Бекатдан бекатгача…

Ҳаво совуқ, бунинг устига “Олой” бозори қаршисидаги бекатда одам гавжум. Автобуслар ҳам серқатнов, салонидаги йўловчилар “тўкилиб” улгурмасидан бекатдагилар ўзларини ичкарига уришади.

Соат 1830 лар эди, кимдир ишдан, кимдир ўқишдан қайтадиган пайт. “Чорсу”, “Максим Горький”, “Қўй­лиқ”қа кетамиз, деб йўловчи чақираётган кондукторнинг баланд овози, худди бозордаги сотувчиларнинг “кеп қолинг, қайноғидан бор”, дея харидор чақиришига ўхшайди. Бозор билан жамоат транспортининг фарқи қолмаяпти ўзи.

Ана узоқдан 93-йўналишдаги автобус кўринди. “Эй, нари тур, чиқдингми, энди ўртага сурил” деган гаплар билан бир амаллаб автобусга чиқиб олдим. Кўриб кўзинг қувнайди, салондаги ёшу қарининг қулоғида сим қулоқчин, қўлида алламбало телефон, бири бошини сарак-сарак қилса, бири бошини орқага ташлаб, кўзларини юмиб мириқиб кетаяпти. Биламан бари ғарб мусиқасини тинглаяпти. Лекин бу уларнинг ихтиёри.

Бундай тирбандликда мусиқа тинг­лашдан бошқа яна нима иш қилиш мумкин, демоқчи эдим… Йўқ бўларкан. Ана орқа тарафда, кўринишидан талабага ўхшайди, сипо кийинган қиз китоб ўқияпти. “Одам зўрға сиғаётган жойда китобга бало борми, йиғиштир китоб-питобингни, уйингда ўқийсан”, жеркиб берди тиқилинчда зўрға нафас олаётган амаки. “Иложини топса, автобуснинг томига ҳам одам чиқазади булар”, деб тўнғиллади бошқа йўловчи.

Ҳамроҳларим гапини эшитиб бораётувдим, ҳайдовчига қараб: “Автобусга йўловчи сиғими қанча ўзи, йўналишлар бўйича тақсимланган автобуслар графикка тўлиқ амал қиладими?! Қачонгача одамлар йўллардаги вақтини узоқ кутиш ва асабийлашишга сарфлайди?!” — демоқчи эдим, хаёлимни кондукторнинг: “Тушадиганлар йўл ҳақини тайёрласин”, деган ундови чалғитди.

Ойлик йўл чиптаси борларга мазза, амаллаб эшик олдига етиб олса, марра уларники. Қолганлар йўл ҳақини бериш ва қайтимини олиш учун навбат кутиши керак. Кутганинг­га яраша қайтимини тўлиқ берса майли, аммо 2000 сўм пул узатганларнинг аксарияти қайтимига 500 сўмни олиб, жимгина тушиб қолаверади.

Ўзбекмиз-да, индамай ўрганганмиз! Меним-ча йўл ҳақи 1400 сўм эди. Қизиқ, бундай “индамасликлар” эвазига минглаб йўловчилардан ҳар куни йиғиладиган 100 сўмликлар бир кунда қанча бўлар экан-а?!

Жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлаш тизимининг янгича усулларини амалда қўллаш вақти етмадимикан, сиз нима деб ўйлайсиз, ҳурматли йўловчи?

Шириной Aзадова,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 9 =