ўргатиш нотўғри асосга қурилган. Бизда болаларга тилни эмас, балки тил ҳақидаги фаннинг муайян тармоқлари – фонетика, морфология, синтаксис… ўргатилади. Ҳолбуки, физика дарсларида болалар физик жараёнларни, математика дарсларида ҳисоб-китобни ўрганганлари каби, тил дарсларида ҳам тил хусусидаги фаннинг тармоқларини эмас, она тилимизнинг ўзини, гўзаллигини, кенг имкониятлари ҳақидаги илмни ўрганиши лозим-ку!

Ўтмишда тил таълими тўғри йўлга қўйилган эди. Эски мактабда сарф (морфология) ва наҳв (синтаксис) каби махсус соҳалар ҳам ўқитилган, бироқ улар талабаларнинг анча билим ва кўникмаларни эгаллаган чоғида ўргатилган. Унга қадар эса одоб таълими (тил одоби ҳам шунга киради. З.И,), қироат, нотиқлик, фасоҳат каби бир қанча лисоний ва ғайрилисоний фанлардан сабоқ берилган. Ўрни келганда эски мактабларда тил таълими ўқитишда қўлланилган ана шундай мақбул усул ва шакл­лардан фойдаланиш мумкин эмасми?

Мактабда тилни эндигина ўрганишга кириша бошлаган болаларга грамматика эмас, тил ўқитилиши керак. Ўқувчиларга ўзбек тилининг туркий тиллар оиласидаги ўрни, мавқеи, шевалари ва адабий тил хоссалари, она тилимизнинг миллий табиати, нутқни тўғри тузишнинг бош­ланғич талаблари, нутқ маданияти асослари, ифодали ўқиш ва қироат малакаси, фасоҳат ва балоғат, мантиқ ва услуб сингари ҳар бир одамга – ишчи, хизматчи, деҳқон, сотувчи, кимёгар, новвой, компьютер дастурчиси… сингариларга ҳар куни асқотадиган, яъни аввало, жонли мулоқот учун лозим бўладиган билимлар ўргатилиши керак. Ана шуларни мукаммал эгаллагандан ке­йингина тил таълимининг олий босқичида – тилнинг товуш, сўз ва жумла кўламидаги қонуниятлари баён қилинадиган фонетика, морфология ва синтаксис каби назарий соҳаларига ўтиш мумкин бўлар.

  1. Ўзбек тили грамматикаси дарсликлари борасида

Аслида, барча грамматика дарсликлари ўша тилнинг табиатидан келиб чиқиб тузилади. Бу дегани, агар тиллар ўзаро генетик ва типологик жиҳатдан муштарак бўлмаса, бир тил учун тузилган грамматика иккинчи тилга тўғри келмайди. Тилнинг миллий хусусиятларидан келиб чиқиб яратилган грамматикагина ўша тилнинг хоссаларини тўғри акс эттиради ва унинг ривожига кўмак бера олади.

Аммо ўзбек тилининг бугунги грамматикаси бу талаб­­га мутлақо жавоб бермайди, чунки унинг бутун тузуги… рус грамматикасига мос. Бошқача айтганда, рус тили грамматикаси рус тилининг жуссасига қараб бичиб-тикилган либос десак, ўзбек тили кийган либос (грамматика) ўз гавдасига монанд эмас, у бошқа бировнинг кийимини кийиб олиб, ўнғайсиз аҳволга турган кишига ўхшайди. Бу либосда уни таниб олиш (ўрганиш) қийин.

Чунончи, сўзлар икки йирик — мустақил ва ёрдамчи сўз туркумларига тақсимланар эмиш. Сўз туркумлари эса оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, рус тилидаги каби олтита: от, сифат, сон, олмош, феъл, равиш (буларнинг саналиш тартибигача бир хил). Ёрдамчи сўзлар туркуми ҳам худди русчадагидай — айнан бешта, бу туркумлар ҳар бирининг у ёки бу грамматик ҳолатини изоҳловчи ўнлаб ва юзлаб ички атамалар ҳамда уларнинг бутун-бутун тизими (масалан, фазовый глагол — фазали феъл, выделительно-ограничительные частицы — айирув-чегаралов юкламалари…), шу­нингдек, келишиклар сонининг рус тилидаги падежлар каби айнан олтита эканлиги… ўнлаб шундай айнанликлар борки, бу ўзбек тилининг ҳозирги сарфиёти тамомила русча қолипдан чиққанини кўрсатади.

Синтаксис соҳасидаги мутелик эса яна кўп. Гапнинг эга ва кесим каби бош бўлаклар (главные члены предложения)га, аниқловчи, тўлдирувчи ва ҳол (определение, дополнение и обстоя­тельство) сингари иккинчи даражали бўлаклар (второстепенные члены предложения)га бўлиниши, содда гап ва қўшма гап, содда гапларнинг ва қўшма гапларнинг турлари, буларнинг шакл-шамойи­ли ва номи… барчаси ўзбек тили синтаксиси рус тили синтаксисини ўзига татбиқ этиб олганига далилдир. Бугунги ўзбек тилшунослигига оид мингдан ортиқ  истилоҳлар ҳам русчадан айнан таржима қилиб олинган.

Бошқа тил вакилларига ўзбекчани ўргатишга мўлжаллаб чоп этилган кўплаб ўқув қўлланмалари ҳам ана шу алпоздаги грамматикани ўқитишга мўлжалланган. Улар бу дарсликлар асосида ўзбек тилини ўргана олмаслиги аниқ. Чунки, ҳозирги грамматика асосида ўзбек тилини ўрганиш нафақат бошқа миллат кишилари, балки ўзбекларнинг ўзига ҳам мушкул.

Мен турк тили юзасидан Туркияда ёки уйғур тили бўйича Шинжонда яратилган миллий грамматика намуналари билан танишишни жуда истар эдим. Ҳар ҳолда, улар ўз грамматикаларини рус тили қолипига мослаб эмас, балки турк, уйғур тилларининг миллий табиатидан келиб чиқиб яратган бўлсалар керак. Бу эса туркий тиллар бўйича кўп дарслигу қўлланмаларни тўғри тузишга, камчиликларни бартараф этишга кўмаклашган бўлур эди.

Хуллас, ўзбек тилини ўқитиш-ўргатишда ҳозир шаклланган схоластик анъаналардан, яъни ҳадеб грамматикани тиқиштиришдан воз кечиб, асосий эътиборни нутқ ўстиришга қаратиш лозим. Грамматикага келсак, унинг тузилишини тубдан ислоҳ қилиб, она тилимизнинг миллий табиатидан келиб чиққан ҳолда, мустақил миллий грамматикани яратиш зарур. Шундай дарсликларгина ўзбек тилининг табиати ҳақида тўғри тасаввур бера олади.

Шу кунларда давлат тили тўғрисидаги қонун яна кун тартибига чиқяпти. Бу борада Президентимиз айтганидай, “ура-ура” қилиб, қонун қабул қилиш керак деб иш қилиш ноўрин. Қонун қабул қилганда ҳам виждондан ўтказиш: хўш, бу қонунни ким бажаради, деган саволдан келиб чиқиш лозим.

Бу талотўп дунёнинг авзойи шундайки, тўрт минг киши гаплашадиган бир тил сақланиб қолиб, тўрт миллион кишининг она тили йўқликка юз тутиши ҳам мумкин. Бу энди айни тил вакилларининг фидойилигига, ватанпарварлигига боғлиқ. Нега ватанпарварлик деяпмиз? Чунки ҳар бир эл-халқнинг ватани энг аввало унинг она тилидир. Тил бўлмаса миллат, миллатсиз Ватан бўлмайди. Демак, тил — кўзимизнинг қорачиғи каби азиз.

Пировардида ўзбек тили бусбутун давлат тилига айланиши учун ўта шарт бўлган бир омил ҳақида ҳам айтиб ўтайлик.

Маълумки, инсон руҳиятида шахсий манфаатдорлик туйғуси кучли. Ўзбекларда эса айниқса. Биз она тилини яхши билиб, давлат ишини шу тилда юритишдан шахсан ўзимиз манфаатдор бўлишимизни англасак борми, тамом, бошқа биров бизга етиб бўпти. Чунончи, ҳар қандай даражадаги раҳбарликка тайинлашда шу кадр­нинг давлат тили бўйича имтиҳондаги натижаси ҳисобга олинса, ҳарбий, тиббий, техникавий, дипломатик, илмий ва ҳоказо даражалар беришда, малакалаш учун аттестациядан ўтказишда ходимларнинг ўзбек тилини қай даражада билиши бўйича саволлар ҳам ўртага қўйиладиган бўлса… ишонинг, барча муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади ва бирон йилга қолиб-қолмаёқ ўзбек тили амалда чинакам давлат тили бўлиб ишлай бошлайди.

Юқоридаги мулоҳазаларимиздан муддао шуки, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилган “Ўзбек тилини давлат тили сифатида нуфузи ва мав­қеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида: “Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”, дейилгани биз учун дастуриламал бўлмоғи шарт. Демак, ушбу Фармоннинг ижросини таъминлашда устувор вазифаларга биринчи галда эътибор қаратишимиз лозим.

Зуҳриддин Исомиддинов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

1 thought on “Тиллога тенг тилимизнинг тақдири

  1. Bu makola maga abdan jakty. Katta raxmat etem sizlarga. Kirgiz tilida ve bul probem var. Uzbek tilinin davlat statusu ykarsa bisdin davlatka ve jardam etmek. Myndan sonra siznin makoranyzdy har doim okup turamyz. Zamirbek Osorov, Kyrgyz jornalist ve adabiatchy

Замирбек Осоровga fikr bildirish Javobni bekor qilish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + thirteen =