Тадбиркорнинг арзини ким тинглайди?

Мирзачўл — қумлоқ яйдоқ далаларда меҳнаткаш, забардаст инсонларнинг қўл меҳнати билан бунёд этилган боғ-роғу, кўкаламзорга айланган гўша. Дилтортар масканга айланган. Бир шикоят сабаб яна Мирзачўлга қадам ранжида қилдик. Бийдай даштда яшаётган, деҳқончилик қилаётган одамларнинг юз-кўзида қатъиятлилик ифодаси бор. Улар одимларида эса келажак сари ишонч билан мустаҳкам қадам залвори сезилиб туради…

Туман ҳокимияти биносига борганимизда, узоқдан келган меҳмон эканимизни билишди шекилли, дарров эътибор кўрсатишди. Иш юзасидан ташриф буюргандик, дўстона суҳбатлашишга вақт тиғиз бўлгани боис,  мақсадга ўтдик. Камтар, камсуқум, аммо сипогина кийинган, ўзини Баҳодир Ҳошимов деб таништирган йигит таҳририятимизга кунора кела бошлаганди. “Сизнинг шикоятингиз, албатта, ўрганиб чиқилади. Агар лозим бўлса мақола эълон қиламиз”, деганимизга ҳам ишонқирамай, “мен қишлоғимга кетсам шикоятимни эътиборсиз қолдиришмайдими”, дебми у: “менинг аризамни ўрганасизларми ростдан ҳам”, — дея таҳририятимизга тез-тез телефон қиларди… Биз туман ҳокимлиги мутасаддиларига қоғоз жилд тўла ҳужжатларни ўрганиб, ўртадаги муаммони атрофлича холис таҳлил қилмоқчи эканимизни айтдик.

Маълум бўлишича, 2012-2013 йилларда Баҳодир Ҳошимовнинг отаси Ҳасан ака (ҳозирда марҳум) туман “Марказий таъмирлаш устахонаси”да муҳандис бўлиб ишлаган, жойларда деҳқон-фермер хўжаликлари ташкил этилиб, такомиллаштирилгач, устахонага унчалик эҳтиёж қолмаган. Шунда муҳандис Ҳасан Ҳошимов туман аҳолисининг оғи­рини енгил қилиш мақсадида устахонада оилавий тадбиркорлик ташкил этиш учун ҳокимликка мурожаат қилади. Мирзачўл тумани ҳокими М.Бобобековнинг 07 январь 2013 йилдаги №01-08-рақамли хатида мазкур бинодан вақтинчалик фойдаланишга рухсат берилгани айтилади.

Албатта, мустақил иш бошлаш осон кечмайди, устахонани тартибга келтириш, аҳоли эҳтиёжига мослаб қайта жиҳозлаш меҳнатдан ташқари, бирмунча сармоя ҳам тикиш лозим бўлган. Айниқса, ўз соҳасининг моҳир усталарини ишга жалб этиш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш талаб этиларди. Шундагина ишда унум бўлиб, одамларнинг ишончини қозониш мумкин эди.

Ҳ.Ҳошимов саъй-ҳаракатлари билан устахона дурустгина ишлай бошлайди. Хўжаликлардан, ҳатто қўшни маҳаллалардан ҳам техник воситаларини таъмирлатишга келадиганлар сони кўпаяди. Вақт кутиб турмас экан, умри поёнига етганини сезганми, Ҳасан ака устахонани юритишни ўғли Баҳодир Ҳошимовга топширади. Б.Ҳошимов ота касбини давом эттириш баробарида “Баҳодир юксалиш” хусусий корхонасини ташкил этади. Президентимизнинг ёшларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича кўрсатмалари асосида Республика “Yoshlar — kela­jagimiz” жамғармасига ҳамда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига аъзо бўлади. Бир қараганда ишлар силлиқ кетарди. Аммо мамлакатимиз ҳудудидаги туманларда “Yoshlar mehnat guzari” ташкил этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига чиққан бир пайтда, буни тўғри англаган Б.Ҳошимов туман ҳокимлиги балансида бўлган мазкур бинода меҳнат маркази ташкил этишга изн сўраб Мирзачўл тумани ҳокимига хат киритади. Ҳамма чигаллик шундан бошланади…

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддасида: “Мулкдор бўл­маган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс мол-мулк­ка мулк ҳуқуқини олади”, дейилади.

Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar — kelajagimiz” давлат дастури тўғрисидаги ПФ 5466-сонли фармони талаблари асосида 2019 йилда ташкил этиладиган “Yoshlar mehnat guzari” комплекси манзилли рўйхатга киритилган эди. Натижада “Марказий таъмирлаш устахонаси” аукцион савдога қўйилмаслиги талаб этиларди. Аммо ҳокимлик ушбу бинони негадир тезкорликда “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК савдосига 0 қийматда қўяди. Ваҳоланки, “Yoshlar — kelajagimiz” давлат дастурида давлат-хусусий шерикчиликнинг қуйи­даги шартлари белгилаб қўйилган:

а)туман (шаҳарлар) ҳокимликлари:

“Ёш тадбиркорлар” кворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини, шунингдек, бошқа объект­ларни қуриш (жойлаштириш) учун хусусий инвесторларга истисно тариқасида, тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер участка (бўш бинолар)ларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади, дейилган, аммо туман ҳокимлиги истисно тариқасида бу ҳужжатни эътибордан четда қолдирган.

Натижада бино электрон-онлайн аукцион савдода 0 қийматда “Зилол булоқ” МЧЖга сотиб юборилади. Савдо келишуви бўйича, умумий ер майдони 0,11, мулкнинг сотилган баҳоси 1 000 001 сўм, шартнома тузиш учун бошқа шартлар киритилаётган инвестициялар миқдори 800 000 000 сўм, инвестицион мажбуриятларни бажариш муддати 24 ой, яратилаётган янги иш ўринлари 20 та кўрсатилган.

Аукцион 2018 йил 19 декабрда бўлган, аммо бино ҳалигача ташландиқ ҳолатда турибди,  олинган мажбуриятни бажариш учун ҳеч бир ҳаракат қилинмаган. Аксинча, бинонинг янги хўжайинлари 2013 йилдан буён сақланиб келинаётган бино жиҳозлари, “Баҳодир юксалиш” хусусий корхонасига тегишли ускуналарни темир-тақа бозорига мослаб, кесиб-тахлаб чиқишибди (аслида бу ўзибилармонлик ва талон-торожлик), аммо нега?.. Ахир 18.04.2019 йилдаги тадбиркорлик субъектини қайта рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги Мирзачўл тумани Давлат хизматлари агентлиги томонидан тузилган маълумотномада бинодаги жиҳозлар 94 348 000 (тўқсон тўрт миллион уч юз қирқ саккиз минг) сўм баҳоланган. Тадбиркорга етказилган зарарни энди ким қоплайди? Бу ҳам ҳали ечимини топгани йўқ.

Балки устахонани ноль қийматда сотиб олган “янги хўжайин” ўртада сарф қилинган маблағини чиқариб олиш учун бўлаклагандир? Буниси бизга номаълум. Аниғи шуки, кимёвий ўғит маҳсулотлари тайёрлаш, янги иш ўринлари яратиш, инвестиция киритиш ҳақида, ҳатто ўйлаб ҳам кўрилмагандек. Бинони Ўзбекистон телерадиокомпанияси Жиззах вилояти филиали мухбирлари келиб тасвирга олишган ва эфирга аввал Жиззах телевидениесида, сўнг “Yoshlar” телеканалида узатилган лавҳалар ёзилган дискни кўриб ҳам шу хулосага келдик.

Шунга қарамай, “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси томонидан ёзилган 2019 йил 15 апрелдаги Мирзачўл тумани ҳокими қарорини бекор қилиш тўғрисида расмий хати яна эътиборсиз қолдирилгач, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти филиали мазкур ишни яна вилоят маъмурий судида кўриб чиқиш учун тақдимнома киритган. Аммо Мирзачўл, Пахтакор туманлари ҳамда вилоят маъмурий судларида 2020 йилнинг январь-февраль ойларида уч марта кўрилган, ҳалигача якуний хулосага келинмаган иш буёғига нечоғли ҳал қилинади, буниси ҳам номаълум…

Баҳодир Ҳошимов билан суҳбатлашганимизда, у: “Кейинги пайтларда туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари менга нисбатан нохолис муносабатда бўлишмоқда. Мен йўғимда бир неча бор уйимга келиб, оила аъзоларимни ҳам безовта қилишмоқда. Ўтган йил сентябрь ойида автобусда бир нотаниш аёл билан гап талашиб қолгандим. Шуни баҳона қилиб, 2020 йил февралнинг бошида туман ИИБга чақириб, 12 кун қамаб қўйишди”, — дейди. Унинг адвокати Р.Тошбулов: “Воқеа 2019 йил сентябрь ойида бўлган, агар норози томон шикоят қилса, 15 кун ичида кўриб чиқилиши керак эди. Орадан олти ой ўтиб яна бу масалага қайтиш кимга керак бўлди, шунисини билолмадик”, деди.

— Бундан ташқари, менга нисбатан нохолис муносабатда бўлган Пахтакор тумани жиноий суди 2013 йил 3 июлда ЖКнинг 237-моддаси, 5-қисми билан мени айбдор топиб, 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини қўл­лаган эди. Вилоят жиноий суди эса аппеляция инстанциясида кўриб чиқиб, суд ажримини ўзгаришсиз қолдирди. Ахир Олий суд пленумининг 19 декабрь 2003 йил “Гумон қилинувчи ва айб­ланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида “Шахс амалда ушланган (қўлга олинган) пайтдан бошлаб гумон қилинувчи деб ҳисобланади. Айнан шу пайт­дан бошлаб ушлаб турилган шахс гумон қилинувчига берилган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан, ҳимоячи олиш ҳуқуқидан фойдаланади. Шу туфайли унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиши мумкин эмас”, дейилган. Лекин менга адвокат олишимга рухсат беришмаган. Қўйилган айб ҳам сунъий, яъни асоссиз  эди. Ҳимоя ҳуқуқимнинг бузилиши суднинг барча қарорларини бекор қилишга асос бўлади, — дейди Б.Ҳошимов. — Мана энди судма-суд юрибман, ҳақиқат бўлса, албатта, оқланишим керак.

Мазкур судга оид ҳужжатлар билан танишганимизда, воқеани кўрган-билган гувоҳлар бўлса-да, судга улар тўлиғича чақирилмасдан ажрим чиқарилгани ҳам шубҳали туюлди.

Албатта, оммавий ахборот воситалари мазкур масала юзасидан қарор чиқарадиган ташкилот эмас, биз қарор чиқариш ваколати берилган идораларга, чуқурроқ ўйлаб кўришлари учун, эслатма бўлсин деб юқоридагиларни ёздик. Ахир давлат, ҳукуматнинг қарор ва фармонларини қуйи тизимлар шаффоф бажармаса, бошқалардан нимани кутиш мумкин…

Сўзимиз сўнггида яна шуни қўшимча қилмоқчи эдикки, Б.Ҳошимов бир неча йилдирки, турли идораларга шикоят, арз билан мурожаат қилиб келмоқда. “Мен тадбиркорман, аммо туманимизда ҳеч ким менга ёрдам бермаяпти”, — дейди у куйи­ниб.

Туман мутасаддилари шу инсон учун вақт ажратиб, уни қийнаётган масала ва муаммоларни атрофлича ўрганиб, холис бартараф этишга кучи етмайдими? Ёки бунинг иложи йўқми? Ё уларнинг бунга хоҳишлари йўқми? Бизнингча, кейингиси ҳақиқатга яқинга ўхшайди…

Юсуф Худойқулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − two =