Мўмин отанинг турмуш уринишлари
жадидларнинг энг сўнггиси ҳақида
Мен бу қарияни танирдим. Уни Мўмин ота, орқаваротдан эса Мўмин кофир дейишарди. Эскигина кийимда, бир қўлида тўрдан тўқилган хўжалик халтаси кўтариб юрадиган новчагина, тўладан келган аммо бироз эгилиб қадам босадиган чўққи соқолли бу одам олтмишинчи йилларда мен ишлайдиган “Муштум” журнали идорасининг йўлагидан ҳам ўтиб қоларди. Гарчи унинг эски замонларда ёзувчи, шоир бўлганини, кўпгина ҳажвий шеърлар ёзганини эшитган бўлсак-да, ўзи кўримсиз бўлганлигиданми ёки унинг исмига қўшиб айтиладиган “кофир” лақаби туфайлиданми, ишқилиб, биз ёшлар унга унча эътибор қилмасдик, тўғриси — менсимасдик.
Асли исми Мўминжон Муҳаммаджонов бўлган бу кекса қаламкашнинг “Турмуш уринишлари” деган китоби ўша — олтмишинчи йилларда босилиб чиққан бўлса ҳам уни бирорта одам тузук-қуруқ ўқиб чиққанлиги ҳам маълум эмас эди. Мана мен бу кишини орадан деярли қирқ йилдан мўлроқ вақт ўтгандан кейин, Мўмин ота аллақачон бандаликни бажо келтириб жойи ростга кетганида кашф этдим. Бир мен эмас бошқалар ҳам, ҳатто чет элдаги тадқиқотчилар ҳам Мўмин Муҳаммаджонов қолдирган мерос билан қизиқиб қолишди, у ҳақда чет элларда мақолалар пайдо бўлди. Илло бу камтарин, камсуқум, афтодаҳол бир чолнинг ўтмишимиздаги кўпгина тарихий воқеаларнинг жонли бир гувоҳи, машҳур тараққийпарварларнинг дўсти, жадид матбуотининг биринчи нашрларидан тортиб то охиригача доимий мухбири, истиқлолимиз учун олиб борилган курашларнинг бевосита иштирокчиси эканлигидан бехабар эдик-да. Афсус, билганимизда жуда кўп-кўп нарсаларни сўраб-билиб олардиг-а… Аммо энди кеч. Бу гапларни, зарур маълумотларни Мўмин отадан қолган бирдан бир ёдгор — унинг “Турмуш уринишлари” китобидан излаймиз холос.
“Турмуш уринишлари” — Мўминжон Муҳаммаджоновнинг таржимаи ҳоли, босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақидаги оддийгина мемуарнамо бир асар. Унда ёзувчи ўзининг болалик давридан то ўттизинчи йилларгача кўрган-кечирган воқеаларини эринмасдан, бир бошдан, ҳеч қандай бадиий тўқима қўшмасдан ёзиб ўтади. Тошкентда камбағал бир оилада туғилган, ёшлигида ота касби — узангисозлик устахонасида тер тўкиб ишлаб тирикчиликнинг аччиқ-чучугини татиган, эски мактабда не азоблар билан хат-саводини чиқарган, кейин эса илм олиш мақсадида Тошкент, Бухоро, то Уфадаги мадрасаларга ҳам бориб не машаққатлар билан ўқиган Мўминжон ака ўша давр тараққийпарвар зиёлилари, жумладан, шоир Камий ва бошқалар билан дўстлашади, янги чиқа бошлаган газета ва журналларни ўқийди, уларда ўз мақолалари, шеърлари билан иштирок этади, шу боисдан мутаассиб диндор эмас — кенг фикрли инсон бўлиб етишади. У ўз китобида ёзишича ўша даврлардаёқ турли мозорларга сиғинишни бидъат деб билган, айрим баднафс дин вакилларининг кирдикорларига нисбатан аччиқ гаплар айтишга журъат этган эди. (Унга “кофир” лақабининг берилишига ҳам сабаб шу бўлса керак).
Тирикчилик уринишлари Мўминжон акани қай жойларга ташламаган — у гоҳ Тошкентдаги бирор маҳалла масжидида имомгарчилик қилишга мажбур бўлса, гоҳ Марғилон, Андижон ва Хоразмда, ҳатто қўшни Қозоғистон қишлоқларида муаллимлик қилади. Аммо у қаерда бўлмасин янгиликка интилади, одамларга илм-маърифат тарқатади, тараққийпарварлар сафида бўлади. У дастлабки ташкил этилган жадид нашрлари — “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Садойи Туркистон” газеталарида ўз шеърлари, мақолалари билан қатнашади, уларда босилган ўз фельетонларида зулмкор амалдорлар, порахўр қозиларни аямай фош қилади.
Мўминжон Муҳаммаджонов юқорида айтганимиздек, қатор тарихий воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлган. Масалан, у 1916 йил Тошкентда бўлиб ўтган улкан халқ ҳаракати — чор подшосининг мардикор олиш ҳақидаги буйруғига қарши кўтарилган қўзғолонни ўз кўзи билан кўрган, унда яраланган ҳаммаҳалла Содиқ деган йигитга ёрдам кўрсатган. “Маҳалламиздаги бир тикувчининг ўн саккиз яшар ўғли Содиқ докторхонада бир неча кун ётиб, соғайиб қайтиб келди. Кейин эшитсам, бир неча кундан кейин полиция келиб, уни олиб кетибди. Бечорани ҳукуматга қарши ҳаракатда айблаб, осиб ўлдирдилар. Унга қўшиб яна тўрт кишини ҳам осибдилар. Тўққиз кишини йигирма йилдан каторгага — оғир ишга ҳукм қилибдилар”, — деб ёзади ўз китобида адиб ўша даврдаги чор ҳукуматининг зулми ҳақида. Бу зулм бевосита Мўминжон акага ҳам тегиб ўтади. Уни мардикорликка оладилар, аммо у муаллимман, деб бундан қутулиб қолади, унинг ўрнига укасини олиб кетадилар, укаси мардикорликдан хасталаниб қайтади ва вафот этиб кетади.
1917 йил февраль инқилоби Туркистон зиёлилари учун ҳам “миллий озодлик умиди”ни уйғотган воқеа сифатида зўр талқин қилинган. Бу пайтда Мўминжон ака Андижонда шоир Чўлпоннинг ҳовлисида мактаб очиб, муаллимлик қилаётган эди. У шундай деб эслайди:
“1917 йил, февраль ойи эди. Болохонада болаларни ўқитиш билан машғул эдим. Қулоғимга тапир-тупур овоз кирди. Эшикдан бундай бошимни чиқариб қарасам қўлида қоғоз Абдулҳамид (Чўлпон – М.Х.) югуриб келяпти. Суюна-суюна менинг олдимга кириб келиб: “Қани, суюнчини чиқараверинг, Мўминжон ака! Падарланъат золим Николай подшо йиқилибди, афсалософлинга кетибди. Энди эзилган ҳамма мустамлака халқлар озод! Ишонмасангиз мана русча телеграмма!” — деб қўлидаги телеграммани менга кўрсатди.
Иккаламиз суюна-суюна қучоқлашиб кўришдик. Кейин шаҳарнинг кенг бир майдонида митинг бўлди. Митингда бошқалар қатори Абдулҳамид ҳам нутқ сўзлади”.
Мўминжон Муҳаммаджонов 1917 йил октябрь ўзгаришидан кейин янги тузум матбуотида, жумладан “Муштум”да ишлаб, ўз ҳажвий шеърлари билан қатнашиб турди. У ўз шеърларини Тошқин, Меҳтарбод деган тахаллуслар остида ёзарди. Гарчи у бу даврда ёзган шеърларида ўша давр таомилига кўра янги тузумни олқишлаб:
Давр бизнинг давримиз,
даврон бизим давронимиз,
деб мадҳу санно ўқиса-да, бу давр уни сийламади, ҳатто қаторга ҳам қўшмади. Илло тараққийпарварлар матбуотида фаол иштирок этган, уларнинг ҳамфикри бўлган ҳар қандай одам бу даврнинг душмани саналарди. Даҳшатли қатағонлардан омон қолиши эса бу инсоннинг бахти эди. Шу боисдан Мўминжон ака бунга шукр қилгандай бутун умр индамай, бўйин эгиб қўлидан рўзғор халтаси тушмай ўтди. Унинг турмуш уринишлари шундай ўз ниҳоясига етди.
Мен бу қарияни танирдим…
Мухтор Худойқулов.
Assalomu alaykum, yaxshimisiz? QURBON Hayitingiz muborak bo’lsin. Sizga sog’lik-salomatlik, oilangizga farovonlik tilayman. Ushbu maqolangizni o’qib juda quvonib ketdim. Men shu insonning hayoti va ijodi bo’yicha ilmiy-tadqiqot ishi olib bormoqdaman. Siz bilan qanday bog’lansam bo’ladi? Mumkin bo’lsa iltimos telefon nomeringizni qoldirsangiz. Andijon davlat universiteti doktoranti Gulnozaxon Sherg’oziyeva.