Дахлдорлик туйғуси

Ўтган ҳафта қишлоққа бордим. Маҳалла гузарида ёши улуғ бир ҳамқишлоғимиз саволга тутди. “Рақамли иқтисодиёт нима дегани, бизга содда қилиб тушунтиринг”. “Майли, ёшларни ҳам чорланг, бирга гурунг қиламиз”, дедим. Сўнг улар сўрашгандай содда изоҳ бера бошладим.

— Эсингиздами, 35-40 йиллар илгари собиқ иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган “Рекорд”, “Горизонт”, “Фотон” каби русумли телевизорлар бўларди. Экрандаги тасвир хиралашиб, тўлқинли чизиқ ҳосил бўларди. Шунда телевизорнинг тепа қисмига гурсиллатиб урардик. Шу зарбадан сўнг эгри-бугри чизгилар тўғриланар, агар канал алмаштиргич синиб қолса, бу мурватни омбир билан айлантирардик. Энди ҳозирги пайтда юртимиздаги “Артель” русумли телевизорни кўз олдингизга келтиринг. Уни ўтирган жойимиздан пульт тугмаларини босиш орқали бошқарамиз. Янги замон телевизорларига рақамли технология татбиқ қилинган. Эски телевизор чиқарилган пайтда рақамли технология умуман бўлмаган. Демак, рақамли иқтисодиёт тараққиёт, ривожланиш ҳосиласи экан.

Илм, маърифат ўсиши ҳисобига рақамли иқтисодиёт намоён бўлмоқда.

Тингловчилар содда мисолдан таъсирланиб, савол беришди. “Айтинг-чи, рақамли технологияга инсон омили аралашмайди, дегани нима?” Тушунтириш учун яна мисолга мурожаат қилдик. “Бундан тўрт-беш йил муқаддам пластик карточкангиздаги нақд пулни қандай ечиб олардингиз?”. “Эҳ-ҳе, эсимиздан ҳам чиқаёзибди, айрим чаққонлар орқали 15-20 фоиз ҳисобига нақдлаштирардик. Энди Президентимизга минг раҳмат, нақд пул муаммоси умуман йўқ”.  Жуда яхши, исталган инфокиоскда миллионлаб сўм пулни тегишли рақамларни босиш орқали 1 фоизлик хизмат ҳақи эвазига нақд пул қилиб оляпмиз. 15-20 фоиз қаердаю 1 фоиз қаерда? Кўряпсизми, бу ишга инсон омили аралашмаяпти. Яна рақамли технология жонимизга оро киряпти. Ким билсин, шу техника бажарадиган иш бирор одамга топширилса, “Нақд пул камайди, агар фоизни оширсангиз, ҳожатингизни чиқариб берамиз” дейишармиди?!

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, кўпчилик кутганига яраша, янгиликларга бой бўлди. Мана шундай янгиликлардан бири: “Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан”. Шу гап янграганда бутун зал оёққа туриб олқишлади. Ўйловдимки, Мурожаатнома эълон қилингандан кейин Жамоатчилик палатаси масаласида жуда кўплаб таклифлар тушса керак деб. Ўзбекистонда 10 мингдан  зиёд нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолият юритаётган бўлса, наҳотки уларда фикр уйғонмаган бўлса?! Ўша соҳа вакили бўлган бир танишимдан секин сўрадим: “Нега Жамоатчилик палатаси ҳақида ҳеч ким фикр билдирмаяпти?”. Жавоб шундай бўлди: “Аввал давлатимиз раҳбари имзоси билан ҳужжат эълон қилишини кутяпмиз”. Ана, холос! Биз учун ҳамма нарсани Президент қилиб бериши керакми?! Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси қани?

Кейинчалик ўтказилган анжуманда Президентимиз Жамоатчилик палатасини ташкил этганда миллий менталитетимизга хос азалий қадриятлар ҳисобга олинишини таъкидлади. Яъни, донишманд ва оқил халқимизнинг маслаҳат ва кенгаш асосида ишлаши наф келтирсин. Яна бир муҳим қирра эса жаҳон мамлакатларининг ижобий тажрибасини ҳисобга олишдир. Жамоатчилик палатасига кимлар аъзо бўлиши керак? Ҳаётнинг паст-баланди, иссиқ-совуғини кўрган халқимиз яхши яшаши учун нималар қилиниши керак, деган саволга жавоб берадиган юртдошларимиз ўз билим ва тажрибаларини баҳам кўриши назарда тутилади. Ушбу палата аъзолари, аввало, ватанпарвар, юртсевар, ғурурли, фаол бўлишлари лозим. Илм-фанда юксак чўққиларни эгаллаган, спорт ареналарида Ўзбекистон номини дунёга таратган миллат фидойилари, эл-юрт ичра катта обрўга сазовор шахслар ушбу палата сафида бўлишлари айни муддаодир. Битта мисол келтирайлик. “Муносабат” ток-шоусида энг долзарб масалалар муҳокама қилинади. Шу кўрсатув бошловчиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қуддус Аъзамов Жамоатчилик палатасига аъзо бўлса, жуда кўп ибратли фикрларни бериши мумкин. Бу бир мулоҳаза, фикр албатта.

Президент сиёсати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ҳукумат амалга ошираётган иш тутуми халқ томонидан қандай қабул қилиняпти, яна қандай янгича вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мумкинлиги Жамоатчилик палатаси фаолиятида намоён бўлмоғи лозим. Президент Мурожаатномасида айтилганидек, “Жамоатчилик маъқул деса — маъқул, номаъқул деса — номаъқул бўлади”.

Халқимиз табиатида ажойиб удум бор: кимдир муҳим ишга қўл урмоқчи бўлса, ёши улуғ табаррук инсонлар маслаҳати ва фотиҳасини олади. Шунда ҳамманинг кўнгли тўқ, нияти аниқ, қадами дадил бўлади. Фақат Ватан тараққиёти, эл-юрт ободлиги, халқ фаровонлигини ўйлайдиган Жамоатчилик палатасида эзгу ишларга ёруғ йўлланма бериши кўнгилларга мадад бўлади. Ана шу дуони олиш “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга тенг. Кўнгилда эзгулик аҳди, метин эътиқод жўш урса, Яратган ҳам қўллаб-қувватлайди.

Президентимизнинг “Қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак” деган қанотли ибораси юқорида баён этилган фикрларимизни тасдиқлайди. Жамоатчилик палатаси давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи — Халқ ақл-заковатидан озиқ олади. Асрий тажрибалар ҳаётимизни янада яхшилашга хизмат қилади. Шундай ёндашув ҳар бир фуқаронинг эртанги кунга ишончини, дилдаги ғурур туйғусини оширади. Халқнинг қудратли кучи Ватан тараққиётини юксалтиришга сабаб бўлади.

Шуҳрат Жабборов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − one =