Матбуот — маънавият булоғи

Маълумки, жамиятда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни беқиёсдир. Инсоният давр одамлари ақл-тафаккурининг бемисл ютуқларини газета ва журналлар, радио ва телевидение, ахборот агентликлари ва интернет тармоғи орқали англаб етмоқда. Ўтган асрда сохта ғоялар соясида қолиб, оммага етиб бормаган ҳаёт ҳақиқатлари эндиликда кенг ва ҳар томонлама ўз ифодасини топмоқда. Мустақиллик ана шундай имкон яратди.

Матбуотнинг асосини реал воқелик ташкил этади, у ижтимоий ҳаётда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларнинг туб сабабларини ўзида  акс эттиради, уни ўрганади, таҳлил қилади ҳамда воқеликка қайтадан таъсир кўрсатади. Таъбир жоиз бўлса, матбуот  — ҳаётнинг ўзидан қайнаб чиқиб унга ҳаётбахш оқим сифатида қайтадан қуйилувчи маънавий чашмадир.

Оммавий ахборот воситаларининг  доимий бажарадиган ижтимоий вазифаси — тас­вир, таҳлил ва таъсир қилишдир. Бунда тас­вир, яъни ижтимоий ҳаётни акс эттириш, кишиларни хабардор қилиш муҳим ўрин тутади. Ушбу вазифани бажаришда газеталар асосий воситачи ҳисобланади ва унинг асосий иши жамият ҳаётидаги энг янги факт, воқеа ва ҳодисаларни тасвирлаш, шу куннинг тарихини тўлалигича акс эттиришдан иборатдир.

Матбуотнинг тасвир функцияси орқали хабардор қилиш вазифасини бажаришда журналистиканинг асосий жанрлари хизмат қилади. Булар — информация (хабар), кенгайтирилган хабар, репортаж, ҳисобот, интервью, лавҳа кабилар бўлиб, уларда пуб­лицистик руҳ ўз ифодасини топади. Матбуотнинг мақола, шарҳ, суҳбат, очерк, эссе, фелъе­тон, памфлет каби жанрлари гарчи ҳаётнинг чуқурроқ  қатламларини акс эттиришга мўлжалланса-да, уларнинг асосида ҳам тас­вир, хабар бериш ётади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан йўналиш олган оммавий ахборот воситаларимиз  ижтимоий ҳаёт воқеаларини янада кенгроқ, чуқурроқ, холис, тезкорлик билан ёрита бошладилар, газеталаримиз, журналларимиз янада қизиқарли, ўқимишли бўлиб бормоқда. Бунда матбуотнинг бош функцияси — тасвир ҳар тарафлама қўл келмоқда.

Аммо матбуот ҳаётни оддийгина қайд этиш, у ҳақда хабар бериш билангина чекланиб қолмайди, балки ундаги факт, воқеа ва ҳодисаларнинг ички моҳиятини ҳам очиб беради, муштарийларга тушунтиради, таҳлил қилади, баҳолайди, хулосалар чиқаради, маъқуллайди ёки инкор этади. Бу матбуотнинг иккинчи  бош ижтимоий вазифаси — таҳлил функцияси ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, матбуотнинг тасвир функ­цияси ижтимоий ҳаётнинг устки, кўзга кўриниб турган қатламларини акс эттирса ва онгнинг устки қатламига таъсир қилса, таҳлил  ижтимоий ҳаётнинг чуқур қатламларини ўзида акс эттиради ва инсон онгининг таг қатламларига таъсир кўрсатади.

Мустақиллик даврида сўз эркинлигига эришган ўзбек матбуотида  тасвир билан бир қаторда таҳлил функцияси тобора такомиллашиб  бормоқда. Оммавий ахборот воситаларининг таҳлилий вазифаси ҳам сезиларли даражада кенгайди, чуқурлашди, у замонамизнинг, энг муҳим, долзарб масалаларини ёритишда, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, ҳар тарафлама янада юксалиш ғояларини омма онгига сингдиришда фаол хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига йўллаган табригида газета зиммасига: “Газета юртимизда демократик ислоҳотлар, ҳудудлардаги беқиёс бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг аҳамияти ҳамда натижаларини холис ва ҳаққоний ёритиш, аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фикрини шакллантириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлилий материаллар орқали дадил кўтариб чиқиб, ахборот майдонида муносиб ўрин олиш”, каби вазифаларни юклаган эди.

Бу вазифалар юртимиздаги барча мавжуд оммавий ахборот воситаларига ҳам тегишлидир. Матбуот ҳаётдаги факт, ҳодиса ва воқеа­ларни бемалол,  монеликларсиз, умуминсоний нуқтаи назардан, холис, илмий-объектив таҳлил қилар экан, унинг ҳаётга таъсири шунчалик ортади. Ана шу ижтимоий вазифани яхши англаш, унга хизмат қилиш ҳар бир журналистнинг бурчи ва кундалик ишидир. Матбуот саҳифаларида танқидий материаллар қатори, жамиятдаги ижтимоий камчилик ва нуқсонларни енгил кулгу орқали бартараф этишга хизмат қилувчи  ҳажвий публицистика  жанрига етарли ўрин бериш жамият тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.

Матбуот зиммасида турувчи ижтимоий вазифаларнинг муҳим босқичини — таъсир функцияси белгилайди. Оммавий ахборот воситалари ижтимоий онг кўриниши сифатида ижтимоий борлиқни тасвирлаб, уни билиб, тадқиқ этиш билан чекланмасдан, унга қайтадан таъсир ҳам кўрсатади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин, газеталарда чоп этилган материаллар ўқилиб, эшитилиб, кўрилибгина қолмасдан ҳаётда ўзгариш ҳам ясаши керак. Матбуотнинг таъсир функцияси унинг тасвир ва таҳлил амалиётлари билан  чамбарчас боғлиқ, яъни у мазкур икки ижтимоий вазифанинг мантиқий давоми ҳисобланади. Қайси матбуот нашри, оммавий ахборот воситалари ҳаётни кенг, холис ва керакли даражада ёритса, худди шу тарзда чуқур таҳлил қилса унинг таъсири ҳам юқори даражада бўлади. Аксинча, ҳаёт воқеалари саёз, бир ёқлама, шунчаки, баландпарвоз тарзда тасвир этилса ва таҳлил ҳам юзаки бўлса таъсир ҳам шунга яраша кўриниш олади.

Матбуотнинг ҳаётга таъсири икки хил: бевосита ва билвосита бўлади. Бевосита таъсир ҳаёт воқеаларининг тасвири ва таҳлил орқали ўқувчилар онгига, ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатишдир. Бу — материалларнинг таъсирчанлиги, муҳимлиги, қизиқарлилиги, факти, тузилиши, маҳорат билан ёзилганлигига боғлиқ. Бунга матбуотнинг тасвир ва таҳлил амалиётларини етарли даражада бажарилиши орқали эришилади. Матбуотнинг таъсир функциясини бажаришда  жамоатчилик фикрини шакллантириш асосий ўрин тутади. Жамоатчилик фикрини акс эттириш — журналистика ва  публицистиканинг бош масаласидир. Матбуотнинг ҳаётга билвосита таъсири эса материалларнинг самарадорлиги, яъни натижа бериши билан ўлчанади. Газетада кўтарилган ҳар қандай муаммо ҳал этилса, танқидий чиқишлар ўз самарасини берса ва жамият бошқарувининг  қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти аралашуви натижасида ҳаётга татбиқ этилсагина вазифа бажарилган бўлади.

Яна шуни айтиш керакки,  ҳозирги кунда матбуотнинг таъсир функциясининг амалга оширилишида айрим камчиликлар мавжуд. Айтайлик, газета ва журналлар саҳифаларида босилган танқидий материалларга тегишли ташкилотлар ўз муносабатларини билдиришлари шарт, агар бу муҳим иш амалга оширилмаса оммавий ахборот воситалари ёритган муҳим масалалар, танқидий материаллар қоғозда, экранда ёхуд интернет саҳифасида қолиб кетаверади. Афсуски, бугунги кунда матбуотда кўтарилган масалаларга, айниқса, танқидий чиқишларга аксарият давлат ва нодавлат идораларнинг муносабати кўнгилдагидек эмасга ўхшайди. Гўёки улар ўзларини билмаганга, кўрмаганга олиб “жим” юришини асло оқлаб бўлмайди. Зеро, жамиятда “тўртинчи ҳокимият” ҳисобланган матбуот ўзидан юқоридаги суд, ижро ва давлат ҳокимиятлари билан биргаликда иш кўриш орқалигина ўз функцияларини амалга оширади. Қоғозда ёзилган, ёхуд эфирда айтилган, телевизор экранларида кўрсатилган, интернет тармоқларида келтирилган танқидий материаллар, мулоҳаза ва муҳокамалар ҳаётга тат­биқ этилади ва бундан жамият ҳам фойда кўради.

Республикамизда жорий этилган фуқароларнинг фикр ва шикоятларини қабул қилиб, уларни ҳал этувчи халқ қабулхоналари матбуот материалларига кўпроқ эътибор қаратишса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган танқидий чиқишлар,  таклиф ва мулоҳазалар тегишли ташкилотлар томонидан текширилиб, керакли чоралар кўрилса матбуотнинг таъсири янада ошади.

Демак, матбуот фаолиятининг ўзагини ташкил этувчи тасвир, таҳлил ва таъсир функ­циялари бир-бирлари билан узвий боғлиқ ҳолда ҳаёт билан  биргаликда  янада  тараққий этиб, такомиллашиб, янгидан-янги қирраларга эга бўлиб бораверади.

Мухтор Худойқулов,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =