“Бу майдон ичра …”

Бир амаллаб газета очиб, ҳасратидан чанг чиқиб юрганларни ҳам кўряпмиз. Ичимизда, нима зарил эди-я, сенга, деб қўямиз.

Начора, журналистика ҳам бир оҳанраболи касб. Ҳар бир даврда, ҳар бир касб ўз фидойилари билан муҳташам. Ўзига хос, “фанат”лари билан гуллайди, гуркирайди.

Ўтган йили, ҳамманинг эътиборига тушган бир обрўли журналда, чарақлабгина ишлаб юрган Нозимжон Ашуралиев деган ижодкор укам:

— Ака, дуо қип туринг. “Вақт – Время” газетаси ишга таклиф қиляпти”, – деб қолди.

Дуони-ку, қилдим, аммо хаёлимдан, “аристонларга аталган, наридан бери газета бўлса керак. Иссиқ жойини совутишига арзирмикин?” — деган фикр ҳам ўтди.

Адашган эканман! “Панжара ортидагилар” учун чиқадиган ўша газета салкам саккиз минг нусхада чоп этилаяпти.

Кўз ташлаб, фикр айтиш маъносида келтириб беришган бир неча сонини варақлар эканман, уни озод одамлар ҳам ўқиса бўладиган, истараси иссиқ, чайиргина газета экан, деган фикрга келдим. Қайсидир маънода ўқувчисини ҳам топиб олган.

Нафсиламбирини айтганда, “Вақт – Время” бугун “очиқдагилар” учун чиқарилаётган кўплаб газеталардек анчайин дилкаш, қизиқарлироқ туюлди, менга. Бу эҳтимол, ижодий жамоанинг муаммоларини биз хира тасаввур қиладиган, “ёпиқ ҳаёт” эканига кўникиб қолган, шарт-шароитлари ғира-шира, оддий аҳоли учун анчайин сирли бир олам бўлган, жазони ижро этиш муассасаларини ичидан кўриб, қаҳрамонлари билан юзма-юз ўтириб, ўй-хаёллари, изтиробларини жон қулоғи билан эшитиб, қўлга қалам олганида, деб билдим.

Ижодий жамоа фақат ўз имкониятлари билан чекланмай, ташқи муаллифларга ҳам бажонидил жой ажратишини кузатдим.

Нафақат журналистикамизнинг, балки бугунги адабий жараённинг таниқли вакиллари Иқбол Мирзо, Хуршид Даврон, Сирожиддин Саййид, Минхожиддин Мирзо, Ибодулла Мирзаев (таржимон) ва бошқа бир қатор муаллифларнинг номлари ҳам газетага анча файз киритишини сездим. Иложи бўлса, меҳмон муаллифлар сафи янада кенгайса. Чет эл адабиётидан бот-бот алоҳида саҳифалар қилинса. Янги, қизиқарли рукнлар кўпайтирилса, нашрнинг юзи яна ҳам очилиб кетар экан,  деб ўйладим.

Газета ўз ўқувчилари билан алоқаларни анча яхши йўлга қўйиб олгани кўриниб турибди. Эълон қилинаётган мактублар, дил изҳорлари, маҳкумлар ижодидан намуналар мунтазам ёритиб борилиши анъанага айлангани сезилади.

Ўқувчи кўнглини овлайдиган рукнлар кўпайтирилса. Яъни, “Сиз кутган учрашув”, “Панжара ортидаги дўстлик”, “Мен, албатта қайтаман!”, “Сиз менинг ёдимдасиз!”, “Савол берган экансиз”, “Қонун ёки қарорга муносабатингиз”, деганга ўхшаш…

Маҳкумлар ўзларини қийнаётган барча саволларга ўз газетаси “Вақт…” орқали мутахассисларнинг жўяли жавоби, фойдаси тегадиган, самимий маслаҳатларини олиши ҳам газетхон билан таҳририят ўртасида қизғин алоқалар, илиқ муносабатларни кучайтиради, газета жамоасига ҳурматини оширади. Бунинг учун уларнинг кўнглига чин дилдан қулоқ тутишни билишимиз керак. Нашрнинг бош мақсади ҳам ана шу қатлам билан ишлаш, назаримда.

Ҳозирги ҳолатида эса кўпроқ формали ходимлар билан ишлаш биринчи ўринда тургандай таассурот қолдирмаяптимикин?! Фотосуратларда формали ходимларнинг ҳукмфармо фаолияти бўртиб турган вазиятлар кўпроқ акс этаётгандай. Иложи бўлса бундай суратларни камайтириш зарур. Бу таклифимиз, асосан, фотосуратчига тегишли. У ўз ишига сал ижодийроқ ёндашиб, маҳкумларнинг формали ходимлар билан дилкашроқ ҳолатларини пойлаши, пайтини илғаб, пленкага муҳрлай олиши лозим. Буни кўрган ходимлар ҳам охир-оқибат, ҳа, шундай ишлашимиз керак экан, деган хулосага келишса, ажаб эмас.

Маҳкумлар ҳаёти билан боғлиқ, ихчам ҳикоялар, айниқса, юмористик асарларни нашрда умуман кўрмадим. Бундай нарсалар дунё адбиётида ҳам, ўзимизда ҳам истаганча топилади.

“Ўқишни тавсия этамиз” рукни яхши. Унинг тагидан ўша китобдан қизиқарли парча берилмаса, бу иш ўзини оқламайди. Шунчаки, реклама ёки “пулга ташна” ишбилармон ноширлар фойдасини кўзлаб қилинган иш бўлиб қолади.

Ниҳоят, “Шеърият бўстони” рукни масаласида.

Аввало, шундай саҳифанинг борлиги ва мунтазамлиги кишини хурсанд қилади. Фақат, муаллифларнинг исми тўлиқ келтирилмаслиги унчалик тўғри эмас, назаримда. Чунки, руҳшуносларнинг айтишича, ҳар қандай одамга кимнингдир лафзидан ўз исмини эшитиш энг ҳузурбахш лаҳза бўларкан. Қолаверса, тўрт жумлани муносиб жамлаб, матбуотда ёритаётган қаламкаш учун бу неъматнинг аҳамияти беқиёс. Агар ички тартиб ёки қонунларда монелик бўлмаса, муаллифларнинг исми тўлиқ ёзилгани маъқул. Бу ҳам газетани ўз ўқувчиси билан янада яқинлаштириши шубҳасиз.

Шундай қилиб Нозимжон укамиз “Вақт – Время”га ишга ўтди. Янги йил арафасида унга газетасининг ададидан қайғурган бўлиб:

— Эски йилда салкам саккиз минг нусхада чиққан экансизлар. Тузуккина ошдими, ададинглар? — деб сўрадим. У нима деди, денг:

— Хайрият, етти минг нусхага етказиб олдик.

Анграйиб қолибман.

Бу гапни у бошқа газетачи дўстларимга ўхшаб, армон билан эмас, аксинча, мамнуният билан айтаётгани мени баттар ажаблантирарди. Тушунмайроқ турганимни сезгач, аниқлик киритди:

— Аристонлар кейинги йилларда бизда ҳам камайиб боряпти, ака. Етти минг ҳам аслида кўп. Қани энди, маҳкумлар кескин сийраклашиб, қамоқхона бинолари ҳувиллаб қолса. Тепасига Швециядагидай, маҳкум йўқлигини билдирувчи оқ байроқлар тикиб қўйсак! Биз эса шу туфайли — ушбу газетадаги ходимлар ишсиз қолсак ҳам рози эдик.

Биласизми, матбуотчиликка манғиганидан буён “тираж” учун курашиб яшаган бир қаламкашга, журналистикага энди кириб келаётган бир ҳамкасб дўстининг тилидан бундай жавобни эшитиши, жуда ҳам ёқимли.

Абдунаби Бойқўзиев,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − nine =